Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга оид янги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани, мамлакатимизнинг бу борадаги қатъий позицияси акс этгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг ва Кенгаш доирасидаги мамлакатимиз фаолиятининг устувор йўналишларини қайд этар экан, жумладан, қуйидаги фикрларни таъкидлади: “Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади”.
Узоқ йиллар давомида юртимизда истиқомат қилса ҳам, турли сабабларга кўра фуқаролик мақомини ололмаган минглаб инсонларнинг ҳуқуқлари тўла тиклангани БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари томонидан юқори баҳоланди.
Фуқаролик мақоми шахснинг нафақат иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларидан, балки сиёсий ҳуқуқларидан ҳам фойдаланишига имконият яратиши билан муҳим ҳисобланади.
Турли сабабларга кўра фуқаролик мақомига эга бўла олмаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқларини тиклашда аввало бу борадаги қонуний асос мустаҳкамланди.
Жумладан, 2020 йил 13 мартда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга асосан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига кириб келган ва доимий рўйхатдан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тартиби киритилди. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу тоифадаги шахслардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Янги таҳрирдаги қонундаги ўзгаришлардан яна бири – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини қабул қилиш истагини билдирган шахсдан ўзбек тилини мулоқот даражасида билиши лозимлиги белгиланди.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидланган фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш масаласи бўйича Ўзбекистон тажрибаси дунёнинг кўплаб давлатларига ибрат бўла олади.
Фарҳод НИЗОМОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририятининг ходими
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 4244
- Чоп этиш