БАРЧАМИЗНИНГ ЕРИМИЗ БИР, ОСМОНИМИЗ БИР

Деярли 9 миллиард кишилик инсоният оиласи бугунги кунда юзлаб миллатлар ва элатларга ажратилади. Сайёрамиз аҳли 150 дан ортиқ давлатда истиқомат қилса-да, тарихан келиб чиқиши, қадриятлари, урф-одатлари, ташқи кўриниши, тили, эътиқоди, ирқи ва жинсига кўра турли тоифаларга мансуб бўлса-да, уларни ягона умуминсоний мақсад ва ғоялар бирлаштиради. Она табиатни асраб-авайлаш, ҳар бир инсон эркин, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига эришиш, илм-фанни равнақ топтириш орқали инсоният қудратини ошириш шулар жумласидандир.

          Ҳар бир шахс – инсоният оламининг муҳим бўлаги, айни пайтда, руҳий ва маънавий жиҳатдан ўзига хос, мустақил ва алоҳида олам ҳамдир. Киши табиатидаги бу хусусиятни инобатга олган ҳолда, жамиятда инсонлараро ҳурмат муҳитини яратиш, шу орқали тинчлик, фаровонлик ва тараққиётни таъминлаш учун ахлоқ қоидалари, шунингдек, қонунлар ишлаб чиқилган. Ахлоқдан узоқлашган, қонун устуворлиги таъминланмаган жамиятда тартибсизлик ҳукм суради, низолар келиб чиқади ва бунинг оқибатлари аянчли бўлади. Ушбу ҳақиқатни тарих ҳам тасдиқлайди.

          XI – XIII асрлар – Салиб юришлари. Католикларнинг мусулмонлар ва бошқа дин вакилларига нисбатан олиб борган босқинчилик ҳаракатлари минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлди, урушлар натижасида илм-фан ва маданият таназзулга учради.

          1861 – 1865 йиллар – АҚШдаги фуқаролар уруши. Одамларни ирқий камситишга асосланган қулдорлик тузуми тарафдорларига қарши аёвсиз кураш олиб борилди. Катта қурбонликлар эвазига АҚШда қулдорлик тугатилишига эришилди.

          1939 – 1945 йиллар – II Жаҳон уруши. Ўзга миллатларни камситишга асосланган фашизм ғояси инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинга сабаб бўлди. Дунёнинг ўша вақтдаги деярли 80 фоиз аҳолиси уруш домида қолди. Қарийб 70 миллион киши унинг қурбонига айланди.

          Бу каби аччиқ тажрибалар инсониятга миллатлараро дўстлик, динлараро бағрикенглик, кишилар ўртасида ўзаро ҳурматни таъминлаш муҳимлигини ўргатди.

          Ушбу ҳаётий ғоялар эзгулик ва поклик дини бўлмиш ислом таълимотида ҳам акс этган. Қуръони Каримнинг “Ҳужурот” сураси 11-оятида шундай дейилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир” (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол / 5-жуз. – Т.: “HILOL-NASHR”, 2019. – 552-б.).

          Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли сунна” асарида эса қуйидаги фикр таъкидланади: “Черков ва ибодатхоналарни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқ”.

          Бу борада Хожа Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги ҳикмати ҳам ибратли:

“Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ дилозордан Худо безор”.

Ислом динининг инсонпарвар маърифати қон-қонига сингиб кетган донишманд халқимизда азалдан ҳар бир инсонни қадрлаш, бошқа халқларнинг миллий урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, диний бағрикенглик фазилатлари шаклланган ва шарқона тарбия орқали авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олган.

Биргина мисол, тарих саҳифаларига ўчмас доғ бўлиб муҳрланган II Жаҳон уруши йилларида бағрикенг ва саховатли ўзбек халқи уруш бўлаётган ўлкалардан эвакуация қилинган бир ярим миллиондан ортиқ турли миллат ва элат вакилларига, шу жумладан 250 мингдан зиёд болаларга бошпана берди. Ўзбек халқи улар билан бир бурда нонини баҳам кўрди, “Сен етим эмассан” дея миллатидан қатъи назар барча болажонларнинг бошини силади. Украинада таваллуд топган, уруш туфайли Ўзбекистонга эвакуация қилиниб, ўзбек оиласида ўсиб-улғайган таниқли ҳуқуқшунос олим, профессор Израил Либусдан “Сизнинг Ватанингиз қаер?” деб сўралганда, шундай жавоб берган экан: “Ватан битта бўлади. Мен учун Ватан – Ўзбекистон. Ўзбек халқи оиласига бориб қолганим ҳамда бу улуғ оиланинг аъзоси бўлганим сабабли мени ўзбек деб ҳисоблашади. Мен ўзбек халқининг фарзанди эканлигимдан фахрланаман”.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Юртимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши Конституциямизда кафолатланган. Республикамиздаги таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилса, 10 дан ортиқ тилда газета ва журналлар чоп этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, 138 та миллий маданий марказлар, 34 та дўстлик жамиятлари эркин фаолият юритиб келмоқда.

“Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар вакилларида мамлакат фуқароларининг тенг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича жуда муваффақиятли тажриба мавжуд, – дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг собиқ олий комиссари Кнут Воллебек. – Асл маданий анъаналарни сақлаб қолишда ёрдам берадиган миллий маданий марказлар бор, ўқув жараёни ҳам самарали ташкил этилган. Масалан, ҳам давлат, ҳам ўз она тилларини мукаммал ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Ушбу амалиёт бошқа мамлакатлар учун ўрнак бўла олади”.

Айниқса, сўнгги йилларда демократик ислоҳотлар орқали янгиланиб бораётган Ватанимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”.

Шунингдек, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар миллатлараро дўстлик кўприкларини мустаҳкамлайди, диний эркинликни таъминлашга хизмат қилади. Бутун инсониятни умумбашарий мақсадлар йўлида ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга ундайди. Зеро, барчамизнинг еримиз бир, осмонимиз бир!

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech