20 октябрь куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Офлайн ва онлайн шаклдаги ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази,Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, сиёсий партиялар ҳамда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бир қаторда халқаро экспертлар ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган чет эл дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис тадбир иштирокчиларини қутлади.
Анжуманда Барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсади, яъни гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эришиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Бу борадаги интеллектуал салоҳиятни шакллантиришда Ўзбекистоннинг гендер тенлигини таъминлаш тажрибасини таҳлил қилиш орқали жамиятимиздаги гендер муаммоларини ҳал қилишга оид таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барқарор ривожланиш маркази матбуот хизмати маълумотида қайд этилганидек, халқаро давра суҳбатининг асосий вазифалари:
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар мавқеини ошириш учун яратилган қулай сиёсий-ҳуқуқий, институционал ва ташкилий шарт-шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;
давлат бошқарувининг барча босқичларида – шаҳар, вилоят, республика кўламида гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни таҳлил қилиш;
халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш жараёнида жамият ва давлат бошқарувининг барча соҳаларидаги аёлларга тегишли асосий вазифаларни, ҳуқуқий меъёрлар ва белгиланган тартибларни аниқлаш;
мамлакатни модернизациялашнинг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотларида аёллар иштирокининг жорий ҳолати, хусусан, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” деб номланувчи бешинчи мақсадини амалга ошириш нуқтаи назаридан эришилган ютуқлар ва амалдаги муаммоларни ўрганиш;
ушбу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистондаги давлат бошқарувининг барча босқичларида гендер тенгликка эришиш ва аёллар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш бўйича муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратишдан иборат бўлди.
Халқаро ва миллий экспертларнинг “Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши”, “Ўзбекистоннинг миллий гендер стратегияси: амалга ошириш механизмлари ва истиқболлари”, “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш бўйича Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги” каби мавзулардаги маърузалари тингланади.
Шу билан бирга, халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш жараёнида жамият ва давлат бошқарувининг барча соҳаларидаги аёлларга тегишли асосий вазифаларни, ҳуқуқий нормалар ва белгиланган тартибларни аниқлаш, аёлларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эришилган ютуқлар ва долзарб муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилади.
Тадбир сўнгида якуний ҳужжат қабул қилинди. Унда Янги Ўзбекистонни модернизациялашнинг барча жабҳаларида ҳар томонлама самарали тараққиётнинг долзарб масалаларини ҳал этиш бўйича хотин-қизларнинг роли ва ўрнини ошириш ҳамда тўлақонли гендер тенгликни таъминлашга қаратилган, шунингдек ушбу соҳанинг халқаро стандартларига мос равишда самарали хорижий норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-интитуционал тажрибага таянилган бир қатор амалий таклиф-тавсиялар ўз аксини топган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.10.2021
- Кўришлар: 3920
- Чоп этиш