Жамиятнинг ҳар бир бўғинида минглаб ўзгаришлар, муҳими, янгиланишлар кузатиляпти. Қувонарлиси шуки, қайси бир соҳани қараманг, имкониятлар яратилмоқда. Аҳолининг ҳар бир қатлами учун ўзгаришлар, шароитлар берилмоқда. Бу ҳам бўлса мамлкатимиз фуқароларига қаратилган эътиборнинг юксак намунаси десак, муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида олиб борилган стратегик ҳаракатлар, уларнинг инсон ҳаётида ўрни ва роли, шубҳасиз, янада ривожлантиришда инсон омилининг иштироки хусусида батафсил таъкидланган. Жумладан, “Адолатли ижтимоий сиёсат” бандида кучли ижтимоий сиёсат, унинг аҳамияти, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммо ва ечимлар, соғлом турмуш тарзи маданияти, спортга бўлган қизиқиш, таълим, тарбия, янги имкониятлар, илм-фан, инновацион ривожланиш, аёлнинг жамиятдаги ўрни, унинг жамиятдаги ролини ошириш, шунингдек, ёшларнинг келажакдаги вазифалари, имкониятлари хусусида айтиб ўтилган.
Мамлакат раҳбари ўз китобида қуйидаги фикрларни келтириб ўтган: “Янги Ўзбекистонни ўз ҳаётидан рози, бахтли инсонлар мамлакатига, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий маконга айлантириш ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир”. Дарҳақиқат, бу қандай йўналиш эди, бу аслида инсонларни рози қилувчи, мавжуд муаммоларни вақтида ҳал этган ҳолда уларга кўмак бериш, кучли ижтимоий, сиёсий йўналишлардан эди. Биз бугун айни мана шу йўналишда қатор тизимли ишлар олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлиб келяпмиз. Бу эса шубҳасиз, одамларнинг меҳнатини қадрлашга, уларнинг иш унумдорлигини оширишга хизмат қилиши табиий. Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда ишсизликни бартараф этиш мақсадида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Муҳими, мономарказлар, турли ишлаб чиқариш объектлари очилиб, бандлик таъминланмоқда. Китобда бевосита “Битта ишсиз одам – ўнта муаммо дегани” деб айтилган фикрнинг моҳиятида айни ҳақиқат жамланган. Шунинг учун мамлакат раҳбари томонидан бу борада қатор амалий ишлар бажарилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш масалалари ҳам вақтида ҳал этиляпти.
Албатта, китобда ижтимоий соҳа ислоҳотларнинг юқори самарадорлигига эришиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишда аниқ вазифалар белгилаб қўйилган. Бу эса фуқароларнинг тизимли фаолияти учун муҳим асос ҳисобланади. Муҳими, хоҳ у ёш бўладими, хоҳ нуронийми, барчаси учун бугунги кунда аниқ амалий ишлар қилиниши, улар учун шароитлар яратилиши лозимлиги алоҳида тилга олинган.
Жамиятимизнинг баъзи бир соҳаларида оғриқли нуқталар бор. Хусусан, тиббиёт тизимида. Мамлакат раҳбари томонидан соҳанинг ривожланиши учун, ундаги турли муаммоларнинг олдини олиш, фуқароларга шароитлар яратиш, имкониятларни кенгайтириш, соҳа ходимларининг билим даражасини ошириш мақсадида қатор тизимли ишлар йўлга қўйилди. Жойларда тиббиёт марказлари ташкил этилди, ходимлар малакаси оширилди. Бугун трансплатация ишлари ташкил этилмоқда, ишонч телефонлари орқали минглаб мурожаатлар ҳал этилмоқда. Бу эса тиббиётда озмунча бўлса ҳам муаммоларнинг камайганлиги ҳамда соҳада ривожланишнинг сезиларли равишда амалга оширилаётганлигининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Китобда соҳа ривожи учун аниқ таклифлар, фикрлар келтирилган. Муҳими, мақсадли вазифалар белгилаб ўтилган. “Барча учун сифатли ва профессионал тиббиётни яратиш – биз тақдим этаётган стратегиянинг муҳим йўналишидир”, деган жумлалар, бугун олиб борилаётган стратегик қарашларнинг асосий бўғини ҳисобланади. Албатта, таъкидланганидек, 2021 йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилмоқда. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳолининг қамраб олиниши айтиб ўтилган. Бу фуқаролар учун, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қўйилган муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Қайд этиш лозим, вилоятларнинг чекка , олис ҳудудларида тиббиётга бўлган эътибор пасайган. Аммо мамлакат раҳбари бу масалага ҳам эътиборни кучайтириб, қишлоқ, маҳаллаларда тиббий хизмат сифати оширилди. Бу каби ривожланиш фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида, уларнинг яшаш шароитини яхшилашга, турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Соғлом турмуш тарзида албатта спортнинг ўрни беқиёс. Бу борада китобда алоҳида фикрлар келтирилган. Айниқса, спорт мактабларини ривожлантириш, узоқ ҳудудларда спорт комплексларини қуриш, тўгаракларни ташкил этиш масалалари ҳам долзарблигича қолаётган бир даврда мамлакат раҳбари томонидан вазифалар белгилаб ўтилган. Таъкидланганидек, “Жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш – аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир” деган фикрлар қилинаётган ишларда ўз тасдиғини кўрсатиб туради. Албатта, соҳада бир қатор муаммоларнинг олдини олиш учун ҳам аниқ вазифалар белгилаб қўйилган, хусусан, аҳолини спорт билан шуғулланишга жалб этиш, спорт мусобақаларини ташкил этиш, велосипед ва пиёдалар учун махсус йўлакларни барпо этиш, ёшлар ўртасида турмуш тарзини тарғиб этиш борасидаги вазифалар ҳар бир фуқаронинг соғлом ҳаёти ва жамиятдаги ўрни, ролини оширишга хизмат қилади.
Бугун ёшлар ва аёллар масаласи ҳам эътибор марказида экан, жойларда уларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Китобда бевосита айни мана шу жиҳат алоҳида таъкидланган. Айниқса, таълим-тарбия ва янги имкониятлар хусусида ҳам вазифаларинг берилганлиги юрт равнақи ва келажаги учун, ёшларнинг кўпроқ билим олишлари, муҳими, тараққиёт учун эътиборлидир. Албатта, таълимда ҳам сезиларли равишда ўзгаришлар кузатилди. Мактаб деган буюк даргоҳдан бошлаб олий таълим тизимигача ўзгаришлар бўлди. Ёшлар учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Муҳими, жамият қатлами ривожланди.
Албатта, китобда бу борада олиб борилган ишлар ҳамда қилиниши керак бўлган аниқ вазифалар берилган. Қувонарлиси, стратегик тараққиёт бўлиши билан бир қаторда барча соҳалар тизимида ўзгаришлар кузатилди ва ривожланиш давом этмоқда. Муҳими, қилинган ишларнинг самарадорлигини оширишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз ҳамда юрт равнақа учун муносиб шахс бўлиб шаклланишимиздир.
Ишмуратова Севара
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Умумий бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 23.11.2021
- Кўришлар: 5811
- Чоп этиш