Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг 2025 йил 9 ойида амалга оширилиши юзасидан мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади:
1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 78 бандидан 69 банди (88 %) тўлиқ бажарилди, 2 банд (3 %) назоратдан ечилди, 7 бандни (9 %) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
2. 2025 йил 9 ойида Миллий стратегия доирасида 10 та қонун, 14 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда 14 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
3. Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш доирасида 2025 йил ўтган даврида давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Жумладан:
Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2025 йил 8 февраль куни тасдиқланган режа асосида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курсларини ўтказиш белгиланди. Режага мувофиқ 2025 йилда Жиззах (24–25 февраль), Сирдарё (26–27 февраль), Навоий (22–23 май), Тошкент (3-4 июль) ҳамда Фарғона, Андижон (15-16 сентябрь) вилоятларида миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида онлайн ва офлайн форматда ўқув курслари ташкил этилди. Ушбу ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан судьялар, ички ишлар, прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 444 нафар ходимлари иштирок этди.
Шунингдек, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича 2025 йил 9 ойида давомида уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида суд амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиҳатларга бағишланган давра суҳбати, “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш”мавзусида икки кунлик тренинг, “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида тўрт кунлик ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Ўқув тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишда бевосита иштирок этаётган вазирлик ва идоралар вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларидан иборат 117 нафар тингловчи иштирок этди.
4. “Йўл харитаси”нинг 6-бандини амалга ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари уйи”да ҳозирги кунга қадар жами 27 та турли мавзулардаги тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирлардан 6 таси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳамда Россия олимлари томонидан яратилган монографиянинг тақдимот тадбирлари, 6 таси китоб тақдим этиш маросими, 4 таси инсон ҳуқуқларига оид ўқув машғулотлари, 5 таси турли мавзуларга оид маҳорат дарслари, учрашувлар, давра суҳбати ва маънавий-маърифий тадбирлар шулар жумласидандир.
2025 йил 9 ойи давомида “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётларни 4 та ахборот-кутубхона марказига, 2 та олий таълим муассасасига ҳамда турли идора ва ташкилотларга жами 380 номдаги 1414 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт беғараз тақдим этилди. Шунингдек, Миллий марказ томонидан 10 та конференция материаллари тўплами ва халқаро ҳужжатлар тўпламлари чоп этилди.
5. “Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жами 5 та тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Ушбу тадбирлар 3 та давра суҳбати, 1 та халқаро жамоатчилик маслаҳатлашуви ва 1 та идоралараро семинар шаклида ўтказилди. шаклида ўтказилди.
2025 йилда Марказ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиларнинг ҳамда якка тартибдаги мурожаатлар бўйича жами 71 та ҳужжат келиб тушди. Шулардан 60 та ҳужжат Махсус маърузачилар ҳамда якка тартибдаги мурожаатларда келтирилган масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказ томонидан жавоб хати тайёрланиб, махсус маърузачига тақдим этилди.
6. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назорати ролини ошириш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий мониторинг амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:
· 2025 йил 9 ойида Бухоро вилоятидаги ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талаблари бажарилиши устидан мониторинг, хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши юзасидан Навоий ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Андижон вилояти Қўғонтепа шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг қамровли мониторинглар, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, хусусан, “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш ҳолати бўйича Андижон вилоятидаги давлат олий таълим муассасаларида мониторинглар ўтказилди. Мониторингларнинг асосий мақсади – иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) талаблари бажарилиши устидан назоратни мустаҳкамлашдир.
2025 йил 3 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси” лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Семинарда давлат органлари ходимлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари хамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш доирасида 2025 йил 4-5 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартномавий органлари ва алоҳида ҳолатлар бўйича махсус тартиб-қоидалари тавсияларини жорий этиш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
7. Йўл харитаси”нинг 71-бандини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар ва уларнинг тузилмалари билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, улар билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва битимлар тузиш ишлари давом эттирилди.
2025 йил 21–22 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияда Ўзбекистон вакили 2025–2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
2025 йил 30 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида ҳуқуқий коллоквиум ўтказилди. Тадбир Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькованинг ташрифи доирасида ташкил этилди. Унда миллий стратегия ижроси ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2025 йил 19 август куни Марказ директори Акмал Саидов Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго билан учрашди. Суҳбатда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
2025 йил 3 сентябрда А.Саидов ва ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори К.Фирон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик институтларни ривожлантириш соҳасида қўшма ташаббусларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
2025 йил 12 сентябрда Марказда Марказий Осиё мамлакатлари болалар ҳуқуқлари бўйича вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди. Суҳбатда болалар ҳуқуқларини таъминлашда халқаро тавсияларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаол иштироки муҳимлиги таъкидланди.
2025 йил 24 сентябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўлими раҳбари М. Богнер билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда БМТ ҳужжатлари электрон ресурс базасини яратиш ва қўшма семинарлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
2025 йил 2 октябрда Тошкентда “МДҲ ягона меҳнат бозорини шакллантириш доирасида миграция сиёсатини такомиллаштириш” мавзусида Ўзбекистон–Россия давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда Россиянинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш кенгаши ва “Петербург мулоқоти” форуми ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекча
English
Русский