Акмал Саидов Туркия Бош Омбудсмани билан учрашди

18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Туркия Бош Омбудсмани Шериф Малкоч билан учрашди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида изчил ривожланмоқда. Олий ва юқори даражадаги, хусусан, парламентлар, вазирлик ва идоралар, ишбилармон ва илмий-академик доиралар, шунингдек вилоятлар ўртасидаги алоқалар тобора мунтазамлик касб этиб бормоқда.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг – Туркияга, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари икки томонлама муносабатларнинг ривожига кенг йўл очиб берди.

А.Саидов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркиянинг Омбудсман институти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари 2018 йилдан буён изчил амалга оширилаётганини қайд этди. Кейинги икки йилда ҳар икки ташкилот раҳбарларининг ўзаро ташрифлари янада фаоллашди.

Ш.Малкоч Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳақида сўз юритар экан, халқларимизнинг тили, маданияти ва дини бир эканини таъкидлади. Ўзбекистон нафақат туркий дунё маданияти ва маънавияти, илм-фани ва маърифати юксалишига,  балки бутун жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар юрти эканига урғу берар экан, мамлакатда ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

Туркия Бош Омбудсмани шу йил 12-13 август кунлари мамлакатимизда ўтказиладиган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича жаҳон конференцияси ҳамда ноябрь ойида ташкил этиладиган Марказий Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари кенгашида иштирок этиш учун таклиф этилди. Меҳмон таклифни миннатдорлик билан қабул қилди.

Мулоқотда томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркиянинг Омбудсман институти ўртасида ўзаро англашув тўғрисида Меморандум имзолаш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот алмашишни янада ривожлантириш хусусида фикр юритилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятига доир масалалар юзасидан мунтазам ахборот алмашишнинг муҳимлиги таъкидланди.

Маълумот учун: Туркиянинг Омбудсман институти 2012 йилда ташкил топган. Унинг асосий мақсади давлат бошқаруви органлари устидан келиб тушадиган шикоятларни мустақил ва самарали тарзда кўриб чиқиш ҳамда Туркия Парламентига ҳисобот беришдир.

Туркия Парламенти Омбудсмани 2018 йилда Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари кенгаши ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ишида иштирок этган.

Ўз навбатида, Туркия Парламенти Омбудсмани таклифига кўра, 2019 йили 18-19 ноябрь кунлари Истанбул шаҳрида “Самарали давлат бошқаруви тамойиллари ва Омбудсман” мавзуида ўтказилган дунё Омбудсманларининг иккинчи халқаро конференциясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили  қатнашган.

Шу кунларда Ш.Малкоч бошчилигидаги Туркия делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари ва омбудсманларининг Тошкентда бўлиб ўтаётган 4-йиғилишида иштирок этиш учун расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech