Янги Ўзбекистон ва минтақавий ҳамкорлик

Марказий Осиё халқаро институтида 18 октябрь куни “Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференцияда минтақа давлатлар раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик ва конструктив мулоқот мамлакатлараро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Кейинги йилларда минтақада янада мустаҳкамланган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ижобий натижалар қўлга киритилишида муҳим омил бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли қўшни мамлакатлар билан барча долзарб масалалар, жумладан, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир масалаларда келишувларга эришилди.

Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти директори A.Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари A.Саидов, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Aрзиев, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков, К.Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатли вакили Р.Хайне, Марказий Осиё давлатларининг мамлакатимиздаги элчилари сўзга чиқди.

Маърузачилар мустақиллик даврида Ўзбекистон давлат ва жамият қурилишида улкан натижаларга эришганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, сўнгги беш йилда мамлакатимиздаги кенг кўламли ўзгаришлар суръати ва шиддати бошқа мамлакатларга намуна бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларида улкан натижаларга эришилди. Экспертлар таъкидлашича, сўнгги тўрт йилда минтақа мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти ҳажми қарийб 25 фоиз ўсиб, 300 миллиард долларга етди.

Конференцияда қўшни давлатлар ўртасида иқтисодий интеграцияга эришиш учун минтақавий хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик соҳасида алоқаларни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Тошкент ва Душанбе ўртасидаги дўстлик узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичига кўтарилди. Бугунги кунда Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини стратегик шерикликнинг намунали модели дейиш мумкин, – деди Тожикистон Ташқи сиёсат маркази ташқи сиёсатни таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари М.Aбдужабборов.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг назарий жиҳатларини ўрганиш, инвестицион, транспорт-коммуникация, энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан илмий тадқиқотлар йўналишларини аниқлаш зарурлиги қайд этилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech