Болаларга зўравонлик эмас, меҳр кўрсатайлик!

Бугунги кунда фарзанд тарбияси долзарб муаммолардан бири саналмоқда. Зеро, тарбияда бир зум бўлса ҳам кечикиш, эътиборсизлик ёмон оқибатларни келтириб чиқариши шубҳасиз. Хўш, ҳамма ота-оналар фарзандларига меҳр-мурувват кўрсата оляптими?

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда афсуски, болаларга нисбатан зўравонликларнинг турлича кўринишлари акс этган видеолавҳаларга кўз тушмоқда. Булар орасида жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликлар ҳам учраётгани ачинарли, албатта. 

Пойтахтимизда 28-30 апрель кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси – “ЮНИСЕФ”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тренингда таъкидланганидек, оилавий келишмовчиликлар, иқтисодий муаммолар, эътиборсизлик, хавфсиз муҳитнинг етарли эмаслиги зўравонликнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. 

2024 йил 14 ноябрда қабул қилинган, 51 та моддани ўз ичига олган “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни жамиятимизда учраётган зўравонликнинг барча шаклларига барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятга эга. Ҳужжатда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари, жабрланган болалар ҳуқуқлари, хавф остида бўлганларни ҳимоя қилиш, ҳимоя ордери бериш, таълим муассасаларида зўравонликка йўл қўймаслик белгиланган. 

2025 йил 14 майидан бошлаб кучга кирадиган янги қонун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга масъул идоралар ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари белгилаб берилган. Айтиб ўтилганидек, мазкур муҳим қонуннинг ҳаётимизга жорий этилиши  зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади. 

– “ЮНИСЕФ” жамғармаси эксперти Сафинас Ахаеванинг қайд этишича, Статистика агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган Ўзбекистонда Мультииндикатор кластер кузатуви натижаларига кўра, аёлларнинг 40,7 фоизи жисмоний зўравонликни нормал, деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич шаҳар аёллари орасида 37,9 фоиз, қишлоқ аёллари орасида эса 43,1 фоизни ташкил қилмоқда. Бу ҳар тўрт нафардан бир она ўз боласини уриб тарбиялайди, энг камида 10 боладан олти нафари руҳий босим ва тазйиқлар остида улғаймоқда, деганидир. Мазкур ачинарли кўрсаткичлар жуда паст бўлиб, аксарият болалар ҳанузгача зўравонлик элементлари бўлган тарбия усулларига дуч келяпти. Шу сабабли ота-оналар ва педагогларни зўравонликсиз таълимни кенгайтиришга ундаш муҳим ҳисобланади. Бола тарбияси бу – мураккаб мавзу. Таассуфки, барча ота-оналарда ҳам бунга тайёргарлик, яъни ўзига яраша билим йўқ. Аксарият кишилар зўравонликни норма, деб ҳисоблайди. Биз элимиз онигада қотиб қолган стереотипларни ўзгартиришимиз керак. Бу борада оммавий ахборот воситаларидаги тарғибот ишлари муҳим ўрин тутади, – дейди медиа-тренинг қатнашчиси, “Andijon” телерадиоканали муҳаррири Муножот Камолова. 

Анжуманда экспертлар томонидан фойдали тавсиялар берилди. Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир оилада соғлом муҳитни қарор топтириш, фарзандлар тарбиясига меҳр-мурувват кўрсатган ҳолда эътибор қаратиш зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари олдини олишга замин ҳозирлайди. Зотан, болалар бизнинг келажагимиз. Уларнинг тақдирига дахлдорлик ҳисси барчада бўлиши лозим. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири, анжуман иштирокчиси.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech