Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди".
Ҳақиқатан ҳам, Олий Мажлисга бўлиб ўтган охирги сайловлар натижасида биринчи маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди. Қонунчилик палатасига 32 фоиз, яъни 48 нафар аёл депутат сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади.
Кейинги тўрт йилда мамлакатимизда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги ва "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди. 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Ўтган йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ўқишга қабул қилинди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаол ишламоқда. Янада муҳими, Президентимиз парламентга тақдим этган Мурожаатномасида Сенат Раиси раҳбарлигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш вазифасини кун тартибига қўйди.
Бугунги кунда 1 минг 400 га яқин аёллар республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.
Биргина шу далил ва рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёлларининг жамиятда ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат бериб турибди. Айтиш керакки, давлатимиз ва жамиятимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли улар таълим, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.
Шонли тарихимиз зарварақларида Тўмарис ва Бибихоним, Гулбаданбегим ва Зебуннисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимизнинг муборак номлари мангуга муҳрланган. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий "Насойим ул-муҳаббат" тазкирасининг "Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри" номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битган.
Алишер Навоий бобомизнинг "Фарҳод ва Ширин" достонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари ҳам реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир. Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадрлаш ҳамда улуғлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифалар ниҳоятда долзарб ва муҳим. Бугун замоннинг ўзи барчамиздан юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари "Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор", деб таъкидлади.
Шу муносабат билан мазкур йиғилишда муҳокама қилинган юртимиз хотин-қизларига дахлдор кўплаб масалаларнинг фақат биттасига тўхталишга жазм этдик. Бу ҳам бўлса, аёллар ва қизларнинг илм-фан, техника-технология соҳаларида муносиб жой эгаллаши муаммосидир.
Янги Ўзбекистон шароитида хотин-қизларни илмий тадқиқот ва инновациялар фаолиятига кенг жалб қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, бир томондан, юртимиз аёллари ва қизларининг илм-фандаги фаоллигини халқаро миқёсда кучайтириш, иккинчи томондан, таълим ва илм-фан соҳаларида гендер тенгликка эришиш ниҳоятда зарур.
Чунки аслида ҳам, аёл билимли бўлса, тарбия қилган фарзандлари зукко, салоҳиятли бўлади. Янада муҳими, аёл илмли бўлса, миллат илмли бўлади.
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми — 17 миллиони хотин-қизлардир. Шу маънода, қизларнинг сифатли таълим олиши, касб эгаллаб, ишли бўлиши учун катта имкониятлар яратилгани натижасида бугунги кунда талабаларнинг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани диққатга сазовор.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати маълумотларига қараганда, 2020 йили эълон қилинган "Олима аёллар" ташаббускор илмий лойиҳалар танлови ҳам айнан хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур танлов натижаларига кўра ҳозирги кунда 8 миллиард 467.5 миллион сўмлик 16 та лойиҳа молиялаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз илмий-таълим муассасаларида фаолият юритаётган фан докторларининг 700 нафардан ортиғи ва академикларнинг 6 нафари аёллардир. Олималаримизнинг, айниқса, кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги интеллектуал меҳнати самаралари нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак баҳоланиб келмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги илмий институтларда қарийб 3 минг нафар хотин-қиз тадқиқот билан машғул.
Бу рақамлар юртимизда яшайдиган хотин-қизларнинг жами сонига нисбатан неча фоизни ташкил этади? Агар қиёсан ҳисоблаб кўрилса, албатта, ҳосил бўладиган салмоқдан ҳозирча кўнгил тўлмайди. Айни пайтда бу борадаги аҳвол бутун дунё миқёсида ҳам мақтагулик эмас.
ЮНЕСКОнинг илм-фан тўғрисидаги янги маърузасида қайд этилишича, ҳозирги вақтда дунё миқёсида техника факультетлари битирувчиларининг атиги 28, компьютер ва информатика фанлари бўйича факультетлар битирувчиларининг 40 фоизи хотин-қизлар, холос. Яъни аёллар илм-фанда ва технологиялар соҳасида ҳалигача етарли даражадаги мавқени эгалламаган.
ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.
Шу нуқтаи назардан, кейинги йилларда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида илм-фан соҳасида хотин-қизлар улушини кўпайтиришга қаратилган бир қанча қонунлар, давлат дастурлари ва амалий механизмлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга кенг татбиқ этилаётгани жуда муҳим.
Айни чоғда юртимиз ва хорижий мамлакатлардаги машҳур олималарнинг таълим, илм-фан соҳаларидаги ибратли тажриба ҳамда ютуқлари билан танишиш, илмий анъаналари борасида фикр алмашиш, хотин-қизларимизнинг салоҳиятини илмий-инновацион фаолиятга рағбатлантириш ва кенг жалб қилиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида гендер тенглик сиёсатига доир янги ташаббусларни илгари сургани бежиз эмас. Дарвоқе, Юртбошимиз хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун Ўзбекистонда алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифини ҳам билдирди.
Шу билан бирга, юртимизда аёлларнинг тадбиркорлиги, ташаббуслари қўллаб-қувватланаяпти. Ўтган йили 585 мингга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 36 мингдан ортиқ аёллар касб-ҳунарга ўқитилган.
Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “аёллар дафтари” жорий этилди. Ушбу дафтарга, 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Бугунги кунгача уларнинг 80 мингининг муаммолари ҳал этилган.
Шу кунларда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан юртимизда яна бир эзгу анъана давом этмоқда. Яъни, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ва оқибатда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумаларнинг жазосини енгиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, куни кеча Олий судда жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди. Шундан 14 маҳкума байрам арафасида озодликка чиқарилди, яна 2 аёлнинг жазоси енгиллаштирилди
Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга мос ҳолда, оналаримиз, опа-сингилларимиз, умр йўлдошларимиз, қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш, иззат-икромини жойига қўйиш борасида дадил одимлар қўйилди. Зотан, аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос буюк фазилатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир".
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 05.03.2021
- Кўришлар: 4597
- Чоп этиш