Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги кафолатланган.
Бу ҳақдаги ҳуқуқий норма “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низомга асосан Марказда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига юклатилган.
Бўлим томонидан Марказга 2021 йилнинг 9 ойи давомида келиб тушган жами 1047 та мурожаат кўриб чиқилди. Шундан 1003 таси ёки 95,8 фоиз мурожаатлар бўйича уларда кўтарилган масалани мазмунан ҳал қилиш ваколатига кирувчи тегишли ташкилот ва идораларга тавсия ва хулосалар киритилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 136 таси ижобий ҳал этилган, 168 тасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Марказда ташкил этилган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг қабули жараёнида 1100 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган Уларнинг 290 нафаридан ёзма мурожаатлар қабул қилинган бўлса, қолган мурожаатчиларга тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, бўлим масъул ходимлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 2000 нафардан ортиқ фуқарога телефон орқали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Марказга келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 519 таси суд-ҳуқуқ масалаларига оид. Қолган қисмини ижтимоий-иқтисодий соҳага оид мурожаатларни ташкил қилади.
Бу тоифадаги мурожаатларни ўрганиш чоғида давлат ҳокимияти ва бошқаруви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинганлик ҳолатларига асосий эътибор берилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда, ваколатли идораларга ёки судга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида тегишли тавсия ва хулосалар киритилади.
Марказ томонидан фуқаро Н.А.нинг мурожаатини ўрганиш жараёнида унинг турмуш ўртоғи З.А касаллик варақасида бўлган даврида эгаллаб турган лавозимидан ноқонуний равишда бўшатилганлиги ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланиб, ишни кўраётган фуқаролик судига ушбу ҳолатларни эътиборга олиш юзасидан хулоса киритилган эди.
Суднинг ҳал қилув қарори билан З.А ўз вазифасига тикланди ва унга етказилган моддий зарар иш берувчи томонидан қоплаб берилиши юклатилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро Э.Х.нинг фарзанди Н.Х. дастлабки тергов органи ва суднинг ноқонуний ҳукми билан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди. Шу асосда Н.Х.га оид жиноят иши юқори суд босқичларида кўрилишида Марказ вакили иштироки таъминланди ва суд қарорлари процессуал қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан тегишли хулоса киритилди. Натижада суднинг Н.Х. манфаатини кўзлаб ўзгартирилган қарори қабул қилинишига эришилди.
Апелляция инстанцияси судининг тегишли ажрими билан Н.Х. суд залидан озод қилинди. Унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо озодликни чеклаш билан алмаштирилди.
Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалада йўллаган мурожаатлари асосан алимент, нафақа, пенсия, моддий ёрдамнинг бошқа турлари, уй-жой ажратиш, таъмирлаш билан боғлиқ ва меҳнат ҳуқуқларига оид мурожаатлардир.
Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро А.А нинг 1 нафар неварасига қарздор Б.А дан алимент пуллари ундирилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тавсия хати киритилиб, қарздор Б.А дан ундирувчи Д.К фойдасига 3,8 млн. сўм ундириб берилиши таъминланди.
Миллий марказ томонидан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви учун яратилган имкониятлардан фойдаланиши, уй-жой билан таъминланиши ҳамда моддий тўловлар берилиши билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ижроси ҳам доимий назоратга олинган. Бу борада жойларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли тавсиялар берилмоқда.
Тошкент вилоятида жойлашган мактаб-интернат собиқ тарбияланувчилари А.С ва Д.И.нинг коммунал тўловлар бўйича ноқонуний қарздорлик хисобланганидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, прокурорлик назорати ўрнатиш ва текшириш ўтказиш тўғрисида вилоят прокурори номига тавсия хати киритилди.
Прокуратуранинг назорат тадбирлари натижасида, мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган ва А.С ҳамда Д.И.га асоссиз қўйилган коммунал тўловлар учун қарздорлик суммаси бартараф этилган. Шунингдек, прокуратура органлари ташаббуси билан уларнинг ҳар бирига газ плитаси олиб берилиши ҳамда хонадонлари газ тармоғи ва электр энергиясига улаб берилиши таъминланган.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 06.10.2021
- Кўришлар: 3443
- Чоп этиш