Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган "Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз пойтахти – Тошкентда янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганига бир йил тўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғининг тантанали очилиш маросимида таъкидлаганидек, "Бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади".
"Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси – Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган муҳташам боғ айнан шундай номлангани бежиз эмас. Бинобарин, мажмуа “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, "Кўз ёши" монументлари ҳамда “Шон-шараф” давлат музейи каби муҳим ёдгорлик объектларини ўзида қамраган.
Хусусан, мажмуа ёдгорликлари таркибидаги "Кўз ёши" монументи тубсиз гирдоб шаклида ишланган. Бунда даҳшатли уруш қанчадан-қанча инсонларни – миллати, дини ва жинсидан қатъи назар – абадул-абад ўз домига тортиб кетгани тасвирланган.
Мусулмон, насроний, яҳудо каби турли динларга мансуб инсонлар хотирасига ўрнатилган қабртошлар урушда ҳалок бўлган ва йўқсизлик сари йўл олган саф-саф аскарларга ўхшайди. Гирдобнинг ҳар бир қатида 1941-1945 йилларда ҳалок бўлган жангчиларнинг сони йилма-йил алоҳида қайд этилган.
Энг олдинги қатламда урушгача яшаган ва уруш даврини кўрган инсонларнинг табассумли чеҳралари акс этган фотосуратлар жойлаштирилган. Уларнинг беғубор нигоҳларидан бир дунё орзу-ҳаваси ва ҳаётга бўлган чексиз муҳаббатини шундоққина уқиб олиш мумкин. Ёдгорлик остонасидаги сув сатҳи эса қайғу ва андуҳ кўз ёшларидан ҳосил бўлган кўлни англатади.
«Кўз ёши» мажмуаси – давлатимиз раҳбари ташаббусининг меъморий-фалсафий жиҳатдан нодир ечимини топган яна бир ғаройиб самарасидир. Эътибор қилсангиз: у инсоннинг кўзи шаклида яратилганини кўрасиз. Улкан кўз гавҳаридаги юзлаб қабртошлар турли миллат ва динга мансуб кишиларга ўрнатилган.
Бу ҳам урушнинг дин, миллат танламаслигини, ҳар қандай ёвуз ғояларга бутун инсоният бир мушт бўлиб бирлашиб курашиши зарурлигини уқтириб турибди. Мазкур ғоявий-бадиий мажмуада урушнинг нечоғлик мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамларнинг тенглиги ва ўзаро ҳамдардлиги ўз ифодасини топган.
«Кўз ёши» мажмуасининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш жуда муҳим. Бунинг учун Миллат Сардори ғоялари асосида Ғалаба боғи фалсафасига сингдирилган 12 ҳалқали туйғулар силсиласини бирма-бир талқин қилиш кифоядир.
Биринчи ҳалқа – ЗИЁРАТ ТАРАДДУДИ. Ҳар қандай ташрифу зиёрат, энг аввало, остонадан бошланади. Остона ҳатлаб ташқарига чиқиш инсонга қанчалик мажбурият юкласа, остона ҳатлаб ичкарига киришнинг ҳам шунчалик масъулияти, таъбир жоиз бўлса, ўзига яраша талаблари бор.
Ғалаба боғига ташриф буюрадиган ҳар бир инсон муайян даражада тараддуд кўрган бўлиши, яъни ҳам жисман, ҳам қалбан, ҳам руҳан покланиб олиши тақозо этилади.
Иккинчи ҳалқа – ВАТАН ТУЙҒУСИ. Ғалаба боғи зиёратчилари Марказий хиёбонга қадам қўйиши билан жанггоҳларда қаҳрамонлик кўрсатиб, фронт ортида машаққатли меҳнат қилган жасоратли ва матонатли, бағрикенг ва оқибатли ўзбек халқининг азиз бир гўшасида – мўъжаз Ўзбекистон бағрида эканини яққол ҳис этадилар.
Учинчи ҳалқа – УРУШ ДАҲШАТИ. Марказий хиёбоннинг ўнг ва сўл тарафларида ўрнатилган бадиий барельефларда, яъни деворга ишланган бўртма нақшларда Иккинчи жаҳон урушининг бутун даҳшати ва фожеалари ҳаққоний очиб берилган.
Фашизмнинг инсониятга нисбатан ёвуз жиноятлари ва мисли кўрилмаган шафқатсизликлари ҳар қандай инсоннинг қалбини ўртаб, нафрату ғазабини янада оширади. Барчамизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга, тинчлик учун курашиш ва осойишта ҳаётнинг қадрига етишга, она-Ватанни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ундайди.
Тўртинчи ҳалқа – ДАХЛДОРЛИК. Ўзбек халқи қарийб 2 миллион нафар фарзандини жанггоҳларга йўллаб, уруш қандай натижа билан якун топишини бефарқ ва бепарво кузатиб туролмасди.
Ғалаба боғидаги махсус композицияларда халқимизнинг фронт ортидаги машаққатли ва заҳматли меҳнати ҳамда метин иродаси, сўнмас қадри, юксак бағрикенглиги ва инсонпарварлиги орқали оламшумул ғалабага қўшган улкан ҳиссаси очиб берилган.
Бешинчи ҳалқа – МОТАМ ва АНДУҲ. Бу ҳазин нолали туйғулар бевосита «Кўз ёши» мажмуасининг туб моҳиятини белгилайди. Бу ажиб мажмуадан жой олган монумент ва композициялар Иккинчи жаҳон уруши даврида мардларча ҳалок бўлган, жанггоҳлардан ўз уйига ногирон ҳолда қайтган, душман концлагерларида азобланган ватандошларимизнинг изтироб ва мусибатларидан сўзлайди, гўё.
«Кўз ёши» мажмуаси фарзандидан жудо бўлган қанчадан-қанча муштипар ва хокисор оналар, ишонган тоғи, суянган бекидан айрилиб бева қолган навниҳол бекалар, орият ва ғурур ҳимоячилари бўлмиш оталари, ака-укаларидан бевақт маҳрум бўлган мушфиқ опа-сингиллар ва бевақт етим қолган фарзандларнинг мотамзада, андуҳли ва мунгли кўз ёшларини ўзида мужассам этгандек.
Олтинчи ҳалқа – ШОД-ХУРРАМЛИК. Халқимизнинг «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ» деган мақоли уруш йилларида айниқса долзарблик касб этди. Фашизмга қарши курашган бошқа халқлар қатори ўзбек халқи ҳам узоқ кутилган шонли Ғалаба нашидасига ниҳоят етишди.
Ғалаба шукуҳи ҳар бир инсон ва ҳар бир хонадонга севинч улашди. Ғалаба қувончи юртимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда шоду хуррамлик тантаналарини бошлаб берди. Бу шодиёналар эндиликда янги босқичда намоён бўлиб, янада юксак пардаларда тараннум этилмоқда.
Еттинчи ҳалқа – ШУКРОНАЛИК ОДОБИ. Яхшиликлар ва бунёдкорликларнинг бардавом бўлиши шукроналигимизга боғлиқдир. Неъматларнинг зиёда бўлишини хоҳлаган киши унинг шукрини адо этиши кераклиги муқаддас Қуръони каримда қуйидагича изоҳланади: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Уруш касофати туфайли юрт вайронага айланди, халқ жуда қашшоқлашди. Лекин эл-юртнинг озодлиги ва ҳурлиги ўзида, халқимиз қалбида қолди. Урушдан кейинги йилларда халқимиз белини янада маҳкам бойлаб, шукроналик туйғусини қалби ва руҳига жойлаб ёруғ истиқболни, яхши кунларни бунёд этишга киришди. Ғалаба боғидаги навқирон авлодларимиз учун мўлжалланган турли интеллектуал майдончалар ва замонавий ўйингоҳлар тинчлик ҳамда мустақиллик замонида юртдошларимизга хос шукроналик ва миннатдорлик туйғуларининг ёрқин тимсолларига ўхшайди.
Саккизинчи ҳалқа – ШОН-ШАРАФ. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида кўрсатган беқиёс қаҳрамонликларини ҳар қанча шарафласак, ардоқласак ҳам оздир. Халқимизнинг фронт ортидаги сермашаққат, аммо ҳалол ва шонли меҳнати таҳсину олқишларга муносибдир. Халқимизнинг душман истило этган ҳудудлардан юртимизга эвакуация қилинган турли миллат вакиллари ва норасида болаларни қучоқ очиб кутиб олгани, уларга меҳрибонлик ва ҳамдардлик, шафқат ва мурувват кўрсатгани том маънода шон-шараф тимсолидир.
Тўққизинчи ҳалқа – ФАХР-ИФТИХОР. Ёвузлик устидан эзгуликнинг албатта ғалаба қилиши абадият қонунидир. Шу маънода, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган тарихий ғалабада миллатдошларимиз, ўзбек фарзандлари кўрсатган тенгсиз жасорат, қонли жанггоҳларда она Ватан учун жон олиб, жон берган ўғлонларимизнинг шонли юришлари, шубҳасиз, бугун ҳар биримизнинг кўксимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Бу туйғу бизга тинчлик учун курашмоқ кераклигини англатиб, шунга даъват этиб туради.
Ўнинчи ҳалқа – ҒАЛАБА СУРУРИ. Ўз даврида буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари жангларда эришган ғалабалари сурурини халқ билан баҳам кўрган. Яъни, ҳар бир зафарли юришдан кейин тўй-тантаналар қилинган, элга ош берилган, тўкин зиёфатлар уюштирилган, қаҳрамонлар муносиб тақдирланган, айбдорлар эса гуноҳининг юкига қараб афв этилган.
Шу нуқтаи назардан, Ғалаба боғида 700 кишига мўлжаллаб маҳобатли амфитеатр қурилгани ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир. Бу ерда эндиликда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалаба куни, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрамлари нишонланади. Иккинчи жаҳон урушига оид турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилади. Амфитеатрда олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларининг қасамёд қабул қилиш маросимлари ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳам барча шароитлар муҳайё этилган.
Ўн биринчи ҳалқа – КУЧ-ҚУДРАТ. Ғалаба нафақат унга бўлган қатъий хоҳиш-ирода, балки мустаҳкам куч-қудратнинг ҳам ҳосилидир. Ғалаба боғидаги майдончалардан ўрин олган артиллерия, зенит қурилмалари уруш жараёнида туб бурилиш ясалишида алоҳида ўрин тутган.
Ўз даврида афсонавий «Катюша»лар, енгилмас Т-34 танклари, Як-2, Як-8, Ил-2, ЛА-5, И-16 қирувчи ва Пе-2, Ту-2 бомбардимончи самолётлари душманни зир титратган, ёвга ваҳшат солган. Бу техникалар ва Тошкентда ишлаб чиқарилган ЛИ-2 транспорт самолёти, турли автотранспорт воситаларининг асл нусхаларини томоша қилиб, Ғалаба боғи зиёратчилари ота-боболаримиз жанг қилган даврнинг ҳарбий техникаси ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишлари тайин.
Ўн иккинчи ҳалқа – АЗМУ ШИЖОАТ. Урушда ғалабани фақат жанг майдонларидаги жасорат билангина таъминлаб бўлмайди, бунинг учун фронт ортидаги чексиз матонат ҳам талаб этилади. Халқимизнинг уруш давридаги матонатли меҳнати Ғалаба боғида Ўзбекистон темир йўлчиларининг азму шижоати мисолида, айниқса, яққол ифодалаб берилган.
Пўлат излар орқали уруш ҳудудларидан қанчадан-қанча аҳоли, саноат корхоналари, ярадор аскарлар мамлакат ичкарисига ташиб келинган. Ўз навбатида, мамлакатдан фронтга миллионлаб жангчилар, жанговар техника, ўқ-дори ва озиқ-овқатлар етказиб берилган.
Шунингдек, темир йўл ва саноат корхоналари қурилиши билан боғлиқ ишларга 150 минг нафар юртдошимиз ялпи сафарбар этилган. Уларнинг 15 минг 131 нафари – Свердловск вилоятига, 7 минг 427 нафари – Челябинск вилоятига, 2 минг 212 нафари – Пермь вилоятига, 2 минг 523 нафари – Оренбург вилоятига, 2 минг 357 нафари – Бошқирдистон ва 2 минг 980 нафари – Удмуртистонда меҳнат қилган.
Бундан ташқари, 1943-1944 йилларда душмандан озод қилинган ерларга 13 минг нафардан зиёд ўзбек темир йўл мутахассислари юборилган. Юртимиздаги касб-ҳунар билим юртларидан юборилган ёш мутахассислар сони эса 15 минг нафардан ортиқдир.
Шу мавзуга боғлиқ яна иккита рақам: биринчидан, уруш йиллари Ўзбекистонда 15 та электр станцияси қурилган; иккинчидан, 1945 йилга келиб юртимизда қазиб олинган кўмир миқдори 105 минг тоннадан зиёдни ташкил этган.
Бу далилларнинг барчаси уруш даврида халқимиз фронт ортида ҳам беқиёс фидойилик намуналарини кўрсатганлигини рўй-рост тасдиқлайди.
Шундай қилиб, «Кўз ёши» мажмуасининг ғояси жуда теран ва фалсафий қамрови ниҳоятда кенгдир. Бу ғоя ва фалсафага асос қилиб олинган кўз ёши – халқимизга хос кўнгли юмшоқлик, меҳрибонлик, дардкашлик, мусаффолик ва поклик белгиси. Зеро, ўрни келганда йиғлай билиш бандага берилган илоҳий неъматдир.
Кўз ёши банданинг Парвардигор раҳматига бўлган умидворлик ҳисси, ихлос ва ёлворишнинг юқори чўққисидир. У ҳаммада ҳам кузатилавермайди. Тош қотган қалб эгаларидан кўп ҳам кўз ёш чиқавермаслигининг сабаби шунда.
Йиғи – Худога яқинлик ҳиссини ошириб, Яратганнинг ажру раҳматига сазовор бўлишнинг муҳим омили. Баъзан тўйиб йиғласангиз – дардингиз енгиллашиб, ғуссадан фориғ бўласиз.
Мумтоз адабиётимиз намояндалари ўз асарларида кўз ёши ҳақида кўп ҳикматларни ёзиб қолдирганлар. Мисол учун, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари: «Илоҳи кўнглимни дарду шавқинг билан овут ва кўзимни надомат ашки селоби ила равшан тут», – деб Яратганга ёлвориб муножот қилганлар.
Чақалоқ ҳам бу ёруғ оламга йиғлаб келади. Агар унинг йиғи овози чиқмаса, катталар ҳатто ташвишга тушиб, саросимада қолади. У йиғласагина ғам-андуҳлар ариб, дилларга сурур ва сокинлик киради.
Алломаларимиз таъбири билан айтганда, кўз ёши раҳмат бўлса керакки, бирор аъзонгиз оғриса, оғир мусибатда қолсангиз, яқин инсонингиздан айрилсангиз, танишларингиздан бири оғир бемор бўлса ёхуд адолатсизликка дуч келсангиз ноилож йиғлайсиз. Дуога қўл очиб, кўзингиз ёшга тўлиб, илтижо қиласиз.
Кимдир ҳеч кимга сездирмай пинҳона йиғлайди. Яна кимдир қаттиқ хурсандлигидан, муваффақият қозонганидан, орзулари амалга ошганидан ўзини тўхтатолмай ошкора қувонч кўз ёшларини тўкади. Шу маънода, «Кўз ёши» мажмуасида шундай эзгу ва пок ният диллардан тилларга кўчиши табиий: «Илоҳим, раҳмат булоғининг меваси саналмиш хурсандчилик ёшларидан ҳеч кимни айирмасин».
Мухтасар айтганда, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди.
Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, "халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда".
Шунинг учун босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч
ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 30.04.2021
- Кўришлар: 4149
- Чоп этиш