Яқинда халқимиз таниқли жамоат арбоби, академик Акмал Саидов муаллифлигида нашрдан чиққан “Ғалаба боғи фалсафаси” номли асар билан танишиш имкониятига эга бўлди. Номидан ҳам кўриниб турибдики, ушбу китоб Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабага ўзбек халқи ва унинг жасур жангчи фарзандларининг қўшган улкан ҳиссасини бугунги кун руҳи ва талаби асосида ёритишга мўлжалланган.
Маълумки, инсоният ўз тарихида кўплаб даҳшатли урушларни бошидан кечирган, лекин улар ичида энг даҳшатлиси Иккинчи жаҳон урушидир. Чунки бундай қирғинбарот уруш тугаганига ярим асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, унинг одамлар қалбига солган жароҳати, қийинчилигу -жабру ситамлари, азоб-уқубатлари ҳали-ҳануз унутилгани йўқ.
Шу маънода мамлакатимизда Ғалаба боғининг ташкил қилиниши ўзига хос тарих фалсафасига эга эканлигини мазкур асар орқали яна бир бор чуқур англаш мумкин.
Аввало шуни айтиш керакки, биз муносабат билдираётган тарихий асарда муаллиф юртимизда “Ғалаба боғи”ни ташкил қилиш ғоясининг нафақат ташаббускори, балки ушбу мажмуа ёдгорлигини мазмун-моҳиятан, халқимиз ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш руҳида тарбияловчи масканга айлантиришда муҳтарам Прездентимиз раҳнамо эканликларини адолатли тарзда кўрсатиб берган.
Жумладан, А.Саидов “Тошкент шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ана шу ўзбекона фалсафа, таъбир жоиз бўлса, халқона сиёсатнинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Бундай бунёдкорона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир”, - деб адолатли фикр билдирган.
Китобда ўринли таъкидланганидек, Ғалаба боғи фаолиятини ташкил этиш ҳақида 2020 йилда қабул қилинган Президент қарорлари асосида бу борада катта ишлар амалга оширилгани мисоллар, далиллар билан аниқ кўрсатилган. Шунингдек, меъморий жиҳатдан ҳам МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ ноёб ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тарихи, мазмун- моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган.
Муаллифнинг фикр-мулоҳазалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, расмлар, тасвирий санъат асарларидан намуналар билан асосли ифодаланган.
Шу ўринда бир ҳолатни эслашни лозим деб биламан. Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2018 йил Наманганга ташриф буюриб, 2 май куни Норинда вилоят фаоллари билан учрашувда буюк алломалар меросини, шунингдек юртимиздан етишиб чиққан саркардалар ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, хусусан, ўзбек фарзанди - генерал Собир Раҳимов жасорати ҳақида ёшларга тушунча бериш муҳимлиги, унинг унутилаёзган номини халқимизга қайтариш тарихий адолатни тиклаш бўлур эди, деб фикр билдирган эдилар.
Президентимизнинг ташаббуслари билан Иккинчи жаҳон урушининг жасоратли қаҳрамони, ўзбек ўғлони - генерал Собир Раҳимов номи халқимизга қайтарилгани, бу билан тарихий адолат қарор топгани, ёдгорлик мажмуасида “Мангу жасорат” монументи қад ростлагани китобда ёрқин кўрсатилган.
Китобда, шунингдек Янги Ўзбекистонда бунёд этилган Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи мазмун-моҳиятини очишдан кўзланган мақсадлар билан ўша суронли йиллар манзараси таҳлилига хизмат қилувчи ҳолат ва жараёнлар ҳар бир фуқаро кўз ўнгида ишончли гавдалантирилган. Айниқса, “Матонат мадҳияси” деб аталган меъморий обида она-Ватан рамзи сифатида қад ростлагани ғоят таъсирли кўрсатилган.
Бир сўз билан айтганда, “Ғалаба боғи” тарихий-бадиий ёдгорлик мажмуаси – қаҳрамон аждодларимизнинг муносиб номларини қайта тиклаш ва уларни абадийлаштириш, шулар мисолида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим бадиий кўргазмали воситаси, шунингдек уруш жасоратларини ҳеч қачон унутмасликка чорловчи даъватдир.
Умуман, китоб ҳақидаги дастлабки фикрлар билан ўртоқлашар эканман, унинг муаллифи таниқли олим ва сиёсатчи Акмал Саидовнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётидаги иштироки билан боғлиқ фаолияти ҳақида ҳам бир-икки оғиз мулоҳазалар айтиш фурсати, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, Акмал Холматовични қарийб 30 йилга яқин давр мобайнида билган, айрим вақтларда парламентда ва университетда биргаликдаги депутатлик ҳамда педагогик фаолиятимиз асосида айтаманки, Акмал Холматович ўзининг бутун онгли ҳаётини фақат эзгуликка бағишлаган, ёшларда маънавий дунёқараш, улар маънавий савиясини ошириш йўлида тиним билмай фаолият кўрсатаётган маънавият ва маърифат тарғиботчисидир.
Акмал Саидовнинг хоҳ парламентдаги, хоҳ ёшлар даврасидаги чиқишлари ва маърузаларида бўлсин, мана шу олийжаноб фазилати ёрқин акс этиб туради. Буни муаллифнинг халқимиз олдидаги олимлик ва зиёлилик бурчини чуқур ҳис қилганлигидан деб биламан.
Иккинчидан, мен муаллиф фаолияти ҳақида фикр юритар эканман, у киши учун хос бўлган фаоллик мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги, хусусан, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида юз бераётган ҳар бир янгилик ва ўзгаришларга ҳозиржавоблик билан муносабатда бўлаётганини таъкидлаш ўринли, деб ҳисоблайман.
Давлатимиз раҳбари доимо бир бош ғояни, яъни “Тарихни тиклайлик, адолатни қарор топтирайлик” деган ғояни илгари сурадилар. Ушбу ғояни амалга оширишда Ғалаба боғининг ташкил қилиниши, у ҳақда китоблар яратилиши алоҳида тарихий аҳамиятга эга ҳодиса.
Шу маънода, Президентимизнинг “Тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўларди”, - деган даъватларига Акмал Холматович томонидан қисқа вақтда “Ғалаба боғи фалсафаси” номи билан аталувчи китоб оммавий тилда ёзилиб, халқимиз эътиборига ҳавола қилиниши ибратона ҳозиржавобликдир, деб ўйлайман.
Мухтасар айтганда, ушбу асар Иккинчи жаҳон урушида беқиёс мардлик ва жасорат кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар, фронт ортида матонат ва буюк инсонпарварлик фазилатларини намоён қилган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилади.
Ўйлайманки, мазкур китобда билдирилган фикр-мулоҳазалар, билим ва маърифат юртимиз таълим муассасалари “Маънавият соатлари”да талабалар, ўқувчи ёшлар томонидан ўрганилиши мақсадга мувофиқдир.
Турсунбой Файзуллаев,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби
- Қўшилди: 28.05.2021
- Кўришлар: 4169
- Чоп этиш