ИНСОН ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИ ЙЎЛИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг

30 йиллик тарихи ва ишончли истиқболи айни шу тамойилга таянади

 

Женева шаҳрида 2022 йил 28 февраль – 4 март кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Сессиянинг Олий даражадаги сегменти мажлисида 2 март куни мамлакатимиз делегацияси раҳбари Акмал Саидов сўзга чиқди. Бундан роппа-роса 30 йил олдин айни шу санада Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилот ва мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 49-сессияси тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқлари мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда марказий ўрин эгаллайди, – деди А.Саидов. – Бинобарин, Ўзбекистон “БМТнинг инсон манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатга даъвати” ни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.

 Энг муҳими, жамиятимизда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда. Янада эътиборлиси: “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида 2020 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланган. Мамлакатимиз 2021 йил 1 январдан бошлаб бу борадаги вазифасини бажариб келмоқда.

2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти сайлови миллий қонунчилик ва халқаро сайлов андозалари талабларига мувофиқ ҳолда ўтказилди. Ушбу сайловда ЕХҲТ ва МДҲнинг анъанавий қатнашиб келадиган миссиялари билан бир қаторда, илк бор Европа парламентидан ҳам кузатувчилар иштирок этди.

         Бугунги кунда 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби доирасида Барқарор тараққиётнинг миллий мақсадларига эришиш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бунда “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” принципига сўзсиз амал қилинмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда 2021 йил июнида Бухорода "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик" халқаро форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 49-сессияси минбаридан халқаро жамоатчиликни яна бир бор БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

– Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммасига олган мажбуриятлари доирасидаги фаолияти ҳақида мухтасар сўзлаб берсангиз?

– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 49-сессиясида айни шу мавзуда ҳам сўз юритилди. Хусусан, мамлакатимиз 2021 йилда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Ўтган йил декабрида эса “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти” шафелигида, фуқаролик жамиятининг хотин-қизлар ташкилотлари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси иштирокида минтақавий форум ўтказилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йил августида Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу форумни ўтказишда кўрсатган ёрдами учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига миннатдорчилик изҳор этдик. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Ёшлар ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимини жорий этиш борасидаги Ўзбекистон ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун ҳам мамлакатимиз номидан ташаккур билдирдик.

Сўнгги йилларда юртимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш соҳасидаги ҳолат  тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли кучайтирилди. Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий механизм фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик чоралари кўрилди.

БМТнинг фуқаролиги йўқ шахслар сонини камайтиришга оид чақириғига жавобан, 2020 йилда мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва шу асосда қисқа даврда 70 минг нафардан зиёд фуқаролиги йўқ шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сифатида эътироф этилди.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси билан боғлиқ ишлар халқаро жамоатчилик эътиборини тортдими?

– Албатта. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни имкон қадар кенг ёритиб бердик.

Жумладан, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқлангани, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонун қабул қилингани, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари таълими бутунжаҳон дастурининг тўртинчи босқичи доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилгани каби амалий натижаларга эътибор қаратилди.

Бу ўринда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан амалий ҳамкорлик ва мунтазам мулоқотни йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаш лозим. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳам айнан мазкур Бошқарма билан ҳамкорликда 2020 йил июнида ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда.

Ушбу Миллий стратегия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталари тасвияларини бажаришни кўзда тутади. Уни қабул қилишда нафақат эксперт доиралар, балки кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг фикри ҳам инобатга олинган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол қатнашмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида бизнес ҳамжамиятнинг масъулиятини, жумладан, “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш йўли орқали кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси билан биргаликда бу йил “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумини ўтказиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат халқаро жамоатчилик вакилларини ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга таклиф қилдик. 

– Акмал Холматович, 1992 йил 2 мартда мустақил Ўзбекистон давлати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлганди. Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлигининг 30 йиллик тарихига оид фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

–  Бундан 75 йилдан кўпроқ вақт олдин ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. Йирик ва кичик, бой ва камбағал давлатлар, турли сиёсий қараш ва тузилмага эга мамлакатлар БМТ аъзолари бўлиши мумкин, уларнинг барчаси овоз бериш ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқларига эга. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда. 

БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Мамлакатимиз БМТ ва унинг қатор ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқа халарқа ташкилотлар ишида фаол иштирок этиб келмоқда. 

1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилди. Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастури, фонд ва агентликлари, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастур, Гендер тенглик, Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмалари фаолият кўрсатмоқда.

Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ бош котиблари – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили – амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган.  

Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва ваколатларига қатъий риоя этади, ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, БМТ фаолиятининг барча соҳаларига доир ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради. 

Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатади. 

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги беш йилда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46- сессиясида онлайн шаклда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди.

Бу нуфузли анжуманларда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги ташаббусларини эълон қилди. 

– Айниқса, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилган кейинги беш йил БМТ билан ҳамкорлик алоқаларимиз учун тубдан янги босқични бошлаб берди. Шундай эмасми?

Чиндан ҳам, Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеяси қатор махсус резолюцияларининг қабул қилинишида намоён бўлади. Жумладан, қисқа даврда: «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт», «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» бўйича резолюциялар қабул қилингани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шу билан бирга, БМТ шафелигида бир қанча халқаро конференциялар ташкиллаштирилди. Хусусан, 2017 йил ноябрида Самарқандда “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлида ҳамкорлик” конференцияси, 2018 йил мартида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида, 2021 йилда Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумлар ўтказилди. 

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси тасдиқланди. Унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Хусусан, барча мандат эгаларига мамлакатимизга ташриф буюриш учун доимий таклифнома йўлланди. Шубҳасиз, биргаликдаги ишларимиз Ўзбекистонда ислоҳотларнинг изчил ва самарали амалга оширилишида мустаҳкам асос бўлади. 

Бу ўринда 2021 йил декабрида Ўзбекистонга БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим. БМТ Махсус маърузачисининг тавсиялари асосида унинг таклифларини амалга оширишга қаратилган Миллий режа ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилда БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачиси юртимизга ташриф буюради.

Бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, барқарорликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти ортиб бормоқда. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 49-сессиясида ҳам Россия билан Украина ўртасида қуролли можаро юз берган ҳозирги вазиятда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши масаласи кенг муҳокама этилди.  БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет ҳарбий ҳаракатларга иложи борича тезроқ чек қўйиш ва тинч мулоқотлар йўлига ўтишга қаратилган қатъий ёндашувларини баён этди.

 Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор ўз тасдиғини топган. Шу асосда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида энг юксак стандартларга содиқлигини намоён қилишга астойдил интилмоқда.

Ғулом Мирзо суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech