ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА НИКОҲ МУНОСАБАТЛАРИ

Карантин шароитида инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўла фойдалана олмайди, ижтимоий муносабатларни амалга оширишда турли мураккаб ҳолатларга дуч келади. Карантин тартиби қатъийлашгани сари шахснинг ижтимоий фаоллиги сустлашиб боради. Мураккабликларга қарамасдан, пандемия даврида карантин шароитида ҳам ҳаёт ўз йўлида давом этиши, туғилиш, ўлим, оила қуриш каби табиий демографик жараёнлар тўхтаб қолмаслиги тайин. Бу ўринда ижтимоий муносабатлар ва демографик жараёнларни амалга оширишнинг мавжуд тартиб-таомилларини пандемия шароитига мослаштириш талаб этилади.

Ўзбекистонда ҳам пандемия даврида карантин шароитида инсонларнинг қонуний никоҳдан ўтиш ва оила қуриш билан боғлиқ ҳуқуқларидан фойдаланишларини таъминлаш мутлақо янги мезон ва механизмлар асосида йўлга қўйилди.

Маълумки, вояга етган шахсларнинг никоҳдан ўтиши ва оила қуриши ҳам халқаро, ҳам конституциявий, ҳам қонуний асосларга эга бўлган ҳуқуқ ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 16 моддасида, “Балоғат ёшига етган эркаклар ва аёллар ирқи, миллати ёки дини бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина никоҳ тузилиши мумкин. Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли”, дея белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63 моддасида эса, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13 моддасига биноан, “Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади”.

Пандемия даврида карантин шароитида никоҳ тузиш ва оила қуришда юзага келган мураккабликларни, асосан, икки йўналишга ажратиш мумкин:

биринчидан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳ шартномасини тузиш билан боғлиқ мураккабликлар;

иккинчидан, оила қуриш муносабати билан ўтказиладиган тўй-ҳашам ва турли миллий маросимларни ташкил этишдаги муаммолар.

Амалдаги тартибга кўра никоҳланувчи шахслар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига (ФҲДЁ) бориб, никоҳдан ўтишни сўраб ариза ёзишлари, йўлланма асосида тиббий кўрикдан ўтишлари, уларнинг аризаси бир ой муддатда кўриб чиқилиши, шундан сўнг гувоҳлар иштирокида никоҳ шартномаси тузилиши ва гувоҳнома берилиши ёки ариза рад этилиши мумкин.

Карантин шароитида ФҲДЁ органларига бориб ариза топшириш инфекция юқтириш хавфини келтириб чиқаришини инобатга олиб, мамлакатимизда онлайн ариза бериш тартиби жорий қилинди. Бу карантин туфайли аксарият ходимларини масофавий ёки тўлиқсиз иш куни тартибига ўтказган ФҲДЁ органларида мурожаатчиларнинг узундан-узун навбатлари юзага келишининг ҳам олдини олади.

Тиббий кўрикдан ўтиш ва гувоҳлар иштирокида никоҳ шартномаси тузиш жараёнларини масофавий амалга ошириш имконияти эса мавжуд эмас.

Сабаби, Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши, шунингдек никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Оила кодексининг 14-моддасига биноан, никоҳ тузиш ихтиёрий ҳисобланади ҳамда никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”нинг 87-бандига кўра, никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.

ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида уларнинг хабардор эканига ишонч ҳосил қилиши керак. Никоҳнинг ишончнома бўйича ёки вакил орқали, шунингдек, тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома бўлмаганда қайд этилишига йўл қўйилмайди.

Мазкур Қоидаларнинг 88-бандида эса никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ тузилганлиги шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда, никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида қайд қилиниши белгиланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳатто никоҳланувчилардан бирининг бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмаслиги ҳам никоҳланувчилардан бирининг иштирокисиз никоҳни қайд этишга асос бўла олмайди.

Бундан ташқари, 91-бандга кўра, никоҳ тузилганлиги қайд қилинаётганда эр ва хотиннинг паспортларига ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларига штамп қўйилади ва никоҳнинг тузилган вақти ва жойи, далолатнома ёзуви рақами, эр (хотин)нинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили ёзиб қўйилади.

Кўриниб турибдики, бу талабларни интернет орқали никоҳ шартномаси тузиладиган бўлса, бажариш имконсиз.

Никоҳ шартномаси тузилганидан сўнг, халқимиз, одатда, миллий урф-одатлар асосида тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ўтказиш ташвишига тушади. Пандемия даврида карантин шароитида кўпчиликнинг бир ерга тўпланиши ва тўйу маросимларни нишонлаши инфекция тарқалиши хавфини ниҳоятда ошириб юборади. Аммо халқимизда тўй ўтказмасдан оила қуриш мумкин эмас, деган стереотип шаклланган. Бу менталитетимиз билан боғлиқ ҳолат.

Ўзбекистонда никоҳ тўйи ва у билан боғлиқ бошқа маросимлар Олий Мажлиснинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низоми билан тартибга солинади.

Мазкур Низомга мувофиқ, Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида пандемия даврида ушбу тартибга ўзгартиришлар киритилди.

2020 йил 23 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10 — 15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилди.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан тарзда республика ҳудудлари жорий йилнинг 11 майидан эътиборан туман ва шаҳарлар даражасида “яшил”, “сариқ” ва “қизил”тоифаларга ажратилиб, махсус комиссиянинг кейинроқ қабул қилинган қарори билан 2020 йил 1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда бир қатор фаолият турлари қаторида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга ҳам рухсат берилди. Бунда тантана ва маросимлар фақатгина фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилди.

Бундай чора-тадбирлар инфекция тарқалиши хавфини камайтиришга ёрдам бериши кўзда тутилган.

Шунга қарамай, мазкур тартиб-қоидаларга аҳоли орасида риоя этилмаслиги, тўй-ҳашам ва бошқа тантаналарда кўплаб инсонларнинг тўпланиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса ушбу жабҳада назоратни, айниқса, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш кераклигидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, COVID-19 пандемияси бутун дунёда улкан муаммоларни келтириб чиқармоқда. Давлатлар олдида пандемияга қарши чоралар кўришда инсон ҳақ-ҳуқуқларини имкон даражасида чекламаслик вазифаси турибди. Мамлакатимиз ҳам глобал дунёнинг бир бўлаги сифатида пандемия таъсиридан четда қолмади. Республикамизда пандемия даврида карантин шароитида кўплаб ижтимоий фаолият турларида муайян ўзгаришлар жорий этилди. Жумладан, никоҳ шартномаси тузиш ва оила қуриш жараёнлари ҳам пандемия даври шароитларига мослаштирилди, бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Никоҳ тузиш ва оила қуриш табиий демографик жараён, ҳар бир шахснинг чеклаб бўлмас ҳуқуқи  бўлгани боис уни пандемия даврида тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ эмас.

Мамлакатимизда никоҳ тузиш ва оила қуриш жараёнини пандемия даври карантин шароитларига янада мослаштириш, шунингдек, бугунги ҳодисалардан хулоса чиқариб, айрим ўзгаришлардан пандемиядан кейинги даврда ҳам фойдаланиш мақсадида қуйидаги таклифларни билдиришни ўринли деб ҳисоблаймиз:

биринчидан, никоҳ шартномаси учун онлайн ариза топшириш шаклини пандемиядан кейин ҳам сақлаб қолиш керак;

иккинчидан, тиббий кўрик маълумотномасини ФҲДЁ органига етказишда, шунингдек, гувоҳлар иштирокида никоҳ шартномаси тузишда онлайн тарзда олдиндан маълум бир вақтни белгилаш ва белгиланган вақтдагина ФҲДЁ органига бориш тартибини йўлга қўйиш зарур;

учинчидан, гувоҳлар иштирокида никоҳ шартномаси тузиш жараёни ижтимоий масофа сақлаган ҳолда, махсус дезинфекцияланган хоналарда ўтказилишини таъминлаш лозим;

тўртинчидан, тўй ва бошқа оилавий маросимларни Республика махсус комиссияси рухсат берган шаклда ўтказиш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур;

бешинчидан, оммавий ахборот воситалари орқали тўй-ҳашамларни ихчам шаклда карантин талаблари асосида ўтказиш тўғрисида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

 

Фарҳод Низомов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech