12 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади. Қонун матбуотда расмий эълон қилинди ва кучга кирди.
Шу йил 5 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида таъкидланганидек, бугунги кунда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Айниқса, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан мамлакатимизда вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга, тақиқланган ёки ғайриқонуний бирлашмалар фаолиятига жалб қилиш ҳамда вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш ва бундай ҳаракатларни содир этганларнинг жавобгарлигини сўзсиз таъминлашда қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Янги Қонун ушбу тизимли чораларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Жумладан, Жиноят кодексида ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш учун жавобгарлик кўзда тутилди.
Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги белгиланмоқда. Бу билан вояга етмаганларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш орқали нафақат ўн олти ёшгача, балки ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, яъни бола ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси кафолатланади.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёшини 18 ёш этиб белгиланди.
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахснинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлгани ҳолда уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди, дейилади t.me/huquqiyaxborot телеграм канали хабарида.
Ушбу жиноятни содир этган шахсга 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ушбу жиноятни содир этган шахсга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Бу эса вояга етмаган шахсларни ғайриқонуний жамоат бирлашмаларига жалб қилиш учун кескин чоралар кўриш орқали вояга етмаганларнинг мазкур жиноятлар қурбони бўлиши хавфининг олдини олишга хизмат қилади. Яъни, бола манфаатларининг давлат томонидан кафолатли ҳимоялашни янада кучайтиради.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахс тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.
Бу, ўз навбатида, вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради. Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида жавобгарликни оширади.
Шу муносабат билан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги тегишли норма чиқарилди. Бинобарин, илгари маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш такрор содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу тариқа халқаро майдонда давлатимиз нуфузи ошишига, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга ёрдам беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.02.2021
- Кўришлар: 5696
- Чоп этиш