Янги Ўзбекистон ва янги сўз эркинлиги муҳити самаралари

11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида бўлиб ўтган «Cўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” китобининг тақдимотида Янги Ўзбекистонда янги сўз эркинлиги муҳити шакллангани алоҳида таъкидланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тайёрланган мазкур китоб ҳам шу эзгу муҳитнинг мўъжаз самараларидандир.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тақдимотга Агентликнинг Нашриёт-матбаа соҳаси ва китоб савдосини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Муҳиддин Омонов модераторлик қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Марказ ташаббуси билан нашр этилган “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” номли китоб Виндхук декларациясининг 30 йиллигига мўъжаз туҳфа бўлганини қайд этди. “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркуми доирасида нашр этилган ушбу тўпламда бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамланган.

Тўпламнинг биринчи бобида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалардан намуналар келтирилган. Учта муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация, Халқаро раддия ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция ҳамда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисида Виндхук декларацияси тўлиқ ҳолда ва илк бор ўзбек тилида чоп этилган.

Тўпламнинг иккинчи бобида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Африка давлатлари ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақавий ҳужжатларининг сўз, фикр ва ахборот эркинлиги билан боғлиқ нормалари тақдим этилган. Бунда Европа Кенгашининг Фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги тўғрисидаги декларацияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Америка конвенцияси, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Африка хартияси, шунингдек МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги конвенциясидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалар китобхон эътиборига ҳавола қилинган.

Тўпламнинг учинчи бобида ноҳукумат йўналишдаги халқаро анжуманлар ва нодавлат ташкилотлар қабул қилган сўз, фикр ва ахборот эркинлигига тааллуқли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган. Айниқса, Йоханнесбург принциплари, София Декларацияси, Таллуар Декларацияси каби халқаро ҳужжатлар, бир томондан, фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги борасидаги муҳим қоидалари билан машҳур бўлса, иккинчи томондан, ушбу ҳужжатларнинг матни биринчи марта ўзбек китобхонига давлат тилида тақдим этилгани аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад қайд этганидек, ҳуқуқ ва одоб – шахснинг ўзидан бошланади. Шу маънода, маърифий тарғибот кўлами ва миқёсини имкон қадар ошириш лозим. Бинобарин, ҳуқуқий   саводсизлик ҳолатлари тўла барҳам топмаган, қолаверса, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилидаги матнларини топиб ўқиш осон  бўлмаган ҳозирги вазиятда “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” каби китобларни ўқишдан аввало шахс, демакки бутун жамият манфаат кўради.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Акбар Нурматов тақдим этилган тўплам ҳуқуқшунослар, журналистлар ва шу соҳага қизиқувчи барча китобхонларга мўлжаллангани жуда муҳим эканига эътибор қаратди. “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркумида янги нашрдан чиққан ва тақдимот доирасида иштирокчиларга тарқатилган бошқа китобларнинг аҳамияти хусусида ҳам атрофлича фикр юритди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг фикрича,  қарийб элликта халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидаларини ўзида жамлаган “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” китоби, шунингдек 2 мингдан ортиқ махсус атаманинг ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги таржималари ўз мужассамини топган “Инсон ҳуқуқлари бўйича атамалар луғати” ҳамда сайлов ҳуқуқи борасидаги 500 дан зиёд тушунча киритилган “Сайлов ҳуқуқи атамалари луғати”нинг нашрдан чиқарилгани ва беғараз тарқатилаётгани Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг маърифатпарвар аждодларимиз анъаналарига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Тақдимот доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш истиқболлари ҳақида ҳам сўз борди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech