Акмал Саидов Амир Темур халқаро фондининг эсдалик нишони билан тақдирланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” эсдалик нишони билан тақдирланди. 2021 йил 12 май куни Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси ўринбосари Тўлқин Ҳайит томонидан ушбу мукофот ўз соҳибига тантанали равишда топширилди.

“Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 мартдаги 100-сонли қарорига асосан таъсис этилган. Мазкур эсдалик нишони тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

Низомда таъкидланганидек, ушбу эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларда буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳаёти ва фаолиятига муносиб издош бўлиш, у бошлаган ўзбек миллий давлатчилиги бардавомлигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.

Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга унинг гувоҳномаси берилади.

Маълумот учун: академик А.Саидов 1994-1996 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда ЮНЕСКОдаги Доимий вакили сифатида фаолият олиб борган. 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ва 1994 йили Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги таваллуд саналарини ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида халқаро миқёсда юксак даражада ўтказишда бевосита иштирок этган.

Ўша даврда Европа шарқшунослик мактабининг мустақил йўналиши – “Европа темуршунослик мактаби” мавзусини чуқур ўрганишга киришган. Натижада 1996 йили француз темуршунос олими Люсьен Керен билан ҳаммуаллифликда “Амир Темур ва Франция” китобини нашрдан чиқарган. Ушбу китобнинг тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри 2016 йилда чоп этилган. Шунингдек, олимнинг айни мавзу билан боғлиқ “Ҳазрат Занги ота”, “Амир Темур ва Султон Мирҳайдар ота” каби китоблари ҳам нашр этилган.

А. Саидов Европа мамлакатларида Амир Темур сиймоси талқинига бағишлаб яратилган олтмишдан зиёд адабий-бадиий асарлардан айримлари, хусусан, германиялик даҳо шоир ва мутафаккир Йоҳанн Волфганг Гёте ҳамда атоқли немис бастакори Георг Фридрих Гендел, машҳур инглиз драматурги Кристофер Марло, америкалик ҳассос шоир Эдгар Аллан По, аргентиналик атоқли адиб Хорхе Луис Борхес, рус адиби Иван Бунин, француз олими Льюсен Керен қаламига мансуб асарларнинг ўзбек тилидаги матнларини тарғиб этиш ҳамда нашр қилдириш ишларига катта эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, 2016 йили "DAVR PRESS" нашриётида чоп этилган “Амир Темур Ғарб адиблари нигоҳида” тўпламига масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи бўлган.

Бундан ташқари, академик Э.Ртвеладзе билан ҳаммуаллифликда 1996 йили Парижда “Амир Темур в зеркале мировой истории” библиографиясини нашр эттирган. 2006 йили “Буюк Амир Темур тарихи”,  2007 йили “Амир Темур Европа элчилари нигоҳида”,  2015 йили “Соҳибқирон Амир Темур даври қадриятлари этнотарихий лавҳаларда” каби китобларнинг нашрга тайёрланишида бевосита иштирок этган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech