2021 йил 24 июнь куни “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми доирасида “Барқарор ривожланиш сари гендер йўналтирилган сиёсат ва ёшлар парламентаризмини ривожлантириш” сессияси бўлиб ўтди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари одамлар ҳаётини, турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонлигини оширишга қаратилганлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Яқинда Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди, унинг мақсад ва вазифалари кўп жиҳатдан БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади.
ПИнинг “Парламентдаги аёллар” йиллик маърузасига ва “БМТ-Хотин-қизлар” ташкилотининг маълумотларига кўра Ўзбекистон тарихида биринчи марта 2021 йил январь ойига келиб парламентда аёлларнинг улуши 25,5 фоизни ташкил этди. 2019 йил охиридаги парламент сайловлари натижаларига кўра хотин-қизлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизини, Сенат аъзоларининг 25 фоизини ташкил этди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон деярли барча Собиқ Иттифоқ давлатларидан ўзиб кетиб 37-ўринни эгаллади (190 та мамлакат орасида) ва энг яхши 50 та мамлакат сафига кирди.
Хусусан, Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ” индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида муҳим ислоҳотларни амалга оширган 27 та мамлакат қаторидан жой олди, 5 поғонага кўтарилиб, 190 та мамлакат орасида 134-ўринни эгаллади (2019 йилда – 139-ўрин).
Шунингдек, Президентнинг 25 дан ортиқ фармони ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва оилада зўравонликнинг олдини олиш, эскирган урф-одатларга қарши курашиш бўйича ишларни кучайтиришга қаратилган қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистонда ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда парламент ролини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, масалан, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди, парламентнинг юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистонда ёшлар парламентаризмини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бешта устувор вазифа бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли Қарори билан юқори палата ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди. Унинг аъзолари қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда қатнашади. Ёшлар парламентининг вазифалари ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент муҳокамаси даражасига кўтариш, бўлажак сиёсатчиларни тайёрлаш, муҳим мақсадларга эришишга ва аниқ лойиҳаларни амалга оширишга интилаётган ёшларни рағбатлантиришдан иборат.
Мамлакатда ёшларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилга ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Сессия давомида афғон аёлларининг гендер тенглигига, жамоат ҳаётида иштирок этишига ва ижтимоий фаолият кўрсатишига эришиш учун Осиё-Тинч океани минтақаси парламентлари билан халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни таъминлаш масалалари, Европа Иттифоқи мамлакатларида, Туркияда ёшлар парламентаризмини ривожлантириш масалалари ва бошқа мавзулар кўриб чиқилди.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 24.06.2021
- Кўришлар: 3958
- Чоп этиш