Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Мазкур маъруза Болалар омбудсманининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этадиган биринчи маъруза бўлиб, унда мамлакатимизда бола манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг амалга оширилиши, давлат органлари шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка риоя этиш ҳолати бўйича маълумотлар акс этган.

– Ҳисобот йилида Болалар омбудсмани номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан жами 1 минг 64 та мурожаат келиб тушган, – деди Болалар омбудсмани С. Раҳмонова. – 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабуллари ташкил этилган бўлиб, уларда жами жисмоний ва юридик шахслардан 160 та мурожаат бўлган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинги асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан таъсир ҳужжатлари орқали муносабат билдирилиб, 9 та огоҳлантириш, 3 та тақдимнома, 18 та хулоса ва 6 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили негизида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот киритилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган. Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилгани ва ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қарагани учун 7 нафар педагог ходим маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 22 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Ҳисобот даврида болага нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг 3 нафар ходимига интизомий жазо чораси қўлланилган. Боланинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилганлиги сабабли 2 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган.

2024 йилда фуқароларнинг мурожаатлари ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари 46 та фуқаролик, жиноий ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.
Депутатлар болалар манфаатларига оид барча масалаларда шикоятлар (хабарлар) беришнинг самарали ва қулай механизмини яратиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ҳамда 24-сонли тарбия колониясида Болалар омбудсманига шикоят ва хабар бериш юзасидан “Болалар омбудсмани қутиси” ўрнатилганини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, Болалар омбудсманига “murojaat.gov.uz” платформаси орқали мурожаат қилиш йўлга қўйилганига эътибор қаратиб, бундай алоқа механизмлари бола ҳуқуқларини ишончли ва самарали ҳимоя қилинишига бевосита хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Мажлисда Сурайё Раҳмонованинг айтишича, мамлакатимизда 10 134 та умумий ўрта таълим мактабларининг 25 фоизи автомобиль йўлларига яқин ҳудудларда жойлашган бўлиб, бу жойларда болалар .билан йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш эҳтимоли юқори. Шундан келиб чиқиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Вазирлар Маҳкамасига болаларни ҳимоялаш мақсадида мактаб олдида минимал даражада қулай ва хавфсиз шароитларни ташкил этишга мутасадди раҳбарларнинг жиддий эътибор қаратиши зарурлиги масаласини киритган.
Депутатлар Болалар омбудсманининг 2024 йилдаги фаолияти ҳақидаги маърузасини ижобий баҳолаб, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, болаларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари Омбудсман маърузаси юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтди.
Қизғин савол-жавоб ҳамда муҳокамалардан сўнг тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 25.02.2025
- Кўришлар: 907
- Чоп этиш