Шу муносабат билан Тошкентда “Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганининг 29 йиллигига бағишланган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева модераторлик қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Комилжон Каримов, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер анжуман иштирокчиларини қутладилар.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси ва БМТ ўртасида 1992 йил 2 мартда асос солинган ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев “Ўзбекистон – БМТ: ўзаро ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва йўналишлари”, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Асадов “БМТ доирасида Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг амалга оширилиши”, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев “БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ўзбекистон Республикаси аъзолигининг устувор йўналишлари” мавзуларида маърузалар қилди.
Ўзбекистоннинг БМТ Тараққиёт дастури ва ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Бу мавзуда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матилда Димовска, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Маматзаде, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вакили Ашита Миттал, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик сўзга чиқди.
Иштирокчилар қайд этганларидек, БМТ дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида фаолият юритиб келмоқда. БМТ аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватловчи ягона ва энг обрўли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бош мақсади – дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамжиҳатлик ва дўстона қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий, маданий ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини қўллаб-қувватлашдан иборат экани таъкидланди.
Ўзбекистон ўтган йигирма тўққиз йил мобайнида БМТнинг фаол аъзоларидан бирига айланганлиги, айниқса 2020 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сургани эътироф этилди.
Айни чоғда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги асосий вазифаларга тўхталиб, бу борада билдирган таклиф ва ташаббуслар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, инсон ҳуқуқлари соҳаси бундан буён ҳам БМТ билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлатимиз раҳбарининг иштироки ва сўзлаган нутқини таҳлил қилиш асносида халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга бўлган муносабати қандай эканини англаш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг нуфузли минбардаги нутқи мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.
Маълумки, 2015 йилда "БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари” деб номланган стратегияси эълон қилинди. Шу муносабат билан 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 16 та глобал мақсадларига эришиш бўйича Ўзбекистон томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси, ўз навбатида, ушбу Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинаётган Давлат дастурлари ҳамда қонун ҳужжатлари мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолияти доирасида тегишли ишлар белгилаб олинган. Хусусан, парламент томонидан Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлари юзасидан мунтазам равишда эшитувлар амалга ошириб келинмоқда.
Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва устувор йўналишлари, БМТ доирасида эълон қилинаётган Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг амалга оширилиши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида Ўзбекистон Республикаси аъзолигининг асосий вазифалари, Ўзбекистоннинг БМТ Тараққиёт дастури ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан кенг фикр алмашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
фото интернетдан олинди
- Қўшилди: 02.03.2021
- Кўришлар: 17471
- Чоп этиш