Қийноқларга қатъий қаршимиз

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенция”си 1984 йил 10 декабрда Нью-Йоркда қабул қилинган ва 1987 йил 26 июнда кучга кирган. Конвенциянинг иштирокчи –давлатлари ўз юрисдикцияларидаги ҳар қандай ҳудудда қийноқ ҳолатларининг олдини олиш учун самарали қонунчилик, маъмурий, суд ва бошқа чораларни қўллаш мажбуриятини зиммасига олади.

Ўзбекистон Республикаси 1995 йил 31 августдан мазкур Конвенция иштирокчиси ҳисобланади.

Республикамизда қийноқларга, шафқатсиз муомалада бўлиш, инсоннинг қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг амалда ижроси таъминланмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 30 ноябрь куни қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни сўзсиз ва оғишмай таъминлаш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида ПФ-5268-сонли “Суд тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни қабул қилдилар.

Биламизки, бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар эрки, ҳуқуқи чекланган шахсларга нисбатан ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан содир қилинади.

Фармон талабларига кўра, процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:

жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд кадр-қимматни камситувчи муомала турларини кўллаган ҳолда олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва қайд этилган Фармон талабларидан келиб чиқиб, 2018 йил 4 апрелда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Қонунга кўра, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди.

Ушбу модда талаблари Қийноқларга қарши конвенциянинг 1-моддасига мослаштирилди.

Қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан зўравонлик, қийноқлар ва рухсат этилмаган хатти-ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Жазони ижро этиш муассасаларида 2800 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди, улардан 1920 таси жазони ижро этиш колонияларида, 880 таси тергов ҳибсхоналаридаги ускуналар ташкил этади. Ички ишлар вазирлигининг барча тергов изоляторларида, тергов тадбирларини ўтказиш хоналарида 123 та видеокузатув камералари ўрнатилган. Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторларида терговчилар учун 43 та хонанинг 42 тасида овоз ёзувчи мосламалар билан бирга видеокузатув камералари ва реабилитация марказларида 283 та видеокузатув ускуналари ўрнатилган.

Бундан ташқари, фуқароларнинг кундалик турмуши жараёнида ички ишлар органлари ходимлари билан мулоқотда бўлишлари эътиборга олиниб ҳамда қийноқ билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаслик, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилинишининг олдини олиш мақсадида, 2020 йил якунига қадар тизимда 485 та алоҳида махсус сўровхона ташкил этилиб, олиб келинган фуқаро билан мазкур хоналарда суҳбат ўтказилиши йўлга қўйилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;

жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш Миллий стратегиянинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Шу йили 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041 Фармони 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган 2-устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича яна бир муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди.

Унда инсон ҳуқуқлари бузилиши, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар кўрсатиб ўтилган.

Фармонда, адвокатлик фаолияти билан боғлиқ бир қанча масалалар алоҳида кўрсатилган. Хусусан,

  • тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);
  • шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;
  • жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;
  • ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.

Шунингдек, Фармоннинг 3-бандида белгиланган процессуал ҳуқуқлар, яъни,

  • агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида;
  • агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномаларни судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга, хусусан адвокатга бериш белгиланди.

Адвокатларга бундай ҳуқуқлар берилиши унинг ҳимоясида бўлган шахсларга нисбатан турли хил ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, содир этилганларини эса “иссиғида” фош этиш имкониятини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 26 март кунги ПФ-6196-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси вазирлик ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Фармонга кўра, Департамент бевосита ички ишлар вазирига бўйсуниши ва вазирнинг зиммасига жиноий жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш ва унда қатъий интизомни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Шунингдек, ички ишлар органларининг барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмавий-функционал бўйсунувидан чиқарилиб, Департамент бўйсунувига ўтказилиши, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва уларда кунлик назоратни олиб бориш Департамент тизимида ташкил этиладиган 6 та минтақавий мувофиқлаштириш марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Хуллоса қилиб айтганда, мамлакатимизда қийноқларга қарши курашиш, бундай ҳолатларга барҳам бериш борасида ҳам амалий, ҳам назарий ишлар олиб борилмоқда.

Зероки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

 

Отабек Норбоев
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech