12 август куни Тошкент шаҳрида “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўз ишини бошлади. Гибрид тарзда, яъни офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилган халқаро анжуманда қатнашаётган хорижий иштирокчиларнинг умумий сони - 40 дан ортиқ мамлакатдан 150 дан зиёд вакил, миллий иштирокчилар эса 350 дан ортиқ кишидан иборат.
Иштирокчилар орасида 13 та халқаро ва 7 та минтақавий ташкилот, 11 та халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, 15 та хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, 7 мамлакатдан ёшлар билан ишлаш бўйича парламентлар ва давлат идоралари, 5 мамлакатдан таълим ва илмий-тадқиқот институтлари, 15 мамлакатдан ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ дипломатик миссия вакиллари бор. Энг асосийси, иштирокчиларнинг 75 фоиздан зиёди бевосита ёшлардир.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, халқаро анжуман иштирокчиларини қутлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатномасини БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси в.б. Ю Ю ўқиб эшиттирди. Мурожаатномада эътироф этилишича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг жорий йил бошидаги 46-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланган ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ишига содиқлиги ва бу борадаги толмас саъй-ҳаракатлари учун БМТ Ўзбекистон ҳукуматининг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлайди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мичель Бачелет ўзининг видеомурожаатида қайд этганидек, бутунжаҳон конференцияси минтақанинг навқирон ёшдаги барча инсонларига барқарор ривожланишга эришишда ёшларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш йўлларини излаш ҳамда бу борада ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият яратади.
БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке ўз видеомурожаатида Ўзбекистон ҳукуматининг ёшлар билан энг олий даражада доимий мулоқотга бўлган астойдил интилиши ва навқирон инсонларни ҳаётий қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш борасида эришган ютуқлари юксак баҳолашга муносиб эканини таъкидлади.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти ва миллий парламент раҳбарияти Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун улкан кўламдаги ишларни амалга оширмоқда.
ЕХҲТнинг Бош котиби элчи Хелга Мария Шмитд БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида илгари сурган бир қатор муҳим ташаббусларнинг аҳамиятига юқори баҳо берди. Элчи Х.М.Шмитд таъкидлаганидек, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг ҳам, ЕХҲТнинг ҳам умумий мақсади ҳисобланади.
Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризонинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон олий раҳбарияти ва парламентининг ёшларга муносабати ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақиқатан ҳам юксак баҳога лойиқдир.
ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси Президенти Маргарета Седерфельт Халқаро ёшлар кунида иш бошлаган Бутунжаҳон конференциясининг диққатга сазовор дастурини тайёрлаганлари учун барча ташкилотчиларга миннатдорчилик изҳор қилди. Шунингдек, М. Седерфельт Ўзбекистон ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида изчил иш олиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
МДҲ Ижрочи котиби – Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев ўзининг видеомурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали фаолиятига ва ёшларга тааллуқли халқаро ташаббусларига юқори баҳо берди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Ольга Кулаева COVID-19 пандемияси шароитига қарамай, Ўзбекистон ёшларга доир муаммолар бўйича шундай муҳим мулоқотни ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди. О.Кулаева Ўзбекистонда болалар меҳнати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли натижалар қўлга киритилганини мамнуният билан қайд этди.
Бутунжаҳон конференцияси очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтмоқда. Конференциянинг илк кунида 67 нафар маърузачи сўзга чиқди. Шундан 49 нафари хорижий экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳисобланади. Миллий маърузачилар 18 нафар бўлиб, 10 нафари ёшлардир.
Халқаро анжуманнинг 3 та ялпи ҳамда 3 та параллел сессияларида 20 дан ортиқ иштирокчи мунозараларда иштирок этди. Ушбу қизғин мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Конференциянинг биринчи куни тафсилотлари 50 дан ортиқ маҳаллий ва 10 дан ортиқ хорижий ОАВда ёритилди. Халқаро анжуман иши, шунингдек Интернет ва ижтимоий тармоқларда, хусусан, Telegram, Instagram, Facebook, Linkedin, Twitter, Vkontakte ва бошқа тармоқларда кенг ёритиб борилмоқда. Ю-туб канали орқали бевосита жонли эфирга узатилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.08.2021
- Кўришлар: 3638
- Чоп этиш