Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури 273 банддан иборат.
Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишнинг жами харажатлари учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Мазкур миқдор 2020 йилда 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
Давлат дастурининг асосий мақсади — ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган. Шу асосда Дастурда Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, "Бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади. Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим".
Шу билан бирга, давлат раҳбари ривожланишдан ортда қолаётган 33 та туман ва оғир аҳволдаги 970 та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг узоқ қишлоқларгача етказиш зарурлигига эътиборни қаратди.
«Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт», деди Ўзбекистон Президенти. Ҳақиқатан ҳам, 2021 йилги Давлат дастури том маънодаги халқчил дастурдир.
Биринчидан, Ўзбекистонда 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилингани муносабати билан ишлаб чиқилган ва умумхалқ муҳокамасига қўйилган дастур лойиҳаси кенг жамоатчилик вакилларидан келиб тушган 2 мингдан зиёд таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар асосида қайта ишланиб, янада бойитилган.
Иккинчидан, Давлат дастури юртдошларимизнинг ҳаётдаги қанчадан-қанча ташвишу муаммоларига амалий ечим топишга, халқимизни рози қилишга қаратилган. Буни Дастурда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббиёт, таълим ҳамда бошқа гуманитар соҳаларни ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатларини бевосита таъминлашга тааллуқли 93 та банд борлиги яққол тасдиқлайди.
Мисол учун, 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда. Бунинг натижасида, йил якунига қадар 100 минг, келгуси йилда яна 200 минг фуқаро ортиқча сарсон бўлмай пенсия олиш имкониятига эга бўлади.
Бюджет ҳисобидан 2021 йилда 22 та болалар боғчаси ва 31 та янги мактаб қурилади. Йил давомида, шунингдек ҳар бир туманда физика фанига ихтисослашган биттадан мактаб ташкил этилади. Дастурда маданият марказлари, музейлар ва театр биноларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият берилган.
Аҳоли саломатлиги ҳақида сўз борганда, юртимизда коронавирусга қарши эмлаш бошланаётганини таъкидлаш лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлигига биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, электрон рўйхатини шакллантириш, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари ва қўшимча 800 та мобил бригада ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Учинчидан, Давлат дастурининг 2-бўлими 2-қисми "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш" деб номланади. Ушбу бўлимдан 4 та банд жой олган.
Хусусан, 22-бандда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни давом эттириш мақсадида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Лойиҳада мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, доимий яшаётган, шунингдек мамлакатимизда 15 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда, уларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартибини жорий қилиш назарда тутилади.
Давлат дастурининг 23-бандида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш учун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) вазифа ва ваколатлари кўламини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Омбудсман ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Ушбу гуруҳлар фаолияти оммавий ахборот воситаларида кенг ва мунтазам ёритиб борилади.
Дастурнинг 24-бандида нодавлат суд-экспертиза фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш механизмларини жорий этиш вазифаси қайд этилган. Бунда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишнинг давлат-хусусий шериклик асосидаги шаклларини жорий қилиш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларига кўмаклашишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш, шунингдек нодавлат экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш, тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини белгилаб бериш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Давлат дастурининг 25-бандида наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун наркология муассасаларига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки ушбу муассасада ётиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалаларни фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқиш тартибини белгилаш ҳақида сўз боради. Бу борада суд қарори қабул қилиниши тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Тўртинчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида жамоатчилик мониторинги тизимини шакллантириш учун тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада:
- “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида жамоатчилик назоратининг ҳар бир шаклини амалга ошириш механизмлари ва тартиб-таомилларини белгилаш;
- инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли халқаро ва миллий ҳуқуқий нормаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича “жамоат инспектори”, “жамоат кузатувчиси”, “жамоат комиссияси” институтларини шакллантириш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунлар самарадорлигини баҳолаш ва илмий асосланган ҳамда чуқур ўйланган жамоатчилик мониторинги тизимини шакллантириш назарда тутилади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормаларни назорат қилиш бўйича янги институтларни шакллантиришга қаратилган мазкур вазифа Давлат дастурининг 257-бандида белгилаб қўйилган.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 11.02.2021
- Кўришлар: 6026
- Чоп этиш