Европада ўзбекистонлик мигрантлар қанча маош оляпти?

Инсоният яралибди-ки, мудом бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юради. Бу анъана кўплаб омиллар билан боғлиқ.

Кимдир яхши иш, сифатли таълим, иқтисодий манфаат истаб ёки оилани бирлаштириш учун ҳаракат қилса, бошқа биров можаро, террор ёки инсон ҳуқуқи бузилишидан қочишга мажбур. Баъзан иқлим ўзгариши, табиий офат ёки бошқа экологик омил таъсирида, эҳтимол, яхши иш, маош қидириб, бошқа жойга кўчиш, яшаш тарзини ўзгартиришга ҳам тўғри келмоқда.

Миграция бўйича халқаро ташкилот таърифича, инсонларнинг одатий яшаш жойидан халқаро чегара орқали ёки муайян давлат чегараси ичида кўчиши миграция дейилади.

Айниқса, меҳнат миграцияси бугунги кунда бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. Айрим давлатларда меҳнат мигрантларига талаб ортаётган бўлса, бошқаларида ишсизлик авж олмоқда.

Меҳнат миграцияси – табиий жараён. Турли замонларда бир гуруҳ давлатлар мигрантларни қабул қилган, иккинчи гуруҳ мамлакатлар жўнатувчи ҳисобланган. Кўпинча миграциядан қайтган инсонлар ўз давлатлари ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.

Мамлакатимизда меҳнат миграцияси соҳасини ривожлантириш, қонуний миграция жараёнини ташкил этиш, мигрантларимиз ҳуқуқи, манфаатини ҳимоя қилиш, дунёнинг турли давлатлари билан айни йўналишда ҳамкорлик қилиш борасида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йил Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 26 хорижий давлат ташқи меҳнат бозори ўрганилиб, 197 салоҳиятли иш берувчи ва рекрутинг агентлиги билан музокара ўтказилди.

– Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларимиз ўртача 1,8 миллион кишини ташкил этади, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Жаҳонгир Худойхўжаев. – Ҳамюртларимизнинг хориждаги иш фаолияти, асосан, қурилиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, савдо, умумий овқатланиш, коммунал ва маиший хизмат соҳаларини қамраб олган. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Корея Республикасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича кўплаб йўналишларда, Туркия ва БААда савдо, умумий овқатланиш, ижтимоий таъминот (ёлғиз яшаётган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож кекса, ногирон ва ёш болаларга якка тартибда қараш ва уларни парваришлаш), АҚШ ва Европа давлатларида эса саноат, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва логистика, ижтимоий таъминот соҳаларида фаолият юритмоқда.

Таҳлиллар натижасига кўра, Ўзбекистон меҳнат бозори учун йил бошидан буён 30 мингга яқин иш ўрни аниқланди. 21 минг 595 фуқаро Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия, Литва, Болгария, Германия, Польша, Япония, Руминия сингари давлатларда манзилли ва уюштирилган тартибда ишга жойлаштирилди.

Бугунги кунда меҳнаткаш халқимизда нафақат Россия, Жанубий Корея, сингари йирик иш берувчи давлатлар, балки Европага ҳам бориб ишлаш истаги юқори. Шу боис, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан музокара олиб борилмоқда. Хусусан, Германиянинг “German Industry & commerce”, “The International Placement People”, “Carlantis Global Consulting HR”, “CBZ München GmbH”, Канаданинг “AIT”, “Work Global Canada” компаниялари, Болгариянинг “JYP Global kft”, “YSP JOB SOLUTION”, “Excellence Solutions Group”, “TRZ” “Work Bolgari”, Литванинг “UAB ERNILE” “Omniteksas” “Balticworks”, “MUREKA” “Hegelmann Group”, “Transporto vystymo grope”, “MKZ Logistik GmbH” “Labour Market” Латвиянинг “Belleprom”, Руминиянинг “R.A.B. Romania”, Сербиянинг “Mamminger Konserven” SRB, Исроилнинг “PIBA”, Финляндиянинг “Smart workers”, Польшанинг “Interspacework group”, “PLPK”, Япониянинг “JICA”, “Nomura Co. Ltd”, “Link Asia Cooperative”, “Deyarli har kuni Tokai BS” ва “Shimizu Corporation”, Кореянинг “Samsung Heavy Industries”, “BUM HO”, Монголиянинг “NСD Precon” сингари юзга яқин хорижий компаниялар билан учрашув, музокара ўтказилди.

Музокара натижасида Ўзбекистон Республикасидан ишчи кучи жалб қилиш бўйича 58 иш берувчи ва рекрутинг агентлиги билан шартнома имзоланди.

Ҳамма ҳам меҳнатга яраша ҳақ олиш, яхши даромад орттиришни исташи табиий. Шу ўринда Европа давлатларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қанчадан маош тўланади, деган табиий савол туғилади.

Агентлик тақдим этган маълумотга қараганда, айни кунда кўҳна қитъада мигрантларга иш берувчи томонидан 1500-2000 доллар миқдорида ойлик маош бериляпти.

Фуқаролар Агентлик томонидан, иш берувчи талабига кўра, бир неча мезон асосида саралаб олинади. Жумладан, ишчининг ёши, хорижий тилни билиш даражаси, касб малакаси эътиборга олинади.

Яна бир йирик лойиҳа – Германиянинг “Nova Agency” ташкилоти билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига асосан, Ўзбекистон фуқаролари 10 ойлик дастур асосида немис тилига ўқитилмоқда. Германияга ишга жалб қилиш мақсадида, келишув асосида “Nova Agency” ташкилоти томонидан танлаб олинган номзодлардан 36 нафари иш берувчи маблағи ҳисобидан ўқитиляпти. Лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар 316 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Швейцариянинг “GLOBOGATE Recruiting GmbH” ташкилоти билан имзоланган ҳамкорлик шартномасига асосан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфидаги Ходимлар малакасини ошириш курслари, Чилонзор, Ангрен ва Нукус касбга ўқитиш марказлари биносида фуқароларни немис тилига ўқитиш учун курслар ташкил этилди. Битирувчиларга Германияда тан олинадиган немис тилини билиш даражаси сертификати берилади ва улар Германияда иш билан таъминланади.

Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда дунёнинг ривожланган давлатларидаги янги корхона ва ташкилотлар билан эришилган келишувлар бўйича ушбу давлатларга ишга жўнатилган юртдошларимиз ҳақида иш берувчилар томонидан ижобий фикрлар билдирилмоқда. Бу ҳолат кейинчалик мазкур давлатларга Ўзбекистондан миграция оқимининг кенгайишига ёрдам беради.

Афсуски, ишга кетган меҳнат мигрантларининг баъзилари иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик ёки алданиб қолиш сингари нохуш ҳолатларга тушиб қолгани ҳақида ҳам эшитамиз. Тақдим этилган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан меҳнат мигрантларининг иш берувчи томонидан тўланмай турган 516,8 минг доллар иш ҳақи ва пуллик компенсацияси ундириб берилди. 133 минг меҳнат мигранти ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек, микроқарз кафолати ва таваккалчилиги суғурта қилинган.

Умуман, ноқонуний миграция оқибатини, хавфсиз ва ижтимоий кафолатланган меҳнат миграцияси афзаллигини англаётган, фақат расмий йўллар орқали хорижда ишлаш истагини билдираётган юртдошларимиз сони ошмоқда.

Хорижда ишлаш давомида тажриба орттириб, янги ғоя ва аниқ режа билан Ўзбекистонга қайтиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган, ишлаб топган сармоясини келажаги учун йўналтираётган инсонлар кўпайиб бораётгани мамлакатимизда янги иш ўринлари яратилиши, кўплаб оилалар фаровонлиги таъминланишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, оиласини боқиш, уй-жой қуриш, фарзандларини етук инсон қилиб камолга етказиш мақсадида хорижда ишлашни, мусофирликни бўйнига олган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Зеро, улар нафақат оиласига, балки жамиятга, давлатга ҳам наф келтирмоқда. Юртимиз обод ва фаровон бўлишига муносиб ҳисса  қўшяпти.

Гўзал САТТОРОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech