Бундан 18 йил аввал, яъни 2003 йил 19 август куни БМТнинг Бағдоддаги бош қароргоҳи жойлашган “КАНАЛ” меҳмонхонасига террорчи шахс томонидан қилинган ҳужум оқибатида 23 инсон, улар орасида ташкилот бош котибининг Ироқдаги махсус вакили Сержиу Виейра ди Меллу ҳалок бўлган. Ушбу террорчилик ҳаракати оқибатида 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
2008 йилда БМТ ҳалок бўлганлар хотираси ҳурмати юзасидан 19 август санасини – “Халқаро инсонпарварлик ёрдами куни” деб эълон қилди. Шундан буён дунёнинг барча мамлакатларида ҳар йили шу санага бағишлаб ташкил этиладиган хайрли тадбирлар доирасида ёрдамга муҳтож инсонларга имкон қадар инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш анъанага айланган.
Инсонпарварлик – инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, эркинлиги ва ор-номуси, бахт-саодати ва тенг ҳуқуқлилигини, умуман, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш учун ғамхўрлик қилишни ифодаловчи тушунчадир. Инсон тақдири, халқ манфаатлари, мамлакат тараққиёти ҳақида ғамхўрлик – инсонпарварликнинг асосий мақсадидир.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитига қарамай, аҳоли саломатлигини асраш ва хавфсизлигини таъминлаш, муаммоларига ечим топиш ва камчиликларини ҳал этишга мунтазам эътибор қаратиб келинмоқда. Шундай синовли кунларда ўзининг юксак одамийлик фазилатлари, саховатпешалиги билан ажралиб турадиган юртдошларимизнинг инсонпарварлик хислати – моддий ва маънавий далдаси туфайли ушбу хасталикни тезроқ енгиб ўтишга бўлган ишончга янада ишонч қўшилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 22-23 апрель кунлари юртимиздаги Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари, ривожланишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тарбияланувчилари учун инсонпарварлик ёрдамлари юборган. Мазкур хайрия акцияси таълим муассасалари тарбияланувчиларининг санитария-эпидемиологик осойишталигини асрашга ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини асраб, спорт машғулотлари фаолиятини йўлга қўйишга қаратилгани жуда муҳим.
Шу ўринда жорий йилдаги инсонпарварлик тадбирлари билан боғлиқ айрим далил ва рақамларга мухтасар тўхталамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, 1 май куни Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами етказилди. Ушбу инсонпарварлик юклари асосан мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, 2020 йилда Ҳиндистон худди шундай инсонпарварлик кўрсатиш йўлидан бориб, Ўзбекистонга дори-дармонлар, СOVID-19 ни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларини тақдим этганди.
Жорий йилнинг 14 июнида пандемиянинг учинчи тўлқини билан дуч келган қардош Афғонистон ҳукуматининг мурожаатига биноан ушбу мамлакатга ҳам инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Ўз навбатида, 2020 йили сув тошқинида зарар кўрган сирдарёликлар учун Туркия давлати ва халқи инсонпарварлик ёрдами жунатганди. Бу галги инсонпарварлик ёрдами 4 минг комплект кўрпа-тўшак, ёстиқ ва ёстиқ жамламаларидан иборат бўлди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга асосан инсонпарварлик ёрдами тошқиндан зарар кўрганлар, ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилди.
2020 йилнинг 1 августида АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга умумий қиймати 2.5 миллион долларлик 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш ускунасини юборди. Бу инсонпарварлик юклари АҚШ маъмурияти томонидан эълон қилинган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим қилинди.
ЖССТ Ўзбекистонга умумий қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 500 та кислород концентраторини инсонпарварлик ёрдами сифатида жўнатди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Кўплаб давлатларда сув тошқинлари, зилзила ва табиатнинг бошқа офатлари кузатилмоқда. Оқибатда инсонлар доим инсонпарварлик кўмагига муҳтождир.
Шу маънода, 19 август – Халқаро инсонпарварлик ёрдами кунида ўз инсонпарварлик бурчини бажариш йўлида жонини фидо қилганлар, миллионлаб инсонларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатаётган давлатлар ва саховатпеша инсонларнинг эзгу амаллари эътироф этилади. Қолаверса, ушбу сана дунё бўйлаб инсонпарварлик ёрдамига доимий эҳтиёж борлигини ва бу борада халқаро ҳамкорлик қилиш муҳимлигини ҳам эслатиб туради.
Дилбархон ШОДМОНОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 17.08.2021
- Кўришлар: 4268
- Чоп этиш