Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаатлари йўлида, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, унинг истиқболини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан муқаддас ислом динининг анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ҳақиқий эътиқод билан сохта диний қарашлар ўртасини аниқ ажратиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушмаслиги чораларини кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оқилона ислоҳотлар олиб борилмоқда.
2024 йилнинг 2 декабрь куни Буюк Британиянинг Кембриж университетида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган тақдимотда дунёнинг етакчи олимлари Ўзбекистон Президенти томонидан диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган пухта сиёсат таҳсинга лойиқ экани, Марказий Осиёдаги барқарорликка катта ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этганларини ҳам юқоридаги фикрларнинг далили сифатида қайд этиш мумкин.
Афсуски, дунёнинг айрим ўлкаларида ижтимоий, хусусан, диний соҳада амалга оширилган нўноқ сиёсат оқибатида халқ билан ҳукумат ўртасида келишмовчиликлар чиқиши, этноконфессионал зиддиятлар кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса бутун дунёдаги хавфсизлик ва барқарорликка жиддий хавф туғдирадиган омил бўлиб, барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни янада ошириш, жараёнлардан тўғри хулоса чиқариб иш кўришни талаб қилади.
Юртимизда“Инсон қадри учун” деган ҳаётий тамойилга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар кўп миллатли халқимизнинг фаол қўлловига эришмоқда. Бундай оқилона тадбирларнинг ижобий самарасини диний соҳада айниқса, яққол кўриш, ҳис қилиш мумкин. Юртдошларимиз виждон эркинлигини таъминлаш, эмин-эркин ибодат қилиш учун яратилган шароитлардан рози эканликларини ҳар қадамда изҳор этмоқдалар. Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган етти йилда 91 та масжид давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, ноисломий жамоаларнинг 23 та янги диний ташкилоти фаолият бошлади.
Шу ўринда, Янги Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда диний вазият барқарорлигини таъминлаш борасида эришилаётган муваффақиятнинг асосий омили нимада, деган савол эксперт ва илмий доира вакилларини қизиқтириши табиий.
Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотларнинг амалий жиҳатларини қуйидагиларда кўриш мумкин:
Виждон эркинлигининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари тўлиқ янгиланди. 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакат дунёвий давлат экани, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги эълон қилинди. Шунингдек, 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият юритишининг қонуний асослари кафолатланди. 2017 йилдан шу вақтга қадар диний-маърифий соҳа фаолиятини тартибга солишга оид 3 та қонун, Президентнинг 36 та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 19 та қарори қабул қилинди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, диний-маърифий соҳа ўта ҳассос ва мураккаб бўлиб, ушбу йўналишдаги ҳар қандай қарор узоқни ўйлаб, халқимиз таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесиш тамойили асосида қабул қилинмоқда. Айни вақтда, халқнинг узоқ йиллик тарихий тажрибаси, эътиқодий ўзига хослиги, истиқболдаги орзу-интилишларини инобатга олмаган чора-тадбирлар ҳеч қандай наф келтирмаслигини ўтган йиллар тажрибаси кўп бора исботлаб берган. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг диний соҳада қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни шошма-шошарликка берилмасдан, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиш бўйича ташаббусларини оқилона тадбир сифатида баҳолаш мумкин.
Диний соҳада барқарор сиёсатнинг тайёр моделини четдан импорт қилиб бўлмайди. Албатта, бу борада халқаро тажриба муҳим аҳамиятга эга. Лекин ҳар қандай тажриба миллий-диний қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, Ўзбекистоннинг кўп миллатли ва кўп конфессияли шароитини ҳисобга оладиган, энг асосийси, миллий манфаатларимизга мос бўлиши лозим.
Глобал халқаро ташаббуслар дунё эътиборида
Ўзбекистон Президенти халқаро майдонда исломнинг эзгулик, илм-маърифат ва бағрикенгликка асосланган таълимотини очиб бериш, экстремизм, терроризм ва исломофобияга қарши курашишга қаратилган глобал ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда.
Жумладан, 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Ўзбекистон Президенти 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан, шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ортиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Таълимга асосланган ислоҳотнинг пойдевори мустаҳкам бўлади
Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда Ўзбекистонда диний таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси таъсис этилди. Академия исломшунослик, диншунослик, манбашунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи республикадаги таянч таълим муассасаси ҳисобланади.
Яна бир жиҳат, Ўзбекистонда имом-хатибларнинг билим ва касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Малака ошириш маркази ва унинг 4 та ҳудудий филиали фаолияти йўлга қўйилди. Унда ҳар йили юзлаб имом-хатиблар бугунги воқелик талабларидан келиб чиқиб, билим ва кўникмаларини оширмоқдалар.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийдек буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.
Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Қайд этиш керакки, Мир Араб мадрасаси ўз фаолияти давомида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрларни етиштириб берган. Бугун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар, дин арбоблари айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчилари ҳисобланади.
Шунингдек, қадимий Термиз заминида буюк муҳаддис Имом Термизий номи билан аталадиган янги халқаро илмий-тадқиқот маркази, институт ва диний таълим муассасаси фаолият бошлади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа Термизий алломаларнинг 30 дан зиёд асари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.
Мусулмонлар эътиқодини тўғриловчи, уларни ҳидоятга бошловчи деган улуғ шарафга муяссар бўлган аждодимиз, аллома Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги кундаги долзарб аҳамиятини эътиборга олиб, 2020 йилда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди. Ҳозирга қадар Марказ томонидан буюк аждодимиз қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон”, “Китоб ат-тавҳид” асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.
Таъкидлаш керакки, ушбу марказлар халқимиз ва мусулмон умматига ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар муҳим аҳамиятга эга.
Диний соҳага юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси
Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари, жумладан, имом-хатибларнинг жамиятда аҳиллик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зиёратгоҳлар, масжидлар, диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дину диёнатимиз, улуғ алломаларимизга ҳурмат рамзи сифатида 500 дан ортиқ масжид ва мадрасалар, табаррук зиёратгоҳлар таъмирланди. Хусусан, Тошкент шаҳрида “Имом Термизий”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота”, Қарши туманида “Абу Муин Насафий” масжид-мажмуалари, Наманганда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ва етти пир зиёратгоҳлари каби кўплаб табаррук манзилларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Худди шундай бунёдкорлик ишлари Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида ҳам жадал давом этмоқда. Муҳаддислар имомининг қабри жойлашган ушбу гўзал мажмуа 2025 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ҳеч шубҳасиз, ушбу табаррук макон дунё мусулмонларининг эъзози, эътибори ва эҳтиромидаги ташриф манзилига айланади.
Бундай бунёдкорлик ишларидан кўзланган асосий мақсад буюк ўтмишни ҳозирги кун билан боғлаш орқали халқимизнинг маънавий салоҳиятини ошириш ҳисобланади.
Буюк тарих – маънавий тараққиёт пойдевори
Мовароуннаҳр – ҳозирги Ўзбекистон илм-фан ва маданиятнинг тарихий марказларидан бири бўлган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар, буюк мутафаккирлар ўз даврида Шарқда биринчи ва иккинчи ренессанс даврини бошлаб берган.
Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим мақсади – Ўзбекистоннинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини тарғиб қилиш орқали ёшларни маърифатга рағбатлантириш, инновацион ривожланишнинг бой миллий меросга асосланган янги тараққиётига йўл очиш ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, олдимизда турган муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2018 йилда Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, 2020 йилда Имом Мотуридий, 2024 йилда Имом Термизий илмий меросига бағишланган халқаро анжуманларда жаҳоннинг 100 дан зиёд нуфузли уламолари, илмий доира вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурилган ташаббус доирасида 2024 йил Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Дунёнинг 22 та мамлакатидан 70 дан ортиқ дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этган ушбу нуфузли анжуманда дунёда тинчлик ўрнатиш, уруш ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурати таъкидланди, диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси намуна сифатида кўрсатилди.
Душман эмас, дўст тутиш сиёсати
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда турли ёт оқимлар таъсирига берилиб, қилган ишидан пушаймон бўлган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берилмоқда. Қилган хатосини англаб етган ва тузалиш йўлига кирган шахсларнинг оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишига имконият яратилди.
Ўзбекистон раҳбарининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги инъикосини Сурия ва Ироқдан юртимизга қайтарилган фуқароларимиз мисолида ҳам англаб етиш мумкин. “Меҳр” номли махсус операциялар амалга оширилиб, 500 нафарга яқин аёллар ҳамда болалар уруш ўчоқларидан Ўзбекистонга қайтарилди.
Амалга оширилган бу ишлар жамиятда радикализм ва экстремизмнинг олдини олиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг исломнинг бунёдкорлик, илм-маърифат ва асл инсонийликка йўғрилган таълимотини тўғри англаб, унга тўғри амал қилишига эришишда ғоят муҳим ўрин эгаллади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, одамларнинг билими, дунёқарашини оширмай туриб, барқарор маънавий муҳитни таъминлаш амримаҳолдир. Бинобарин, экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг фаолият услубига эътибор берилса, улар асосан жамиятнинг заиф ижтимоий қатламлари, билим савияси паст, танқидий фикрлаш салоҳиятига эга бўлмаган тоифадаги шахслар билан ишлашга диққат қаратиши аён бўлади.
Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига катта эътибор қаратилиши, айниқса, мактаб таълимини ривожлантириш, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, моҳият эътиборига кўра, узоқни кўзлаган, стратегик аҳамиятга эга буюк мақсадлардан бири эканини кўриш мумкин. Бугунги кунда юртимизда мазкур соҳада эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар халқаро миқёсда нуфузли экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилаётганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, дин асосларини чуқур тушунадиган малакали кадрлар тайёрлашга замин яратиб, жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда.
Шаҳзод Исломов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ЎзА
- Қўшилди: 25.02.2025
- Кўришлар: 974
- Чоп этиш