Ўзбекистонда Омбудсман институти ташкил топганига 30 йил бўлди. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлашга катта аҳамият қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман институти ташкил этилди.
1997 йил 24 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг саккизинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 20 та моддадан иборат бўлган.
Омбудсман институтининг давлат органи сифатида ташкил этилиши давлатнинг фуқаролар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим вазифаси эканлигидан далолат берди. Ўттиз йиллик давр мобайнида Вакил институтининг ваколатлари, унинг иш услублари, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш миллий тизимидаги ўрни ва роли такомиллашиб борди.
Охирги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида туб ислоҳотларнинг амалга оширилиши Вакил институтига ҳам катта масъулият юкламоқда. Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Омбудсман институтининг фаолият йўналишлари ҳам такомиллашиб бораётир.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Омбудсман институтини ривожлантиришнинг муҳим босқичи бўлди.
2019 йил 14 мартда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Вакил институтининг ваколатлари, хусусан жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилди. Шунингдек, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими (миллий превентив механизми) жорий этилди.
Бундан ташқари, ушбу қонунга мувофиқ Вакилга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ҳуқуқи берилди. Фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламаган ҳолда ариза ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноқлар ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонида Вакилга қийноқларнинг барвақт олдини олишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатларни тезкор ва холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам мониторинг ташрифларини амалга ошириш вазифалари белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2022 йилдан буён Вакилнинг вилоятларда минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Вакил фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу фаолият БМТ ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти халқаро шартномаларининг бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг ҳисоботларини тайёрлашда иштирок этишни, халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзоликни, хорижий Омбудсманлар билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришни, халқаро форумларда иштирок этишни, халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар делегацияларини қабул қилишни ўз ичига олди.
Айниқса, Вакил Халқаро Омбудсман институти, Европа Омбудсман институти, Осиё Омбудсман Ассоциацияси каби кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзоси эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
2020 йилда Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) фаолиятининг Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилиб, унга “В” мақоми берилди. Бу эса Вакил институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги фаолиятининг ишончлилиги, мустақиллиги ва самарадорлиги бўйича халқаро стандартлар пакетига содиқлигини тасдиқлади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ Омбудсман қонунчилик ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифлари киритиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
2024 йил 15 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Қонун билан Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилиб, вазифалари белгиланди.
Қонунга кўра, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олган махсус маърузалар тақдим этиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлаши ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиши белгиланди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар Омбудсманга у ерларда ўрнатилган “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Омбудсман давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиши белгилаб қўйилди.
2022 йилдан буён Омбудсман ўз ташаббуси билан аҳолининг қабул қилинган қонунлар, фармонлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш мақсадида мамлакатимизнинг шаҳар ва туманларида, айниқса унинг чекка ҳудудларида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Келгусида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти парламент назорати институти сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда барча ваколат ва имкониятларини ишга солади.
Ўткир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари
бўйича вакилининг (омбудсманнинг)
Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили
ЎзА
- Қўшилди: 24.02.2025
- Кўришлар: 853
- Чоп этиш