Сенатда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021 - 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги фармони билан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилди.

Фармон билан Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва Жамоат фонди олдига фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан янги тизимда қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар учун 2024 йилнинг октябрида бўлиб ўтган сайловдан кейин депутатлар ва Сенат аъзоларидан шакллантирилган янги таркибдаги Парламент комиссиясининг дастлабки йиғилишида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган янги тизими яратилгани таъкидланди.

Хусусан, давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб боришни рағбатлантириш кабилар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Йиғилишда Жамоат фондининг 2024 йилдаги фаолияти таҳлил этилиб, 2025 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Айтилганидек, жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Масалан, Парламент комиссияси аъзолари ва Жамоат фонди вакилларидан иборат ишчи гуруҳи ҳудудларга бориб, аҳоли билан мулоқотлар ташкил этган ҳолда унинг эҳтиёжларини, ижтимоий соҳа ва маҳаллалар тизимларидаги аниқ муаммоларни ўрганиши ва уларнинг ечимлари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиши белгиланган. Таҳлиллар натижасига кўра, ҳар бир ҳудудга мўлжалланган, муаммоларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган танловларни эълон қилиш режалаштирилмоқда.
Танловларнинг очиқлиги ва жараёнларнинг тезкорлигини таъминлаш мақсадида эса давлат ижтимоий буюртмаси ва грантларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар ngo.gov.uz ягона электрон платформасида амалга оширилади. Эндиликда ушбу платформа орқали номзод ташкилотнинг лойиҳани топшириши, Парламент комиссияси томонидан кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини кузатиб бориш, муҳокамаларда эса бевосита иштирок этиш имконияти ҳам мавжуд.
Йиғилиш якунида Парламент комиссияси томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021 - 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли соғлиғини сақлаш, бандлигини таъминлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги муҳим ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган 2025 йил учун қатор дастурлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 28.02.2025
- Кўришлар: 763
- Чоп этиш