Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари: халқаро тажриба

Хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми, цивилизациянинг энг муҳим ютуқларидан биридир.

Инсон ҳуқуқлари ҳамда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг тан олиниши учун халқаро миқёсдаги ҳаракатлар тарихида муҳим босқич Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларда бошланди. 1945 йил июнь ойида уруш якун топгач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йилнинг 10 декабрида инсон ҳуқуқлари хартияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг иккинчи моддасида Декларацияда баён қилинган ҳуқуқ ва эркинликларга ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, эътиқоди, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулк, табақа ёки бошқа мансубиятидан қатъи назар, барча инсонлар тенг равишда эгалиги қайд этилган бўлиб, у ҳозирда миллий ва халқаро антидискриминацион қонунчиликка асос саналади.

Инсон ҳуқуқпарининг индивидуал табиати ҳақидаги эътирофдан воз кечиш ва аёллар ҳуқуқларининг алоҳида, аввало, дискриминацияга учровчи, ижтимоий гуруҳ сифатида тан олиниши инсон ҳуқуқларининг учинчи (сиёсий, фуқаролик ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлардан кейинги) авлоди шаклланиши билан боғлиқ. У ижтимоий, сиёсий, жисмоний ва бошқа сабабларга кўра барча инсонлар учун умумий бўлган ҳуқуқ ва эркинликпарни амалга оширишда бошқалар билан тенг имкониятга эга бўла олмайдиган ва шу боисдан давлат томонидан ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қўллаб-қувватланишга муҳтож фуқаролар тоифаси ҳуқуқларини қамраб олади.

Шу боис БМТ томонидан Аёлларга нисбатан дискриминацияни бартараф этиш декларацияси (1967 й.) ҳамда Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларини бартараф этиш ҳақидаги конвенция (1979 й.) қабул қилинган. Айнан иккинчи ҳужжатда аёлларнинг коллектив ва индивидуал ҳуқуқпари ҳимояси масаласига кучлироқ урғу берилган. Хусусан, 1979 йилги Конвенциянинг 1-моддасига мувофиқ, “аёлларга нисбатан дискриминация" тушунчаси жинс белгилари асосида, хотин-қизларнинг, оилавий аҳволидан қатъи назар, аёл ва эркак тенглигига таяниб, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиш, уларни тан олмасликка қаратилган ҳар қандай чеклов ёки тақиқни билдиради”. Айни пайтда Конвенциянинг 4-моддасида аъзо-давлатлар томонидан оналикни ҳимоялаш, шунингдек, аёллар ва эркакларнинг фактик тенглигини ўрнатишни жадаллаштиришга йўналтирилган махсус муваққат чоралар дискриминация саналмаслиги таъкидланади.

Умуман олганда, ўтган асрнинг 70-йиллари дунё миқёсида аёллар тенг ҳуқуқлилиги масалаларида уйғониш, жадаллашув сезилган давр бўлди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, 1975 йилнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро аёллар йили, деб аталиши, 1976-1985 йиллар оралиғидаги даврнинг эса “Тенглик, тараққиёт, тинчлик” шиори остида БМТ Аёллар Ўн Йиллиги эълон қилиниши фикримиз исботидир. 1979 йилги БМТ Конвенцияси эса эркак ва аёлларнинг ҳуқуқий асосга бўлган ҳуқуқ ва имкониятларини тенглаштириш вазифасини кўндаланг қўйган, мазкур масалага бағишланган принципиал аҳамиятли илк халқаро ҳужжат бўлди.

1985 йилда аёллар аҳволи юзасидан Найроби (Кения)да ўтказилган халқаро конференция “гендер тенглиги” тушунчасига янгича мазмун бағишлади. Тенгликка фақатгина ҳуқуқий тушунча, яъни дискриминациянинг бе )иге бартараф этилиши эмас, балки аёлларнинг тараққиёт жараёнида нафақат истеъмолчи (бенефициар), балки фаол ҳаракатланувчи куч сифатида иштирок этиши учун имконият, шарт-шароит ва ҳуқуқлар тенглиги сифатида ёндашила бошланди. Европа, хусусан, Скандинавия мамлакатлари миқёсида бу ҳолат ҳуқуқий давлатларнинг ҳуқуқий ижтимоий давлат шаклига ўзгариши билан изоҳланади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ҳам гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқ ва эркинликпари ҳимояси масалаларида самарали давр бўлди. Жумладан, ҳарбий зиддиятлар даврида энг кўп азият чекадиган қатлам аёллар ва болалар эканлиги инобатга олинган ҳолда, 1993 йил Венада ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция кун тартибига аёлларнинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари умуминсоний ҳақ-ҳуқуқларнинг ажралмас таркибий қисми эканлиги ҳақидаги масала қўйилди. Вена конференциясида қабул қилинган ҳужжатлар ҳарбий ихтилофлар даврида аёллар ҳуқуқларининг бузилишини инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг таянч тамойилларини бузишга тенглаштирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена халқаро конференцияси Бош Ассамблеяга Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида декларация қабул қилишни таклиф қилди ва мамлакатларни бундай шармандали ҳолат билан курашишга чорлади. Ўша йили — 1993 йилнинг 20 декабрида Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ҳақида декларация қабул қилинди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар БМТ органларига инсон ҳуқуқлари борасида тақдим этадиган ҳисобот маърузаларига аёлларга нисбатан зўравонлик ва унга қарши кўрилаётган чораларга оид маълумотлар, шунингдек, мазкур масаладаги тенденциялар таҳлилини ҳам киритиши лозим бўлди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Комиссияси томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик масалалари юзасидан махсус маърузачи тайинланди.

Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар ҳуқуқлари учун миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган хатти-ҳаракатлардан қатъи назар, маиший зўравонлик, тажовузлар, иш ҳақларидаги номутаносиблик, меҳнат ҳуқуқпарининг камситилиши каби муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда.

 

 

Севара ИШМУРАТОВА, “Демократлаштириш ва инсон
ҳуқуқлари” журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech