Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси олий даражадаги Сегменти ишида иштирок этиб, мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича устувор йўналишлар тўғрисида нутқ сўзлади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари самарали амалга оширилмоқда. Болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар, одам савдоси жабрдийдалари, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик базаси кенгайди.
Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” инсон ҳуқуқларни таъминлашнинг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган бешта йўналишга бирлаштирилган 78 та банд доирасидаги тадбирларни қамраб олди. Бугунги кунга қадар шундан 40 та банди бўйича вазифалар бажариб бўлинди. Қолган 38 та банд доирасидаги вазифаларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Миллий стратегия билан жами 12 та кодекс ва 33 та қонун ҳужжатларини қабул қилиш назарда тутилган бўлиб, улардан 5 таси янги кодекслар, 20 таси янги қонун ҳужжатлари, 7 таси янги таҳрирдаги кодекслар ва 9 таси янги таҳрирдаги қонунлардир. Миллий стратегияда белгиланган ушбу қонун лойиҳалари бўйича бандларнинг 14 таси ижро қилинган, 19 таси ижро қилинмоқда.
Шунингдек, Миллий стратегия тадбирлари доирасида 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш белгиланган. Айни вақтгача шундан 2 таси ратификация қилинган.
Бугунги кунга қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Таълим тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирлари, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди.
“Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги, “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида”ги, «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги, «Меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, “Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган ва уларни қабул қилиш жараёни амалга ошмоқда.
Шунингдек, 3 та янги кодекс: Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси, амалдаги 7 та кодекснинг янги таҳрири: Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Уй-жой кодекси лойиҳалари тайёрланиб, уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2 та янги кодекс: Ахборот кодекси, Тадбиркорлик кодекси лойиҳаларини ишлаб чиқишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон республикаси Президентининг 7 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ташкилий механизмлари такомиллаштирилди. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Ушбу жараёнда сенаторлар, депутатлар, журналистлар ва блогерлар фаол иштирок этмоқда. Бу соҳада фаолият олиб бораётган давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари янги сифат босқичига кўтарилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.
Мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни татбиқ этиш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ишлари тобора кенгайиб бормоқда. 2021 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 3 та халқаро шартномани ратификация қилиш ва уларнинг нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ратификация қилинди. БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли Факультатив протоколи, БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси Факультатив протоколи”га қўшилишга тайёргарлик кўрилмоқда.
2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. Конференция якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди. Конференция тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди.
Аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил қилиш соҳасида самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича магистр кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ўзбекистонда жаҳон мамлакатлари орасида биринчилар қаторида “Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, социология фанлари)” илмий ихтисослиги таъсис этилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан ички ишлар органлари раҳбар-ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича 40 та онлайн-тренинг ўтказилиб, жами 400 нафардан ортиқ раҳбар-ходимлар ўқитилди.
Ўқув жараёнига 9 нафар етакчи халқаро мутахассис жалб этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 30 га яқин амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди ва 50 дан ортиқ давлат органлари, ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига тарқатилди.
Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Жумладан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноят жавобгарликлари кучайтирилди.
2021 йилда АҚШ Давлат департаменти 2020 йил якунларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда Ўзбекистон 2003 йилдан буён илк маротаба дунё бўйлаб одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган иккинчи тоифадаги (TIER 2) давлатлар даражасига кўтарилди. Ҳисоботда COVID-19 пандемияси таъсирига қарамасдан Ўзбекистон томонидан одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар ижобий баҳоланган.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳуқуқини тиклаш, уларнинг реабилитациясини таъминлаш, барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг "2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси" тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг олий даражадаги Сегментида илгари сурган ташаббуслари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан:
- қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилиш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш;
- мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш орқали уларда қийноқ ҳолатларининг бартараф этилишига эришиш;
- “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритишни йўлга қўйиш;
- Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиш;
- қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ратификация қилинди, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу ҳужжатларнинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантиради. Мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда ушбу қонун матни расмий нашрлари Брайл алифбосида чоп этилди.
Шу каби барча изчил чора-тадбирлар самаралари, бир томондан, Янги Ўзбекистон қиёфаси ҳаётнинг барча соҳаларида тубдан ўзгараётганини кўрсатса, иккинчи томондан, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори қўйилаётганини амалда тасдиқлайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.10.2021
- Кўришлар: 3314
- Чоп этиш