Акмал Саидов Евроосиё Омбудсманлари альянси мажлисида сўзга чиқди

28 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган Евроосиё Омбудсманлари альянсининг олтинчи мажлиси «Евроосиё маконида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб муаммоларига ечим топишга доир энг мақбул амалиётларни ўрганиш» мавзуига бағишланди. Офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилган халқаро форумга Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова модераторлик қилди.

  Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

А.Саидов Россия ва бошқа мамлакатлар Омбудсманларига 2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда ўтказилган “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида иштирок этганлари учун миннатдорчилик билдирди. Маълумки, тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилган ушбу конференция якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди.

Энг муҳими, шу йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилингани ҳам Тошкентда ўтказилган бутунжаҳон конференцияси самараси ҳисобланади. Ўзбекистон киритган Резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча, яъни 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Резолюциянинг мақсади – пандемия шароитларида бутун дунёда ёшларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, улар дуч келаётган муаммо  ва тўсиқларни бартараф этиш, навқирон авлоднинг жамики эзгу манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини, шунингдек ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро, минтақавий ва миллий кўламлардаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришдан иборат.

Модомики, дунё тобора глобаллашиб, жадал суръатларда ўзгариб ва мураккаблашиб бораётган XXI асрда яшаётган эканмиз, ҳозирги замоннинг ғоят муҳим бир воқелигига эътибор қаратмаслигимиз мумкин эмас. Яъни, салмоқли инсон капиталига эга бўлган ва бу сармоя таркибида ёшлар жуда катта ўрин тутадиган мамлакатлар изчил ривожланиш, инновация салоҳиятини муваффақиятли жамғариш ва ўз ютуқларини самарали тасарруф этиш борасида устувор имкониятларга эгадир.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият ўта шафқатсиз COVID-19 пандемияси туфайли кўпайгандан-кўпайиб бораётган турфа муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар ёшларнинг ҳаётига вайронкор таъсир кўрсатмоқда.

Жаҳон ёшлари соғлиқни сақлаш тизими хизматидан фойдаланиш, сифатли таълим олиш, мақбул иш топиш ва муносиб меҳнат қилиш, ички ва ташқи меҳнат миграцияси иштирокчисига айланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва меъёрда овқатланиш, ижтимоий яккаланиш ва жамиятдан бегоналашиш каби янгидан-янги ташвишлар билан юзма-юз келмоқда. Бундай вазиятда ёшлар ҳуқуқларини  ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий механизмларни тўла равишда сақлаб қолиш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги вақтда Ер юзи аҳолисининг 2 миллиард нафардан ортиғини навқирон йигит-қизлар ташкил этмоқда. Инсоният тарихида сайёрамиздаги ёшларнинг сони ҳеч қачон бу қадар кўп бўлмаган. 

Энг муҳими, ёшлар туб янгиланишларни бошлаб берадиган ва шижоатли ўзгаришларнинг бошида турадиган қудратли кучдир. Уларнинг зиммасида ўз салоҳиятини баралла намоён этиб, бугунги ва келгуси авлодлар учун мақбул ва манзур ҳаёт барпо этиш масъулияти турибди.

Аммо, ижтимоий жиҳатдан олиб қараганда, навқирон авлод ҳаётнинг барча соҳаларида давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига муштоқ, керак бўлса, муҳтож экани ҳам бор гап. Айниқса, бугун ёшларни равнақ топтиришга йўналтирилган муайян маблағлар ажратиш, давлатнинг ёшлар сиёсатини амалда самарали татбиқ этиш учун замонавий инфратузилма барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида кўплаб муаммолар амалий ечимини кутмоқда.

Евроосиё маконидаги мамлакатлар омбудсманлари анжуманида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Бу борада Омбудсман институти муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Муҳокамалар якунида мажлис резолюцияси қабул қилинди.

Тадбир доирасида Евроосиё Омбудсманлари альянси янги сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech