Конституциямизда эътироф этилганидек, инсон ҳуқуқлари – олий қадриятдир. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифалар ижроси доирасида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу шиддатли ислоҳотлар замирида юртимизда истиқомат қилувчи барча инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлаш, уларга муносиб турмуш тарзи яратиб бериш, конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадлари мужассамдир.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари Конституциямизнинг 10-бобида белгилаб қўйилган. Ушбу бобдаги моддаларда давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинганлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган.
Бу ҳақда сўз борганда, ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилаётган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган байрам сонида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг “Инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари кучайтирилмоқда” сарлавҳали мақоласи чоп этилганини таъкидлаш лозим.
Мақолада 2021 йил 27 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ёритиб берилган. Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи ушбу янги қонун 101 та моддани ўз ичига олган.
Қонунни тайёрлашда Арманистон, Бельгия, Венгрия, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Испания, Россия, Тожикистон, Туркия, Украина, Қирғизистон каби мамлакатларнинг тажрибасидан фойдаланилган. Мақола муаллифининг фикрича, бу борадаги қиёсий- таҳлилий ўрганишлар турли мамлакатларнинг Конституциявий судлари томонидан фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш функцияларига тобора кўпроқ эътибор қаратилаётганини кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши Конституциявий суд иш ҳажмининг ошишига олиб келади ва Конституциявий суд девони тузилмасини такомиллаштириш, штатларини қайта кўриб чиқиш, унда юридик, халқаро алоқалар, фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, замон талаби асосида ахборот-коммуникация технологиялари, матбуот хизмати каби бўлинмаларни назарда тутишни тақозо этади”, - деб ёзади муаллиф.
Мақолани ўрганиш асносида, янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенг ва тўла кафолатлаш, мамлакатимизда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилишига яна бир бор амин бўлдик.
Шу маънода, мазкур мақола билан нафақат суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, балки ҳар бир юртдошимиз танишиб чиқишлари керак. Зеро, ҳуқуқий онги юксак, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини яхши биладиган ва ҳимоя қила оладиган фуқаролар кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишда энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Гўзал ФАХРИДДИНОВА,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»
журнали таҳририятининг бош мутахассиси
- Қўшилди: 17.06.2021
- Кўришлар: 4080
- Чоп этиш