2021 йил 10 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Фёдор Достоевский таваллудининг 200 йиллигига бағишланган “Дунёни гўзаллик қутқаради” номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ШҲТ – Халқ дипломатияси маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги Россия фан ва маданият маркази томонидан ташкил этилган адабий анжуманда Достоевский асарларини ўзбек тилига таржима қилган таржимонлар, адабиётшунослар, олимлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маърифий анжуманни Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов олиб борди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли таржимон ва адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Тошкент шаҳридаги Россия фан ва маданият маркази раҳбари Михаил Вождаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, ШҲТ – Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази директори, ёзувчи Эркин Абдураҳмонов, шоир Шукур Қурбон ва бошқалар сўзга чиқди.
Сўнгги йилларда халқимизни рус адабиётининг бебаҳо адабий хазиналаридан баҳраманд этиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019-2021 йилларда “Рус адабиёти дурдоналари” туркумида 100 жилдли китоблар нашр этилди. Улар орасида дунё тан олган буюк адиб Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, “Иблислар”, “Ака-ука Карамазовлар” каби нодир асарлари ҳам бор. Ушбу асарлар китобхон дунёқарашини ошириши, унинг маънавиятини юксалтириши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Анжуман доирасида 2021 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган “Ҳаётий ҳикматлар ва танбеҳлар” асарининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Академик А.Х.Саидов томонидан нашрга тайёрланган ушбу китобда улуғ рус адиби ва мутафаккири Фёдор Достоевский ижодидаги «Буюк беш китоб» дея эътироф этиладиган туркумга кирувчи «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», «Иблислар», «Ака-ука Карамазовлар», шунингдек, ёзувчи қаламига мансуб яна қатор асарлардан саралаб олинган ҳаётий ҳикматлар ва танбеҳлар жамланган.
Панд-насиҳат ва танбеҳ, фавқулодда ўхшатиш ва ноодатий ёндашув руҳидаги ушбу ҳикматлар зукко китобхонни беэътибор қолдирмайди, денгиздан томчи мисол китобхон қалбига кириб бориб, уни келгусида адиб асарларини тўлиқ ҳолда мутолаа қилишга ундайди.
Китобда жаҳон адабиётининг ёрқин вакили Фёдор Достоевский ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган.
Фёдор Достоевский 1821 йил 30 октябрда Москва шаҳрида дворян оиласида таваллуд топган. У адабиёт оламига XIX асрнинг қирқинчи йилларида кириб келган. Илк йирик асари “Камбағаллар” романи 1846-йилда нашр этилган. Роман катта шов-шувларга сабаб бўлган. Адабиётшунослар, “Рус адабиётида янги Гоголь туғилди!”, дея ёзувчига таъриф беришган. Машҳур адабий танқидчи В.Г.Белинский, “Ушбу роман рус ҳаётининг шу пайтгача ҳеч кимнинг ҳатто тушига кирмаган сир-асрорлари, феъл-атвори ва табиатини очиб берди”, – дея асарни юқори баҳолаган.
1850 йилгача унинг “Уй бекаси” (1847), “Ожиз юрак” (1848), “Ойдин тунлар” (1848) қиссалари, “Петербург йилномалари” (1847) очерки, “Тўққиз мактубдаги роман” (1847), “Жаноб Прохарчин” (1846), “Ползунков” (1848), “Ҳалол ўғри” (1848), “Арча ва никоҳ” (1848) каби ҳикоялари чоп этилган.
Шундан сўнг унинг “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” (1861), “Ўлик уйдан мактублар” (1860-1861 йиллар) романлари, “Ер остидан битиклар” (1864) қиссаси, “Ёзги таассуротлар ҳақида қишки қайдлар” (1863) очерки бирин-кетин нашр этилган.
1865 – 1881 йиллар даҳо адиб Фёдор Достоевский ижодининг камолотга етган даври ҳисобланади. Бу даврда унинг “Қиморбоз” (1865), “Жиноят ва жазо” (1866), “Телба” (1868), “Иблислар” (1871-1872), “Ўспирин” (1875), “Ака-ука Карамазовлар” (1879-1880) романлари ёзилган. Мазкур романлар адиб ижодининг гултожи саналади ва жаҳон адабиётининг дурдоналари сифатида эътироф этилади.
Нодир истеъдод соҳиби Фёдор Достоевский асарларининг салмоқли қисми ўзбек тилига таржима қилинган. Бу борада ўзбек таржима мактабининг дарғаларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғафуровнинг хизматлари беқиёс. У Фёдор Достоевскийнинг “Буюк беш китоб”и – “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, “Иблислар” ва “Ака-ука Карамазовлар” романларини салкам чорак аср давомида маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган. Таржима – асар руҳига кира олиш ва уни аслиятдан қолишмайдиган савияда қайта яратишдек масъулиятли жараёнлигини, Фёдор Достоевскийнинг ёзиш услуби ниҳоятда мураккаб эканини инобатга олсак, Иброҳим Ғафуровнинг ушбу буюк хизматлари, шубҳасиз, ҳақиқий адабий жасоратдир.
Шунингдек, Фёдор Достоевскийнинг ўзбек тилига таржима қилинган илк йирик асари “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романини Ҳабиба Зиёхонова, “Камбағаллар” романини Абдулла Хўжахонов ва Амир Файзулла, “Ойдин тунлар” қиссасини Нурбек, “Маъсума” ҳикоясини Тоҳир Малик, “Кулгили одамнинг туши” ҳикоясини Мирзааҳмад Олимов, “Мактублар” эпистоляр асарини Абдуҳамид Пардаев ўзбек тилига маромига етказиб таржима қилганлар. Олим Отахонов “Ўлик уйдан мактублар” романининг айрим бобларини ўзбек тилига ўгирган.
“Ҳаётий ҳикматлар ва танбеҳлар” китобида Фёдор Достоевскийнинг ҳозирга қадар ўзбек тилига таржима қилинган барча асарларидан олинган афоризмлар жамланган. Ҳар бир бадиий асар ҳамда унинг таржимони тўғрисида мухтасар маълумот берилган.
Тадбир мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари ва ижод мактаблари ўқувчиларига онлайн тарзда намойиш этилди. Россиянинг Ф.М.Достоевский номидаги кутубхонаси ва адиб уй-музейи раҳбарияти билан онлайн-мулоқотлар ҳам бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.11.2021
- Кўришлар: 5076
- Чоп этиш