Жамоатчилик кенгаши: ходимларни “ҳалолликка текшириш” институтини жорий этиш зарур

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ижросига эътибор қаратди.

Қайд этилишича, 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган 9 йўналишда 30 банддан иборат вазифа ва топшириқларнинг ижроси таъминланди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган 12 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича янги ахборот тизимлари ишга туширилди.

ННТлар учун коррупцияга қарши курашиш мавзуларида Олий Мажлис фонди ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан 1 миллиард 784 миллион 400 минг сўмлик грант танловлари эълон қилинди. 41 семинар ташкил этилиб, унда 680 нафар НТТ ва ОАВ вакилларининг малакаси оширилди.

– Давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган, лекин ҳозирда юқори инстанцияларда кўриб чиқилаётган лойиҳалар қабул қилингунига қадар уларни назорат қилиб бориш лозим, – дейди Жамоатчилик кенгаши раиси Фозил Отахонов. – Давлат дастуридаги вазифаларнинг сифатли ижро этилганини ўрганиб, қўшимча равишда масъулларга топшириқ бериш орқали амалиётга самарали жорий этилиши таъминланади. Фармон билан 2025 йил январь ҳолатига Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар сони 42 тага етказилди. Ушбу рўйхатни янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида давлат органлари фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, институционал асосларни такомиллаштириш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган еттита устувор йўналишда вазифалар белгиланган.

Дастурдаги лобби фаолиятини норматив-ҳуқуқий тартибга солиш, давлат хизматчиларининг хорижда ҳисоб рақамлар очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлишига оид чеклов ўрнатишнинг аниқ тартибини белгилаш, ходимларни “ҳалолликка текшириш” институтини жорий этиш, коррупциявий жиноятлар статистикасини юритишга мўлжалланган ягона дастурий таъминотни яратиш каби вазифаларга Жамоатчилик кенгаши аъзолари алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Ю.Олимова дастур доирасидаги бандларнинг бажарилганлик даражасини фақатгина давлат органлари томонидан берилган маълумотлар билан баҳоламасдан, сўровнома орқали аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда баҳолаш лозимлигини таъкидлади.

Кенгаш аъзоси А.Ташанов дастурда ОАВ вакиллари учун суриштирув журналистикаси, таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги кўникмаларни оширишга қаратилган ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда журналистика йўналиши мавжуд олий таълим муассасаларида суд журналистикаси фанини мажбурий фан сифатида ўқитилишини йўлга қўйиш ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан ташқари, давлат дастури лойиҳасига тадқиқотлар ўтказиб, ўзбек халқ мақолларидаги коррупцияни оқлайдиган (масалан, “Еган оғиз уялар”), ёшлар онгида коррупцияга ижобий ҳолат эканлигини кўрсатадиган мақолларни адабиётлардан чиқариш бўйича чора-тадбирларни киритиш таклиф этилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчиси И.Маҳмудов лойиҳага олий таълим талабаларининг баҳо олишга бўлган муносабатини ўрганиш, олий таълим муассасаларининг коррупциялашганлик индексини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech