Ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг таълим кўникмаларини шакллантириш масаласи ҳар бир мамлакат учун ҳамон энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
БМТ органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, 2016 йилда ишсиз ёки таълим кўникмаларига эга бўлмаган ёшлар жаҳон миқёсида 259 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, уларнинг сони 2019 йилга келиб – 267 миллион, 2021 йилда эса 273 миллион нафаргача ўсиши тахмин қилинмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда глобал миқёсда ёшларнинг иш билан бандлиги – 8,7 фоизга, катта ёшдаги инсонларнинг бандлиги эса 3,7 фоизга камайган. Бундан ташқари, пандемия шароитида мактаб ва олий ўқув юртларининг ёпилиши таълим сифатига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Мактабларнинг ёпилиши дунёдаги жами ўқувчиларнинг қарийб 70 фоизига таълим даражалари бўйича ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Технологиялар ва иш ўринларининг келажаги бўйича ўтказилган сўровга асосан, ишсиз ва таълим кўникмаларига эга бўлмаган ёшлар сони 2017 йилдан бери кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.
Мазкур тенденциянинг таъсири кўп йиллар давом этиши мумкин. Касбий таълим, ўқитиш сектори, компаниялар, ташкилотлар ва жамоалар ўзгарувчан кўникма талабларига жавоб берадиган ёшларни ўқитиш ва тайёрлашда ҳал қилувчи роль ўйнаши кутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилга келиб, ишчилар малакаларининг 40 фоизи меҳнат бозорининг янги талабларига ва тезкор рақамли инновацион циклларга жавобан ўзгаради.
Ёшларни келажакдаги ишчи кучи сифатида тайёрлаш нафақат юқори сифатли мактаб ва олий ўқув юртларидаги шароитларни яхшилаш билан боғлиқ, балки техник ва касб-ҳунар таълимига эътиборни кучайтиришни ҳам талаб қилади.
Шунинг учун 2014 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ёшларга муносиб иш ва тадбиркорлик учун зарур бўлган кўникмаларни ўргатишнинг муҳимлигини таъкидлаш мақсадида 15 июлни – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни этиб белгилаган. Дарвоқе, жорий йилда ҳам ушбу халқаро сана пандемия шароитида нишонланмоқда.
Бугунги кунда соҳада мавжуд муаммоларнинг фақатгина бир ечими бор. Яъни, таълим олиш ва кўникмаларни ошириш орқалигина ана шу муаммоларга ечим топиш мумкин.
Меҳнат бозорида муваффақиятга эришишда таълим олиш ва кўникмаларни мустаҳкамлаб бориш муҳим омил саналади. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шарти бўлиб қолмоқда.
Ўз навбатида, бу жараён ёшлардан янги тенденцияларга мослашувчанликни талаб қилади. Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияда ҳам ёшларнинг узлуксиз таълим олиши, малака ва кўникмаларини доимий равишда мустаҳкамлаши масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун, шунингдек ёшларни бажарган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг навқирон эгалари, келажак бунёдкорларига зарур имкониятлар яратиш – мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига қўшиладиган муносиб ҳисса деганидир.
Ҳусниддин Холмаматов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 15.07.2021
- Кўришлар: 3913
- Чоп этиш