Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳарририга берган интервьюси мамлакатимиз аҳолиси ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу суҳбатда Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги кундаги устувор вазифалар ҳақида сўз борган.
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, давлат раҳбарининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро мулоқоти кенг жамоатчиликни амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳакида тезкор хабардор қилишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Ушбу интервьюда мамлакатимизнинг ўттиз йиллик давр ичида эришган ютуқларига эътибор қаратилган. Унда, шунингдек давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистонни сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва ташқи сиёсат соҳаларида ривожлантириш борасидаги энг асосий концептуал қарашлари қамраб олинган.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида кейинги 5 йилда 300 дан ортиқ қонун, шу жумладан 6 та кодекс, Президентнинг 3 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари, давлат ва жамият қурилиши, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларига доир 15 та концепция қабул қилинди.
Шу қисқа муддат мобайнида қонунларни қабул қилиш жараёни 2,5 баробар ошди. Жумладан, мамлакатимиз Асосий қонунига киритилган 15 та қўшимча ва ўзгартиришлардан 8 таси сўнгги 4 йилда қабул қилинган.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев “Учинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон” концепциялари нимани англатиши ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.
Давлат раҳбари суҳбат давомида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил тўхталди.
Интервьюда бу соҳадаги ишлар: “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда”, дея эътироф этилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида янги Ўзбекистоннинг халқаро имижи сезиларли даражада ўзгарди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди.
БМТ Кенгашининг 2021 йил 22 февралда Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган 46-сессиясида Президентимиз муваффақиятли иштирок этди. Юртбошимиз томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 7 та устувор йўналиш бўйича 18 та аниқ ташаббус билдирилди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон 2021-2023 йиллар даврига мазкур Кенгаш аъзоси этиб илк бор сайлангани мамлакатимизда сўнгги беш йилда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамияти томонидан муҳим эътирофи бўлди.
Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди. Мамлакатимизнинг одам савдосига қарши кураш соҳасида эришган ютуқлари ҳам халқаро майдонда эътироф этилди.
Давлат раҳбарининг интервьюсини “Янги Ўзбекистон концепцияси ва стратегик ривожланиш дастури” деб таърифлаш мумкин. Бунга бир неча асослар мавжуд.
Биринчидан, бу – Президентимизнинг миллий оммавий ахборот воситаларига берган биринчи интервьюси бўлиб, унда Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва муҳим самаралари қайд этилди.
Иккинчидан, мазкур очиқ суҳбат давомида 11 та савол доирасида Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш соҳасида беш йилда бажарилган ишлар бўйича жамоатчиликка мухтасар ҳисобот тақдим қилинди.
Учинчидан, интервьюда мамлакатимиз тараққиётига оид олтита устувор вазифа белгилаб берилгани, ўз навбатида, давлат ва жамият олдида турган стратегик йўналишларнинг моҳиятини чуқур англаш ва мушоҳада этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Тўртинчидан, Президентимиз томонидан юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги тизимнинг моҳияти, жумладан “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилгани билан боғлиқ ижтимоий сиёсатнинг устувор тамойиллари кенг тушунтирилди.
Бешинчидан, Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, том маънодаги конституциявий давлат барпо этилганлиги ҳамда демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олганлиги яна бир бор қатъий эътироф этилди.
Олтинчидан, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича устувор йўналишлари белгилаб олингани ва бу борадаги янгиланишлар муҳим самаралар бераётгани, шу жумладан, “Марказий Осиё руҳи” иборасининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Еттинчидан, интервьюда мамлакатимизда ёшлар ва аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳақида батафсил сўз борди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳарририга берган интервьюси мамлакатимизнинг кечаги, бугуни ва эртанги куни, давлатимиз ва жамиятимиз ривожланишининг устувор йўналишлари тўғрисида очиқ ва самимий суҳбатдир. Ўз навбатида, Юртбошимиз унда илгари сурган янги ташабуслар барчамизга масъулиятли вазифаларни юкламоқда.
Мирзатилло Тиллабаев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари,
юридик фанлар доктори
- Қўшилди: 08.09.2021
- Кўришлар: 4404
- Чоп этиш