Ҳаракатлар стратегиясининг 2020 йилдаги ижросига қаратилган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида, жумладан, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича “Ўзбекистон ёшлари — 2025” концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганди. Шу асосда 2021 йил 18 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур Концепция БМТнинг “Ёшлар — 2030” стратегиясида белгиланган “Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш” бош тамойилига асосланади, дейилади strategy.uz сайти хабарида. Ҳужжат билан Концепцияни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси”га кўра, жумладан:
- “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси бўйича ёшлар иштирокида кенг доирада муҳокамалар уюштириш;
- Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари, ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини ва “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини шакллантириш;
- ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш;
- халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форуми ва стартап тадбирларини ўтказиш;
- маиший зўравонликка учраётган ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш;
- Биз биргамиз” шиори остида волонтёрлар форумини ташкил этиш;
- барча Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчиларнинг инсон омилидан зарар кўриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ҳудудий мониторинг гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2021 йил якунига қадар 102 та туман (шаҳар)да рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш вазифалари белгиланган.
Концепцияда, шунингдек:
- ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш;
- ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш;
- ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш;
- уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;
- тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш;
- ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш;
- ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;
- улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш;
хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган “Беш муҳим ташаббус”ни амалга ошириш вазифаларини бажариш назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.02.2021
- Кўришлар: 4604
- Чоп этиш