Олий Мажлис Сенати йигирма биринчи ялпи мажлиси аввалида сенаторлар инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини тингладилар.
Мажлисда ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришгани таъкидланди. Жумладан, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисида”ги конвенцияси ва БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция ратификация қилинди.
Бундан ташқари, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини таъкидладилар.
Ушбу ҳужжатда қийноқларни аниқлаш ва олдини олиш юзасидан жамоат гуруҳларини ташкил этиш бўйича бир қатор нормалар белгиланган. Уларнинг жавобгарлиги, қийноқдан жабр кўрганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш кабилар шулар жумласидандир.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тиклаш, барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги тамойилини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофи сифатида мамлакатимиз биринчи марта БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига уч йиллик муддатга (2021-2023) сайланди.
Шу билан бирга, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида ҳали ҳал этилмаган масалалар мавжудлигини таъкидладилар. Хусусан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ҳимоя воситалари ва механизмларини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмалари ҳали етарли даражада шаклланмаган, бу эса амалиётга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни кечиктириб бажариш ёки нотўғри ижро этиш ҳолатлари алоҳида тилга олинди. Мисол учун, 46 та банднинг 11 та банд бўйича тадбирлар амалга оширилмаган.
Бундан ташқари, сенаторлар Олий Мажлис палаталари Кенгашлари Қўшма қарори билан маъқулланган БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва ўқитиш тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лозим даражада бажарилмаётганига эътибор қаратдилар.
Сенатнинг ялпи мажлисида ҳар томонлама ва очиқ муҳокама якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
- Қўшилди: 18.11.2021
- Кўришлар: 3227
- Чоп этиш