4 НОЯБРЬ – ЮНЕСКО ТАШКИЛ ТОПГАН КУН

БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1945 йил 16 ноябрда тузилган бўлиб, 1946 йил 4 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг Низоми кучга кирган. Худди шу сана бутун дунёда ЮНЕСКО ташкил топган кун сифатида нишонланади.

ЮНЕСКОнинг асосий мақсади – таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Мазкур халқаро ташкилот ялпи саводсизликка қарши курашиш, маориф тизимини ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш, атроф-муҳит ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш каби кенг қамровли масалаларни ҳал этишда ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.

ЮНЕСКОга 191 мамлакат (2006), шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси аъзодир. Мазкур ташкилот томонидан тузилган Жаҳон мероси рўйхатига ер юзидаги 830 та табиий ва маданий объектлар киритилган (2006).

ЮНЕСКО доирасида Ўзбекистонда кўплаб ишлар амалга оширилган. Хусусан, Абу Райҳон Беруний (1973), Абу Али ибн Сино (1980) таваллудининг 1000 йиллик, Мирзо Улуғбек (1994) таваллудининг 600 йиллик, Амир Темур (1996) таваллудининг 660 йиллик тантаналари кенг нишонланган. Хива (1997), Бухоро (1997), Термиз (2002) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги (2002) муносабати билан махсус дастурлар доирасида йирик тадбирлар уюштирилган. Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Имом Мотрудий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд каби қатор сиймоларнинг йирик таваллуд саналари Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида кенг нишонланган.

Кейинги даврда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги амалий мулоқот изчил ривожланиб, шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон учун биринчи марта қабул қилинган Мамлакат дастури доирасида устувор йўналишлар бўйича қўшма чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.

Жаҳоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ва жалб этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда. Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар очилган.

Халқимизнинг ноёб маданий-тарихий меросини асраш соҳасида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, “Мақом санъати” анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

Қўшимча маълумот учун: ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги Бош қароргоҳи 1958 йил 3 ноябрда очилган. Ушбу бино Париж шаҳридаги Сена дарёсининг сўл қирғоғида жойлашган. Лотинча “Y” белгисига ўхшаш бино лойиҳаси Халқаро меъморлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда АҚШдан Марсель Брейер, Италиядан Пьер Луиджи Нерви ва Франциядан Бернар Зерфюс каби архитекторлар иштирок этишган. Бино архитектураси ҳам ўзига хос бўлиб, у 72 та бетон устун устига ўрнатилган. Учта корпусдан ташкил топган бинонинг 1068 та деразаси барча хоналарига етарли миқдорда ёруғлик тушишини таъминлайди.

Одри Азуле – 2017 йил 15 ноябрдан буён ЮНЕСКОнинг Бош директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.

У 1972 йил 4 августда Парижда туғилган. 2000 йилда Франция администрацияси миллий мактабини тамомлаган. Шундан сўнг Иль-де-Франс минтақаси Ҳисоб палатасида ишлаган. 2014 йилда Франциянинг собиқ Президенти Франсуа Олланднинг маслаҳатчиси, 2016-2017 йилларда Франция Маданият ва коммуникация вазири сифатида фаолият юритган.

 

Интернет манбалари асосида

Ойдин Иброҳимова тайёрлади

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech