Жорий йилнинг 12 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва «Йўл харитаси»нинг 64 бандида назарда тутилган «Жамиятда ҳуқуқий тарбия, ҳуқуқий маданият ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуининг амалдаги ижроси» юзасидан Адлия вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдир. Ҳуқуқий онг фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиш ва талаб қилиш, адолат излаш, ҳукуматни ҳисобдорликка чақириш йўлида қуроллантиради. Бугун мансабдорларнинг ҳисобдорлиги ошгани, ахборот алмашинувининг тезлашгани, яъни катта ҳажмдаги ахборотлар информацион майдонда айланаётгани очиқлик, ошкоралик белгисидир.
Ҳақиқатданда, бу ошкоралик ташкилот раҳбарларининг масъулиятини ошириш билан бирга, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятнинг шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Адлия вазирлиги ҳисоботида қайд этилганидек, 2020-2021 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Давлат хизматчиларининг умумий ва соҳавий ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида 18 та вазирлик ва идоралар ходимларини бепул онлайн равишда ўқитилиши ташкил этилган. Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган 1415 та ахборот-таҳлилий ва образли медиа материаллар ва видео-роликлар тайёрланган.
Шунингдек, тадбиркорларнинг бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат олиши учун”Advice for business” юридик портали ишга туширилди. Ҳуқуқий тарғиботда янги лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, «Ҳуқуқий ахборот кунлари» ҳештеги остида 3900 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, «Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга» шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди.
Қайд этилганидек, аҳолининг барча қатлами учун 3 босқичли «Ҳуқуқ билимдони» танлови доирасида 30 мингдан ортиқ фуқаролар фаол қатнашди. Бундан ташқари «Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда инновацион технологияларни қўллаш» танлови илк бор ташкил қилинди. Икки минг нусхада «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» тайёрланди. Бугунги кунда болалар, ёшлар ҳамда оила учун алоҳида юридик энциклопедиялар вазирлик томонидан тайёрланяпти.
Ҳуқуқий маданиятни ошириш борасидаги ишларни тизимли ташкил этишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ғоят муҳим. Шу маънода Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳам ҳуқуқий саводхонликни ошириш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида «Онлайн маслаҳатчи» тизими яратилди.
Эшитувда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда қилинган ишлар бўйича депутатлар ўз муносабатларини билдирдилар. Шу билан бирга бу борада ҳудудларда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар келишиб олинди.
Қизғин баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда ўтган йиғилиш якунида билдирилган фикр мулоҳаза ва таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: ЎзА
- Қўшилди: 15.03.2021
- Кўришлар: 5884
- Чоп этиш