2022 йил 16 февралда Тошкентдаги "Hilton" меҳмонхонасида шу мавзуда Ўзбекистон – Буюк Британия Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Буюк Британиянинг Global Partners Governance Foundation (GPGF) нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Офлайн ва онлайн шаклда иш олиб борган ушбу форумда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг турли ҳудудларидаги ёшлар, миллий ва хорижий экспертлар, ёшлар масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, даставвал, 2021 йил 11 октябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ўзбекистон ташаббуси асосида COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияни қабул қилгани ҳақида тўхталди.
Ушбу Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурилган. Ҳужжат давлатларни ёшлар учун тенг имкониятлар яратишга, коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш нуқтаи назаридан, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда кўмаклашишга чақиради.
Бинобарин, бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилигини, яъни 2 миллиард нафарни ташкил этмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат, деганидир.
БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо, глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам – натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд.
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган ва ушбу анжуманда иштирок этган GPG фонди эксперти, Буюк Британия Лордлар палатасининг аъзоси баронесса Элисон Сатти ҳамда GPG фондининг Буюк Британиядаги вакили Эйлин Уолкер ҳам айни мавзуда фикр юритди.
Шунингдек, тадбирда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот билан Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов сўзга чиқди.
Анжуман иши учта сессияда ташкил этилди. “Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларининг таъминланиши” мавзусидаги биринчи сессияда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ёшлар парламенти вакиллари сўзга чиқди.
Иккинчи сессияда “Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири: Ўзбекистон ва Буюк Британия тажрибасида” мавзусига тааллуқли масалалар муҳокама этилди. Унда Шотландия Ёшлар парламенти раиси Лиам Фовлей, Уэлс ёшлар парламенти собиқ аъзоси Чарли Оливер-Холланд ва Ўзбекистондаги U-Report лойиҳаси раҳбари Жамила Нуржанованинг чиқишлари тингланди.
Ўз навбатида, “Сиёсий жараёнлар ва қонунчиликнинг ёшларга таъсири” деб номланган учинчи сессияда Буюк Британия ва Ўзбекистон экспертларининг фикр-мулоҳазалари атрофлича муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.02.2022
- Кўришлар: 2704
- Чоп этиш