Ирқий камситишни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ислоҳотлари

Барча мамлакатлар томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсади аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек 1965 йил 21 декабрда кўплаб мамлакатлар томонидан қабул қилинган Ирқий камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ҳаётга татбиқ қилишдан иборат.

Мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатда ирқий тафовутга асосланган ҳар қандай ирқий устунликка эришиш сиёсати ғайриқонуний эканлиги, аҳлоқий ва расмий жиҳатдан қораланиши таъкидланган.

Конвенциянинг 8-моддасига асосан иштирок этувчи давлатлар ҳисоботларини ва агар масала унинг вазифаси доирасига кирадиган бўлса, конвенция шартлари бузилаётгани тўғрисидаги алоҳида шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқадиган халқаро назорат органи - Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмита ташкил этишни кўзда тутган.

1970 йилдан буюн БМТнинг шартномавий органи сифатида фаолият олиб борувчи орган Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмита ташкил этилди, Конвенцияга аъзо-давлатлар тўрт йилда бир марта Қўмитага Конвенция қоидаларини ўша давлат миллий қонунчилигида қандай акс эттирилаётганилиги тўғрисида маъруза тақдим этиши лозим. Икки йилда бир марта эса, мамлакатдаги вазият бўйича янги маълумотларнинг қисқача маърузасини тақдим қилишлари зарур бўлади. Ўзбекистон Республикаси Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга 1995-йил 28-сентябрда қўшилган ва юқорида айтиб ўтилган қўмитага ўндан ортиқ миллий маърузалар юборди.

2019 йил 3-4 декабрь кунлари Швейцариянинг пойтахти Женева шахрида БМТ Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитасининг 100-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирокида конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Ўнинчи – Ўн иккинчи қўшма даврий маърузалари кўриб чиқилди, шундан сўнг БМТ Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмита Конвенция қоидаларини мамлакатда янада ривожлантиришга қаратилган якуний мулоҳаза ва тавсиялари қабул қилинди.

2020 йил 15 октябрда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи - Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 - 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди, ушбу ҳужжатни давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази амал ишлаб чиқди.

Парламент палаталари томонидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсиялари юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқлаб, Конвенция нормаларини амалга ошириш масалалари бўйича статистик маълумотларни тўплаш, лўли/рума этник гуруҳлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1961 йилги Фуқароликка эга бўлмаганликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияга қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ўрганиш каби муҳим вазифалар вазирлик ва идораларга белгилаб берилди. Миллий ҳаракатлар режасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган жами 20 дан ортиқ чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Миллий ҳаракатлар режасининг 1-бандига мувофиқ, Давлат статистика қўмитаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, ҳамда Жаҳон банкининг экспертлари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Расмий статистика тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Бундан ташқари, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда этник гуруҳлар вакиллари дуч келаётган масалаларни аниқлаш бўйича Республикамизда мавжуд барча 140 тадан ортиқ миллий маданий марказлар билан ўзаро маслаҳатлашув ва мулоқотларни ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. Олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, мамлакатимиздаги бошқа миллат вакилларининг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришдаги асосий муаммо Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш масаласи эканлиги аниқланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Тенг муомила қилиш ва камситмаслик тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди масъул вазирлик ва идоралар хорижий мамлакатлар тажрибасини, шунингдек миллий қонунчилигимизнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўз таклифларини бердилар. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича ишлар давом эттирилиб, лойиҳа бўйича ишлар якунлангандан сўнг кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Марказ сайтига жойлаштирилади.

Шуни таъкидлаш лозимки Миллий ҳаракатлар режаси бандига асосан мамлакатимиздаги лўли/рума этник гуруҳлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги вазият мониторинг қилинди. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси маълумотига кўра, мониторинг натижасида Ўзбекистонда 86 563 нафар лўли/рума миллатига мансуб фуқаролар мавжуд бўлиб, улардан 45 092 нафари аёллар, 41 471 нафари эркаклардир. Улардан 16 ёшдан юқори вояга етганлар сони 46 422 нафарни, (паспорт олганлар 27 803 киши), 16 ёшдан кичик вояга етмаган болалар сони эса 25 925 нафарни (улардан ҳозирча 10 206 нафари туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган) ташкил этиши аниқланган. 86 563 нафар лўли/румалардан 30 506 нафари ҳеч қандай маълумотга эга эмас, 16 190 нафари ишсизларни ташкил этади. Айни падта кўрсатилган соҳаларда лўли/рума ҳуқуқларига риоя қилмаслик сабаблари ўрганилмоқда.

2020 йил 30 декабрь куни Ўзбекистонда истиқомат қилаётган лўли миллати вакилларининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг мамлакат ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди ҳамда мазкур йиғилишда уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитанинг фуқароликни беришда тўсиқларни бартараф этиш ва шахсларнинг фуқаролигини йўқотишининг олдини олиш учун, хусусан иштирокчи-давлат фуқаролигини олишда шошилинч чоралар кўриш бўйича тавсиясига асосан масъул вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1961 йилги Фуқароликка эга бўлмаганликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияга қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилмоқда.

2020 йил 13 мартда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси асосида 50 минг нафардан ортиқ шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш имконияти яратилди. Ўз навбатида, бу муҳим қадам фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтиришга самарали туртки берди.

Шунингдек, 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини олиш имконияти берилиши, бу билан яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлиши ҳамда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилиниши таъкидланди. Бу муҳим мавзу давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 22 февралда Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги чиқишида ҳам тилга олинди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашни чеклайдиган мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг аниқ тизими яратилмоқда. Чет эл тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича миллий ҳаракат режаларини ўз вақтида амалга ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

Мадалиев Сардор,
Холмаматов Хусниддин,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,
Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассислари

*фото интернетдан олинди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech