2021 йил 30-31 март кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг "Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш" мавзуида онлайн шаклда ўтказилган 17-сессияси ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди.
Мазкур сессия 28 март куни бошланиб, 31 мартга қадар унинг еттита мажлиси ўтказилди. Бу мажлисларнинг бештаси ёпиқ тарзда ташкил этилиб, уларда фақат ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг аъзолари қатнашди.
Белгиланган тартиб-таомилга кўра, ИҲТ Комиссиясининг мажлислари ёпиқ шаклда, шунингдек ИҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мақомига эга давлатлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида очиқ тарзда ҳам ўтказилади. Ўзбекистон вакилининг ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзолик муддати 2021 йил март ойида тугади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг навбатдаги сессиясида:
- Фаластин ва бошқа босиб олинган араб ҳудудларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳвол;
- ИҲТга аъзо давлатлардаги фуқаровий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар: хотин-қизлар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари, ривожланиш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ва ИҲТ жорий сессияси кун тартибидаги масалалар, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бу борадаги мандати: исломофобияга ҳамда нафрат уйғотиш ва зўравонликка гижгижлашга қарши курашиш; ИҲТга аъзо давлатлардаги аҳвол; ИҲТга аъзо бўлмаган давлатлар, шу жумладан Мьянма, Марказий Африка Республикаси, АҚШ, Европа давлатлари каби мамлакатларда мусулмон озчиликка мансуб аҳоли ва жамоатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳволи; Жамму ва Кашмир ҳудудларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолатни доимий мониторинг қилиш механизми масалалари муҳокама қилинди.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Раиси профессор Саид Альгуфли ўз кириш сўзида мазкур Комиссиянинг турли тадбирларини мунтазам қўллаб-қувватлаб ва рағбатлантириб келаётганлари учун ИҲТга аъзо барча давлатларга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Комиссиянинг янги сайланган аъзоларини қутлади.
Раис ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг фаолияти ҳақида тўхталар экан, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши турли мандатларининг амалга оширилиши ҳолати ва кейинги бир неча ой ичида Комиссия томонидан бажарилган ишлар юзасидан сессия иштирокчиларига ахборот берди. Саид Альгуфли қайд этганидек, Covid-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган кескин чекловларга қарамай, ИҲТ Комиссияси дунёнинг турли ҳудудларида мусулмон озчиликка мансуб аҳоли дуч келаётган ва ИҲТ эътиборини жалб этган муаммоларни, инсон ҳуқуқларининг барча жиҳатлари билан боғлиқ ҳолатларни диққат билан кузатиб ва бу борадаги фикрларини доимий равишда билдириб келмоқда.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Раиси Комиссия аъзоларини ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 47-мажлисида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қоҳира декларацияси қабул қилингани билан табриклади. Ушбу Декларацияда, ҳозирги жадал глобаллашаётган дунёда ўзгарувчан демографик, ижтимоий ва маданий воқеликларга мувофиқ ҳамда ислом таълимоти ва қадриятларига зиён етказмаган ҳолда, ислом қадриятлари билан универсал инсон ҳуқуқларининг ўзаро уйғунлиги таъкидланган.
Сессияда ИҲТга аъзо давлатлар ўзларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажаришда пухта кўриб чиқилган ушбу воситадан тўла фойдаланишлари қатъий тавсия этилди. Шу ўринда Ўзбекистон 2018-2019 йилларда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қоҳира декларациясини ишлаб чиқишда фаол қатнашганини қайд этиш лозим.
Бундан ташқари, Саид Альгуфли ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг ИҲТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги пакти лойиҳасини яна бир бор муҳокама қилиш ва мукаммаллаштиришга оид даъватини қўллаб-қувватлади. У мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш ғояси ИҲТ Комиссияси томонидан таклиф этилганига эътибор қаратар экан, Комиссия аъзолари лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унинг матнини такомиллаштиришда яқиндан ҳамкорлик қилишига ишонч билдирди.
ИҲТ Комиссияси сессияси давомида бутун дунёда исломофобиянинг ёйилиши билан боғлиқ охирги тенденциялар муҳокама қилинди, шунингдек исломофобия тобора кучайиб бораётгани жаҳондаги аксарият мамлакатлар ҳукуматларининг сиёсати ўша ҳудудларда яшайдиган мусулмон жамоатлар тақдирига жиддий таъсир кўрсатаётганига бевосита дахлдор эканидан ташвиш билдирилди. Шу муносабат билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси барча инсонлар, шу жумладан мусулмонлар учун диний ибодат эркинлигини чеклайдиган ҳар қандай камситувчи қонунлар ва хатти-ҳаракатларни қатъий қоралади.
Кейинги даврда турли мамлакатларда масжидларнинг бузиб ташлангани ва таҳқирлангани, Францияда сепаратизм тўғрисидаги қонун қабул қилингани, яқинда Ҳиндистон, Швейцария ва Шри-Ланкада мусулмонларни диний мансублигига қараб эркини чеклайдиган ва камситадиган чоралар жорий этилгани ана шундай ножоиз хатти-ҳаракатлар қаторига киради. ИҲТ Комиссияси Шинжон уйғур мусулмонлари аҳволидан ҳам ташвишда эканини билдирди ва ИҲТ Бош котибиятини ушбу ҳудуддаги мусулмон озчиликка мансуб аҳолининг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун Хитой ҳукумати билан ўзаро амалий алоқаларни давом эттиришга чақирди.
Исломофобия – ирқчиликнинг замонавий бир кўриниши бўлиб, у мусулмонларга қарши тарғибот қилиш ва нафратни гижгижлаш орқали янада кучайтирилмоқда. Шу маънода, ИҲТ Комиссияси халқаро ҳамжамиятни мазкур хатарнинг хавфли оқибатларига қарши курашишда ИҲТ мамлакатлари ва муассасалари билан ҳамкорлик қилишга чорлади.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 15 мартни – "Исломофобия билан курашиш халқаро куни" деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлар экан, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини Исломофобия билан курашиш бўйича махсус маърузачи мандатини тасдиқлашга чақирди.
Бундан ташқари, ИҲТ Комиссияси нафратни қўзғайдиган барча шакллардаги чиқишлар, шу жумладан исломофобия учун жазо чораларини кўзда тутадиган қонунларни, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19 ва 20-моддалари ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 16/18-Резолюциясига мувофиқ ҳолда, қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Сессия кун тартибидаги ривожланиш ҳуқуқи масаласини кўриб чиқиш асносида, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси БМТ Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг ривожланиш ҳуқуқи тўғрисида мажбурий юридик кучга эга халқаро ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир қарорини маъқуллашини маълум қилди. Бинобарин, бундай ҳужжат ривожланиш ҳуқуқини ялпи, яъни бутун жаҳон миқёсида амалга оширишда қўл келади.
Элчи Ч.Т.Тиам томонидан тақдим этилган "Ривожланиш ҳуқуқи бўйича иккинчи мавзули тадқиқот" лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Лойиҳада ривожланиш ҳуқуқининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга оид назарий жиҳатлари баён этилганига эътибор қаратилди. Тадқиқот лойиҳасини маромига етказиш ва ИҲТ Комиссиясининг навбатдаги 18-сессиясида қабул қилиш учун муҳокамага қўйишга келишиб олинди.
Сессия кун тартибидаги хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари масалаларини кўриб чиқиш жараёнида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Хотин-қизлар тараққиёти бўйича ташкилот Низомининг ратификация қилинишини ҳамда ушбу Ташкилот Вазирлар кенгашининг илк виртуал сессияси ўтказилишини маъқуллади. ИҲТ Комиссияси бўлажак Ташкилотни тўла қўллаб- қувватлашини ҳамда унга аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадига эришиш борасида ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳаси учун экспертлик хизматларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ИҲТнинг Оилавий банк (ОIC Family Bank) концепциясини камбағалликка қарши курашиш йўлидаги муҳим восита сифатида юқори баҳолади ва оила фаровонлигини асрашда ҳуқуқни ҳимоя қилиш жиҳатидан жуда мос келадиган ушбу ғояни маъқуллашини қайд этди. ИҲТ Комиссияси ИҲТнинг манфаатдор мамлакатлари ва тегишли муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда оила қадриятларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг муҳимлигини янада тасдиқлайдиган турли тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Сессия иши доирасида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси қуйидаги учта тематик тадқиқотни: а) терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш; b) мигрантлар ҳуқуқларига ислом дини ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашув; c) инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг роли мавзуларидаги тадқиқотларни муҳокама қилди ва тасдиқлади. ИҲТ Комиссияси ногиронлар ҳуқуқларига ислом дини ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашув мавзуидаги тадқиқотни амалга оширишга қарор қилди.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ўз мажбуриятларига риоя этган ҳолда, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўзаро техник ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми намунасини тасдиқлади. Меморандум ИҲТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомига эга давлатларнинг манфаатдор ҳар қандай инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институти билан имзоланиши мумкин.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг тўрт кунлик сессияси давомида кун тартибидаги ҳар битта масала чуқур ва атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Исроил томони Фаластин ҳудудида инсон ҳуқуқларини бузишда давом этаётгани, Жамму ва Кашмирда, Мьянма ҳамда Марказий Африка Республикасида яшайдиган мусулмон озчиликка мансуб аҳолининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолари шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, ИҲТ Комиссияси Covid-19 пандемияси оқибатларига эътибор қаратди. Мамлакатларнинг ИҲТ Комиссияси ваколатлари доирасидаги ҳамкорлик фаолиятида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қаратилган мавзули тадқиқотлар ва амалий тадбирларни бажаришда ана шу омилни ҳисобга олишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун: ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2011 йил июнь ойидаги 38-сессияси қарори билан маслаҳатлашув органи сифатида тузилган. ИҲТ Комиссияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Низоми ва декларацияларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги универсал ҳужжатларда ислом қадриятларига мос ҳолда белгиланган фуқаровий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга масъул ҳисобланади.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2017 йил 10-11 июнь кунлари Кот д’Ивуарда бўлиб ўтган 44-мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига Осиё қитъасидан Ўзбекистон вакили сифатида 2018-2020 йиллар учун аъзо бўлган. Бир йилдан сўнг, яъни 2018 йил 1-6 декабрь кунлари Жидда шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 14-сессиясида А.Саидов 2019 йилга ИҲТ Комиссиясининг раиси этиб сайланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.04.2021
- Кўришлар: 4346
- Чоп этиш