Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – Ўзбекистоннинг БМТ Кенгашидаги фаолиятида устувор йўналиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятининг устувор йўналиши экани ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади”.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият олдида турган муҳим вазифалардан бири – бу ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишдир. Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ­Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция жаҳон мамлакатлари қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётини ёшларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий талаблари асосида ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилади. Мазкур Конвенцияни қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилгани муайян ижтимоий ва миллий ҳуқуқий асосларга эга.

Ўзбекистонда ёшлар мамлакатда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларининг асосий ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Бинобарин, мамлакат аҳолисининг 54 фоизини 30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Бу демографик хусусият ёшларни қўллаб-қувватлаш  соҳасида салмоқли ижтимоий тажриба ва эҳтиёж шаклланиши заруриятини кучайтирди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун шарт-шароитларни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилик 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида тизимлилик ва изчиллик тамойилларига мувофиқ ривожланди. Ўтган даврда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 50 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Давлат дастурида БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш белгилаб қўйилган. Мазкур тадбир доирасида жаҳон мамлакатлари ёшлари ўзаро мулоқотга киришиб, ёшлар олдида турган муаммолар, уларнинг ечимлари, ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича илғор миллий тажрибалар ҳамда ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро асосларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича уч поғонали миллий механизм шаклланди.

Биринчи поғона – ёшларга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, ёшлар учун шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширувчи ихтисослашган давлат органи – Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташкил этилди. Агентлик ёшлар масаласида бошқа вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар билан узвий алоқа ўрнатади, ёшлар бўйича дастурларнинг бажарилишида қатнашади ва турли тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, ёшлар масаласида мамлакатдаги ҳолатнинг эксперт таҳлилини амалга оширади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича йўл хариталари тасдиқланди. Бу муҳим ҳужатлар воситасида ёшлар муаммоларини ҳал қилишга тизимли ёндашиш таъминланди.

Иккинчи поғона давлат ҳокимиятининг олий, марказий ва маҳаллий органлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ёшлар сиёсати бўйича қонунчиликни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлис Сенати қошида 100 нафар ва Қонунчилик палатаси қошида 250 нафар фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат Ёшлар парламентлари, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ташкил қилинди.

Учинчи поғона – ёшлар ташкилотлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ёшлар сиёсатини рўёбга чиқаришнинг асосий иштирокчисига айланмоқда.

Ёшлар ташкилотларини бирлаштирувчи, улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи миллий институт – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаклланди. Республикада ёшлар манфаатларини ҳимоя қиладиган 830 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти ва жамоат бирлашмалари фаолият олиб бормоқда.

Шундай қилиб, Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида ёшлар ҳуқуқларини таъминлашга устувор аҳамият берилиши Ўзбекистоннинг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги миллий тажрибаси ва халқаро ташаббуслари изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.  

Ўткир Очилов,
Марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
халқаро шартномаларни имплеметация
қилиш бўлими бошлиғи

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech