Фарзандимга ўзбекчада тайинли эртак тополмаганимда, “Мутолаа”нинг ғояси туғилган

Мотивация!

Республика ёш ижодкорлар Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг “Мутолаа” лойиҳаси менежери Сирожиддин Олимов “Эл-юрт умиди” жамғармаси гранти асосида хорижда таҳсил олган ёшлардан. У дунёда ТОП 20 таликка, Буюк Британияда ТОП 4 таликка кирадиган нуфузли Эдинбург университетида “Қиёсий таълим ва халқаро ривожланиш” дастурида магистратура босқичида ўқиди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 14 февраль куни ёшлар билан мулоқот қилганида 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, сўнгги 7 йилда биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлганини қайд этди. Улар орасида Сирожиддин ҳам бор. Сирожиддин Олимов Буюк Британияда таҳсил олган ва ўз соҳасида юксак ютуқларга эришган битирувчиларни эътироф этиш мақсадида таъсис этилган “UK Study Alumni Award”мукофотига муносиб кўрилган. Халқаро миқёсда нуфузли эътирофлардан бири ҳисобланган ушбу соврин жамият тараққиётига катта ҳисса қўшаётган илғор етакчиларни аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.

Ёшлар билан бўлган видеоселектор йиғилишида иштирок этган Сирожиддин давлат раҳбарининг ташаббусларидан, ёшларни қўллаб-қувватлашидан янада катта куч ва мотивация олганини айтади.

Сирожиддин жамиятда маънавий-маърифий, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни китобхонликка жалб этишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Жумладан, 2021 йил “Ўзбекистон Республикасининг бешта ташаббуси" лойиҳа офиси раиси лавозимидаги фаолияти давомида бешта муҳим ташаббуслар доирасида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасини амалга оширди.

2023 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлаб, Ўзбекистонга қайтгач, ўз фаолиятини Ёшлар ишлари агентилигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳасида лойиҳа менежери сифатида давом эттирди. Ушбу лойиҳадаги фаолияти давомида у ўзининг мутахассислиги бўлган таълим йўналишида ёшларга фойдали бўладиган лойиҳалар устида иш олиб борди. Хусусан, иқтидорли ёшларни бир мақсад сари йўналтирадиган “Ибрат тиллар оромгоҳи”, “ТОП университетлар ва хорижий тиллар марафони” сингари лойиҳаларда лойиҳа раҳбари бўлиб ишлади.

2023 йилнинг апрель ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ ёшлар форумида Ўзбекистон делегацияси аъзоси сифатида муносиб иштирок этиб, Ўзбекистон ёшлари номидан халқаро даражада ҳамкорликларни йўлга қўйишга ўз ҳиссасини қўшди.

Сирожиддин “Мутолаа” лойиҳасининг ташаббускорларидан. Лойиҳанинг мақсади – Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, китоб ўқиш ва унинг тарғиботини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини жамлаб, аҳоли, жумладан, ёшлар учун электрон, аудио ва видео вариантларда бепул фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат.

– Электрон, аудио ва видео китоблар лойиҳаси – “Мутолаа”нинг ғояси хорижда ўқиб юрган кезларимда, фарзандимга интернетдан ўзбек тилида эртаклар топиб ўқиб бериш учун тайинли бирор нарса тополмаган вақтларимда пайдо бўлган, – дейди биз билан суҳбатда Сирожиддин Олимов. – Ўзбекистонга қайтгач, Ёшлар ишлари агентилиги билан биргаликда электрон, аудио ва видео китобларни ўқувчиларга тақдим этиш бўйича “Мутолаа” лойиҳасини ишлаб чиқдик. Ушбу лойиҳа доирасида 3000 дан ортиқ китоб – бадиий асар, ҳикоя, эртак ва илмий оммабоп асарларнинг аудио ва электрон вариантлари тайёрланиб, мобил иловага жойлаштирилди. 2024 йилда ишга тушган мазкур илова аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалашиб, бугунги кунга қадар 1,6 миллиондан ортиқ китобхон ундан фойдаланмоқда. Ўқилаётган китоблар сони 5 миллиондан ошди. Шу кунга қадар аудио форматда 1 минг 667 та, электрон форматда 1 минг 950 та китоб яратилди ҳамда “Мутолаа” мобил иловасига жойланди.

Лойиҳа доирасида ўзбек адабиётининг сара намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ва жаҳон бўйлаб кенг тарғиб этиш мақсадида Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма”, Саъдулло Қуроновнинг “Галактикада бир кун” асарлари таржима қилинмоқда.

Болалар адабиёти лойиҳамизнинг муҳим йўналиши. Лойиҳа қошида ёш ижодкорлар мактаби ташкил этилган бўлиб, улар томонидан “Илдиз” тўплами яратилди. Тўпламдан улуғ аждодларимизнинг болалик сиймолари акс этган 10 та расмли китоб жой олган.

Лойиҳадаги аудиокитоблар, электрон китоблар, болалар адабиёти, китоб-кино ва таржима асарлар йўналишларида АТ дастурчилар, сунъий интеллект мутахассислари, иллюстраторлар, медиа вакиллари каби 150 га яқин мутахассис ишлаб келмоқда. Алоҳида жамоа китобларга чизилган суратлар асосида сунъий интеллект ёрдамида анимацион мультфильм яратмоқда. Жамоамиз 2025 йилда яна 10 та тўплам яратишни мақсад қилган.

Лойиҳа доирасида янги – “Китоб-кино” жанри яратилди. Кинонинг бундай турида муайян китоб асосида ҳужжатли фильм яратилади. Уни кўрган томошабинда шу китобни ўқишга қизиқиш пайдо бўлади. Ҳозиргача “Қўрқма”, “Унсин”, “Кичкина шаҳзода”, “Чол ва денгиз”, “Пуанкаре” фильмлари яратилди ва YouTube платформасига жойлаштирилди.

Шунингдек, “Мутолаа” лойиҳаси доирасида шу кунга қадар 740 та асар илк бор сифатли форматда овозлаштирилди. Бундай кўрсаткич ва натижадорлик ҳозиргача аудиокитоблар соҳасида кузатилмаган. Аудиокитоблар 30 дан ортиқ профессионал дубляж актёрлари, халқ артистлари томонидан энг замонавий студияларда яратилган.

“Мутолаа” лойиҳасининг яна бир муҳим мақсади юртимизда ноширлик фаолиятини ривожлантириш, муаллифларнинг нуфузини ошириш, ҳуқуқларини таъминлашдир. “Мутолаа премиум” шу мақсадда ишга туширилди. У ноширлар ва муаллифларга ўз китобларини сотиш, моддий даромад кўриш имконини яратади, – дейди қаҳрамонимиз.

Энди 30 ёшдан ошган Сирожиддин бугун ёшларга берилаётган кенг имкониятлардан ўз тенгқурлари ва ёш авлодга янги имкониятлар эшигини очиш йўлида самарали фойдаланмоқда. У ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонликнинг ўрни муҳимлигини таъкидлайди ва бу борада тинимсиз изланишда.

– Президентимиз билан бўлган учрашувда ёшларга катта имкониятлар берилди. Бу имкониятлардан биз ёшлар қанчалик фойдаланяпмиз, Президентимиз ишончини оқлаяпмизми, деган саволлар ичимда ғалаён кўтаради. Қарс икки қўлдан чиқади, дейишганидек, биз бу имкониятларга “лаббай” деб жавоб беришимиз, ундан унумли фойдаланиб, юртимиз келажаги учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, – дейди Сирожиддин.

Дарҳақиқат, бугун замонавий ахборот технологияларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиб, нафақат ўзи, балки бутун жамият ва ёшлар учун кенг қулайлик ярата олган Сирожиддиннинг мақсадлари улкан. У мамлакатимизда яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этар экан, ўзи ёш бўла туриб ёш авлод камолотига беминнат хизмат қилаётгани эътирофга муносиб.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech