Учинчи Ренессанс пойдевори
Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғоясини илгари сурар экан, ушбу буюк мақсадга эришиш учун, аввало, илм-фанни ривожлантириш, замонавий илм-фан ютуқларини пухта эгаллаш, энг янги техника ва технологияларни ўзлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизга ахборот технологияларини жорий қилиш, дунёда инсон тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган барча илғор ғояларни ўзлаштиришдек прагматик сиёсатни амалга ошириш вазифасини кун тартибига қўймоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 2020 йил сентябрь ойида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузасида мамлакатимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ташаббусини илгари сурди. Маърузаларда донишманд халқимиз тарихда икки Ренессансни бошидан ўтказгани алоҳида таҳлил қилиниб, миллатимизнинг жаҳондаги энг илғор, тараққий этган халқлар қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлаши эътироф этилди.
Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузасида: “Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар... Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим”, деган муҳим вазифа қўйилди.
Юқоридаги ҳаётбахш ғояларда жаҳоншумул мазмун ва моҳият, тарихий асос ётибди. Негаки, халқимиз ўз ўтмишида иккита Ренессанс шукуҳини вужудидан ўтказган. Биринчиси — Шарқ Уйғониш даври деб аталадиган ва инсоният цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган IХ-XII асрлар Ренессанси, Иккинчиси — Темурийлар Ренессанси — XIV-XV асрларда дунё илм-фани, санъати, маданияти, иқтисодиёт, давлатчилик тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк ўзгаришлар даври. Бу икки даврда даҳо аждодларимиз қадимги тафаккур ва илм таъсир доирасида бўлган жаҳон цивилизациясини дадил қадамлар билан олдинга бошладилар.
Шу боис, халқимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш учун даъвогар бўлишга ҳар томонлама ҳақлидир.
Инсоният тафаккури тарихи тўлқинланиб ётган чексиз уммонга ўхшайди. Унинг туби ҳам, поёни ҳам кўз илғамас манзилларга бориб туташади. Тафаккур маҳсули бўлган ва инсоният тамаддунини таъминлаган билимлар, кашфиётлар тарих қатламларида қуйма олтиндек қат-қат бўлиб, курраи заминнинг ўтмишини ҳам, келажагини ҳам зебу зийнатга, маъною мазмунга тўлдириб турибди.
Ушбу билимларни чуқур ўзлаштирмай туриб, илм-фаннинг ҳали инсониятга маълум бўлмаган янги босқичига қадам қўйиш мумкин эмас. Бу мақсадга эришиш учун Ватанимизга минглаб иқтидорлар, қилни қирқ ёрадиган зукко олимлар, муҳандис-технологлар керак бўлади. Уларни тарбиялаб вояга етказиш учун эса катта меҳнат, молиявий қувват зарур.
Халқимиз азалдан Комил Инсон рутбасига, илму нужумга интилиб келган. Донишманд миллатимиз одамзод яратган билимларни катта иштиёқ билан ўрганибгина қолмай, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшиб келган ва бугунги кунда ҳам ушбу билимларга чанқоқлик сусайгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг Президент мактаблари, иқтидорли ёшлар учун алоҳида ихтисослашган мактаб ва лицейлар барпо қилиш борасидаги сиёсати, қанча молиявий қийинчиликлар бўлмасин, амалга оширилаётган ишлар ана шу чанқоқликни рағбатлантириш, ёшлар билим ва илм чўққиларини кенг ва чуқур эгаллаши, иқтидорини намоён қилишига шарт-шароит яратиб беришга қаратилгани билан ниҳоятда қадрлидир.
Иқтидорли ёшларимиз дунёда рақобатга кириша оладиган даражада билим олишлари ва ундан ҳам ўзиб кетишлари учун замонавий бинолар қурилиб, улар энг илғор техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Аммо Президентимиз ушбу йўналишдаги суҳбат ва маърузаларда ҳар доим “Мана, замонавий биноларни қурдик, иқтидорли ёшларимизни бу муассасаларга жалб қиляпмиз. Аммо унинг мазмунини нима билан тўлдирамиз”, деган ҳақли саволни ўртага қўяди.
Давлат раҳбарининг миллат келажагига қаратилган ушбу талабини бажаришга ҳисса қўшиш мақсадида бир гуруҳ олимлар билан ҳамкорликда, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий кўмагида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси иштирокида ўзига хос ташаббус бошланди. Унга асосан, жаҳон тарихида инсоният яратган энг буюк кашфиётлар, фан йўналишидан қатъи назар, илм чўққиларини ўзида мужассам этган нодир асарларни йиғиш, уларни инглиз, рус, француз, немис, хитой, форс, япон, ҳинд ва бошқа тиллардан ўзбек тилига ўгириб, халқимизга, айниқса, ўсиб келаётган, Учинчи Ренессансга пойдевор қўядиган ва келажакда уни яратадиган ёшларимизга тортиқ этишга қарор қилинди.
Бугунги тараққиёт даражасига етган инсоният тафаккури минг йиллар давомида қадамма-қадам шаклланган. Бунда тарихнинг муайян даврларида ҳукм сурган цивилизациялар ва шу даврларда яшаб, фан, техника, дин, фалсафа, адабиёт ва санъат соҳасида ижод қилган, инсон тафаккурини бойитишда улкан ҳисса бўлиб қўшилган кашфиётлар муаллифларининг ўрни беқиёсдир.
Аммо уларнинг ёшларимиз томонидан ўқиб-ўрганилиши, ўзлаштирилишида иккита тўсиқ бор. Биринчиси, бу асарларни танлаш ва топиш, соҳалар бўйича яратилган асарларнинг энг буюклари қайсилари эканини адашмай белгилаб олиш. Иккинчиси эса тил, баён ва тафаккур тарзининг ёшлар чуқур ўзлаштириб олиши учун анчайин мураккаблиги. Ана шу тўсиқларни бартараф этишни олимларимиз ва юқорида санаб ўтилган ташкилотлар ўз зиммасига олади.
Бу хайрли ишларни кенг кўламда ташкил қилиш учун илм-фаннинг турли соҳалари бўйича алоҳида-алоҳида олимлар, таржимонлар гуруҳлари ташкил қилинди. Улар томонидан танлаб олинган асарлар нодир асарлар жамланмасига киритилади ва ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилади. Дунё цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилган буюк кашфиётлар, нодир асарларнинг бўлажак туркум жамланмаси “Инсоният тафаккури жавоҳирлари” деб номланди.
Ушбу кўп жилдли жамланманинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, инсоният тарихида ер юзининг бирор минтақасида, на Европада, на Америкада Хитой, Ҳиндистон ва бошқа халқлар томонидан дунёнинг энг юксак билимларини ўзида жамлаган бундай нодир асарлар тўплами йиғилиб, нашр этилмаган. Тўғри, дунё китобатчилиги тарихида жаҳон адабиёти, ҳар бир халқнинг миллий классик ва замонавий адабиёти кўп жилдлик асарлар тўпламлари нашр этилган.
Бироқ катта мамнуният билан айтишга ҳақлимизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи Ренессансга пойдевор яратиш борасидаги ташаббуси доирасида дунё илм-фанининг барча соҳаларидаги нодир асарларни ўзида қамраб оладиган бундай кўп жилдликни нашр қилишга жаҳонда биринчи бўлиб Ўзбекистонда киришилди.
Ушбу жамланма инсон цивилизациясининг энг қадимги даврларидан бошлаб буюк тафаккур маҳсулларини ўз ичига олаётгани билан қадрлидир. Жумладан, қадимги Шумер цивилизацияси, Шарқ, Миср, Юнон, Ҳинд, Хитой фалсафаларидан тортиб, кейинги эраларда яратилган энг нодир илмий ва бадиий асарлар ўз даври, асрига қараб, хронологик тарзда жилд-жилд қилиб шакллантирилади.
Шарқ фалсафаси ва аниқ фанларнинг буюк намояндалари — Форобий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Ғаззолий ва бошқаларнинг асарлари жамланмага киритилади. Қадимги юнон фалсафаси намояндалари — Гераклит, Пифагор, Суқрот, Платон, Аристотель, Демокрит, Гегель, Афлотун, Эпикур, Кант, Фихте, Шиллинг, Ницше, Фейербах сингари буюк сиймоларнинг асарларини ўзбек тилида ўқиш имконияти яратилади.
Адабиёт соҳасидаги асарлар ер шарининг минтақалари кесимида қамраб. олинади. Шарқ адабиёти — “Авесто”дан тортиб, Ўрхун-Енисей ёзувлари, Шарқ уйғониш даври, илк ва ўрта асрларнинг кейинги даври адабиёти намояндалари. Европа адабиёти — Шекспир, Гёте, Байрон, Мопассан, Роллан, Марк Твен ва бошқалар. Америка адабиёти — Жек Лондон, Теодор Драйзер, Гарсия Маркес ва бошқалар. Рус адабиёти — Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевский, Есенин ва бошқалар. Қирғиз адабиётидан “Манас” ва Чингиз Айтматов. Қозоқ (Абай), тожик (Рудакий) ва бошқа халқлар адабиёти вакиллари. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Араб давлатлари, Эрон, Туркия адабиёти вакиллари жамланган.
Илм-фан йўналиши бўйича: физика, кимё, астрономия, математика ва бошқа фанлар соҳасида яратилган энг буюк кашфиётлар, буюк олимлар асарларининг оригиналлари таржима қилиниб, нашр этилади.
Санъат соҳасида — дунёдаги энг машҳур мусиқа асарлари, мусаввирлик полотнолари, картиналар, ҳайкаллар, буюк меъморлик намуналарининг расмларидан иборат китоб-альбомлар чоп этилади. Масалан, Бах, Бетховен, Моцарт, Беҳзод, Леонардо да Винчи, Микеланжело, Рембрандт ва бошқалар.
Юқоридагилар шунчаки режалар эмас, чунки нодир асарлар жамланмасининг биринчи жилди — “Қадимги Шарқ цивилизацияларидан ёдгорликлар” китоби Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Таълим” нашриётида нашрдан чиқди.
Инсоният тарихининг бизгача етиб келган буюк кашфиётларини ўрганиш, уларни тўплаш, ўзбек тилига таржима қилиш ва нашрга тайёрлашда академик О.Салимов бошчилигидаги М.Маҳмудов, Ҳ.Болтабоев, Ш.Эргашев каби таниқли олимлар, А.Файзулло, М.Сафаров, Т.Қаҳҳор сингари ижодкор ва таржимонлар фидойилик намунасини кўрсатдилар.
Жамланманинг биринчи жилдига инсон цивилизациясининг 5-6 минг йиллик тарихга эга бўлган буюк кашфиётлари, инсоният тараққиётига хизмат қилган илк тафаккур маҳсулотларининг юксак намуналари киритилди. Мазкур жилддан қадимги Яқин Шарқ, Шумер, Миср, Хитой, Ҳинд тамаддунининг бебаҳо кашфиётлари ҳамда халқ оғзаки, ёзма ижодий меросининг сара асарлари ўрин олган. Оламшумул шуҳратга эга бўлган Шумер халқ эпоси — “Гилгамиш ҳақида достон” илк бор ўзбек тилида китобхонларга тақдим этилди.
“Қадимги Шарқ инсоният цивилизациясининг бешиги”, деб бежиз эътироф этилмайди. Чунки инсониятга маълум бўлган илк цивилизация Қадимги Шарқда — Қадимги Месопатамия, Миср, Эрон, Ўрта Осиё, Ҳиндистон ва Хитой, яъни Ўртаер ва Эгей денгизлари қирғоқларидан Тинч океанигача бўлган ерларда содир бўлган.
Қадимги Шарқнинг энг дастлабки ва сирли цивилизацияси Яқин Шарқда бўлиб, бу ерда қандай пайдо бўлгани ва қандай йўқолиб кетгани ҳақида ҳозиргача маълумот топилмаган шумерлар яшаган. Жаҳон илм-фани, динлари, маданияти, адабиёти тарихида шумерларнинг ўрни жуда катта.
Бу цивилизация ўз даври учун бошқа халқлардан шу даражада ўзиб кетганки, Яқин Шарқ, Ўртаер денгизи ҳавзаси, Ғарбий Европа ҳудудидаги халқлар тараққиёти шумер маданияти таъсири остида шаклланган. Шумерлар ўз даври учун энг аниқ ҳисобланган математика ва астрономияга асос солганлар. Инсоният ҳозир ҳам фойдаланиб келаётган йилни фаслларга, ўн икки ойга, ўн икки буржга бўлиш, бурчакни, дақиқа ва секундни олтмишга бўлиб ўлчаш ҳам шумерлар кашфиётидир.
Дунё олимлари кўплаб юлдузларни ва бошқа осмон жисмларини юнон ва араб тилларига таржима қилиниб, шу тиллар орқали бизгача етиб келган шумерча номлар билан атайдилар. Астрономия билан бирга пайдо бўлган ва минг йиллар давомида инсон тафаккурида ўз таъсирини йўқотмаган астрологияни ҳам шумерлар кашф қилганлар. Энг қадимги политеизм — кўп худоликка асосланган динни ҳам шумерлар яратган.
Инсонни комиллик сари элтувчи тизимли ҳаракат, фан ва санъатни ўқитиш билан шуғулланган дастлабки мактаблар ҳам милоддан аввалги III минг йиллик бошларида Шумернинг Ур шаҳрида пайдо бўлган. Инсоният тарихидаги биринчи поэма — “Олтин давр”ни ҳам шумерлар яратган.
Дастлабки торли мусиқа асбоблари — лира ва арфани, дори тайёрлаш, руҳий таъсир (гипноз) орқали даволаш билан ҳам дастлаб шумерлар шуғулланган ва бу илмни юқори даражада ривожлантирганлар. Тиббиётга оид энг қадимги китоб — дорилар рецептини ҳам шумерлар ёзган. Шунингдек, одил судлов ва қонунийлик принципини ҳам шумерлар ҳаётга жорий қилган.
Инсоният тарихида кулоллик чархи, ғилдирак, плуг, елканли кема, қурилишда равоқ ва гумбаз усуллари, мис ва бронза қуйиш, игна билан тикиш, михпарчин билан улаш, кавшарлаш, тош ҳайкал ясаш каби ихтироларнинг пайдо бўлиши шумерлар билан боғлиқ. Улар томонидан кашф қилинган мис ва ундан фойдаланиш инсониятнинг бронза даврига ўтишини бошлаб берган. Аммо инсоният цивилизациясига шумерлар қўшган энг катта ҳисса ёзувнинг кашф этилганидир. Умуман олганда, шумерлар қирққа яқин оламшумул кашфиёт қилганки, улар бугун ҳам инсоният хизматида.
Шумер адабиётининг бадиий қиймати ниҳоятда юксакдир. У оссурияликлар ва бобилликлар томонидан тўлиқ ўзлаштириб олиниши орқали бизгача етиб келган. Хеттлар, хурритлар ва канъонлар бу адабиёт намуналарини ўз тилларига таржима қилганлар. Яҳудий адабиётининг шакли ва мазмунида, ҳатто юнон адабиётида ҳам шумер матнларининг кучли таъсири сезилиб туради. Олимлар томонидан шумер адабиётининг сопол ва тош тахтачаларга ёзилган масаллари, 9 та достони аниқланган. Уларнинг энг мукаммали Гилгамиш ҳақидаги достондир. Ушбу достон машҳур таржимон, марҳум Амир Файзулло томонидан ўзбек тилига ўгирилди ва жамланманинг биринчи жилдига киритилди.
Шунингдек, биринчи жилддан Қадимги Миср, Хет адабиёти, Қадимги Хитой, Қадимги Ҳиндистон адабиёти намуналари жой олди. Бу адабиётлар ўз мазмун-моҳиятига кўра, жуда қимматлидир. Сиз уларга киритилган шеърий ва насрий асарларни ўқир экансиз, бугун инсониятни ташвишга солган ва қалб туғёнларига сабаб бўлаётган воқеликлар, муҳаббат, садоқат, одамийлик, қаҳрамонлик, ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш, одам феълининг ноқислиги, адолатсизлик ва унга қарши норозилик туйғулари бундан 5-6 минг йил аввал ҳам ҳеч қандай ўзгаришларсиз мавжуд бўлганига гувоҳ бўласиз.
Ҳеч шубҳа йўқки, “Инсоният тафаккури жавоҳирлари” нодир асарлар жамланмаси олимларимизнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари, молия идораларимиз, жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий кўмагида халқимизга тўлиқ тортиқ этилади.
Шу кунларда жамланманинг иккинчи жилди — “Авесто” қайта ишланган, тўлдирилган ҳолда олимларимиз томонидан нашрга тайёрланмоқда. Буюк аждодларимиздан қолган бу нодир ёдгорлик жаҳон цивилизацияси тараққиётига ўзига хос таъсир кўрсатган бебаҳо асардир.
Худди шунингдек, бир гуруҳ олимларимиз жамланманинг учинчи жилдини шакллантириш устида иш олиб боряптилар. Ушбу жилдга милоддан олдинги биринчи минг йилликда илм-фан соҳасида жаҳонда яратилган энг сара асарлар, кашфиётлар киритиляпти. Жумладан, Шарқ ва Европа, Ҳинд, Хитой ва бошқа минтақаларда ушбу даврда яратилган юксак тафаккур маҳсули намуналари жамланиб, сараланиб, нашр қилинади.
Нодир асарлар тўплами мамлакатимиздаги ҳар бир хонадоннинг китоб жавонидан жой олса, нур устига нур бўлар эди. Инсоният илм хазинасининг энг сара, буюк асарлари фарзандларимиз қўл узатса етадиган жавонларда бўлиши Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда катта имкониятлар эшигини очади.
Акмал САИДОВ,
академик
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2021 йил 16 февраль)
- Қўшилди: 16.02.2021
- Кўришлар: 5874
- Чоп этиш