Коронавирус пандемияси бутун дунёни қамраб олди, давлат, жамият ва фуқаролар олдига катта ва мураккаб синовлар қўйди, барча соҳаларга ўзининг таъсирини кўрсатди, энг асосийси, янги ҳуқуқий муносабатларни юзага келтирди. Ҳар бир давлат пандемиянинг кенг тарқалишининг олдини олиш, касалланганларни даволаш, аҳоли соғлиғи ва ҳаётини асраш, иқтисодиётга келтирилаётган зарарларни юмшатиш каби жуда мураккаб ва масъулиятли вазифаларни ўз олдига қўйган.
Пандемия ва унинг бутун жаҳон ҳамжамияти учун, шу жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги нохуш ижтимоий, иқтисодий ва молиявий оқибатлари бу борада мувофиқлаштирилган глобал жавоб чораларини кўриш, ижтимоий-иқтисодий, илмий, инновацион, технологик ва тиббий салоҳиятни сафарбар этиш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Ушбу Кодексда пандемияларга қарши кураш жараёнидаги халқаро ҳамкорлик бирдамлик, очиқлик, ўзаро ёрдам ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларига асосланишининг муҳимлиги таъкидланган.
Бутунжаҳон пандемияси инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалаларига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Айниқса, болалар, аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар каби аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари турли муаммоларга дуч келмоқда. Дунё мамлакатларида аҳолининг айрим гуруҳларини мажбурий эмлашни талаб қиладиган “эмлаш сиёсати” мунозарали бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, кўплаб мамлакатлар аҳоли учун COVID-19 га қарши эмлаш ва тест натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган “соғлиқни сақлаш паспортлари”ни жорий қилмоқда.
Пандемия шароитида жамиятни ҳимоя қилишга қаратилган жамоавий ҳаракатлар оқибатида шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш муаммосига дуч келинмоқда. Бир томондан, турли сабаблар туфайли эмланмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иккинчи томондан, соғлиқ ва хавфсизликка оид шахсий ва жамоавий ҳуқуқларни таъминлашимиз керак.
Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси вақтида инсон саломатлиги, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор чора-тадбирлар қабул қилинди. Мазкур вазифаларни амалга оширишда 50 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент ва Ҳукуматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Бутун мамлакат миқёсида карантин тизими жорий этилди. Бу борадаги масалаларда аҳолининг масъулиятини ошириш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди, шунингдек нотўғри ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича ҳаракатлар миллий дастури қабул қилиниб, Бош вазир раҳбарлигида иккита – Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ҳамда Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси тузилди. Бу эса, Ҳукумат ва фуқаролик жамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ресурсларни сафарбар этиш, энг асосийси – одамлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини оширди.
Ўзбекистонда воқеалар фожиали йўналишда ривожланишига йўл қўйилмади. COVID-19 бўйича ўлим кўрсаткичлари жаҳон миқёсида энг паст даражалардан бирини ташкил этишига эришилди.
Пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиллаштириш мақсадида аҳоли ва бизнесга ёрдам тариқасида кенг кўламли чора-тадбирлар мажмуаси қабул қилинди, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор енгилликлар ҳамда имтиёзлар жорий этилди. Жумладан, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар, мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати узайтирилди. Кредитлар бўйича қайтарилиши лозим бўлган маблағларни қайтариш муддати кечиктирилди, шунингдек тиббиёт ходимларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови жорий этилди.
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини қайтариш чоралари кўрилди. Жумладан, 600 мингдан ортиқ фуқаро мамлакатга қайтарилди, хорижда қийин ҳаётий аҳволда қолган 100 мингга яқин фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ҳужжатларни алмаштириш муддатларини, чет эл фуқароларининг мамлакатимизда бўлиш муддатларини бузганлик учун жарима солмасдан туриб, ушбу муддатларни узайтириш тартиби киритилди.
Пандемия даврида инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири – таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 110 дан ортиқ давлатда мактабларнинг ёпилиши оқибатида “ўқув жараёнининг узилиши” рўй бериб, бу бутун жаҳонда ўқувчиларнинг ярмидан кўпига таъсир қилган бўлса, Ўзбекистонда бундай узилишнинг олдини олишга муваффақ бўлинди. Масофавий таълим тизимини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уни таълим муассасаларида (мактаблар, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртлари, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва бошқаларда) жорий этиш чоралари кўрилди.
Таълим олиш шакли ўзгариши, таълимнинг масофавий шаклга ўтказилиши мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг тўлақонли ҳамда сифатли таълим олиш ҳуқуқларига риоя этилиши борасида бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди.
Хусусан:
Таълим олиш тизимидаги туб ўзгаришлар, масофавий ўқишга ўтиш натижасида қуйидаги муаммоларни юзага чиқарди:
- академик ҳамжамиятнинг иш куни давомийлиги ошиши, меҳнат шароитларининг ўзгариши;
- ўқитувчиларнинг катта қисмида масофавий ўқитишни ташкил этиш учун зарур бўлган шароитлар, тўлақонли масофавий ишлаш учун техник жиҳозлар ва ахборот технологиялари ёрдамида ишлаш бўйича профессионал кўникмаларнинг мавжуд эмаслиги;
- тиббиёт, муҳандислик ва ижодий (мусиқачилар, дизайнерлар ва бошқалар) мутахассислиги бўйича талабалар учун амалий машғулотлар, ўқув-лаборатория ишларини ташкил этиш имкониятининг йўқлиги.
Пандемия давлат органлари, суд органлари фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Дунёнинг 90 дан ортиқ давлатида фавқулодда ҳолатлар эълон қилиниб, инсон ҳуқуқларига оид қонунлар ва суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича чекловлар ўрнатилди. БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси коронавирусга қарши курашиш ҳолатида ҳам одил судловга оид ҳуқуқларни таъминлаш муҳимлигини эътироф этди.
Судларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг бир қатор қарорлари қабул қилинди. Карантин даврида судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатилган бўлишига қарамай, процессуал ҳужжатлар судларга почта орқали ва электрон шаклда тақдим этилди.
Шу билан бирга
Карантин даврида авдокатларнинг транспортдан фойдаланишининг чекланиши юзасидан адвокатлик ҳамжамияти томонидан фуқароларнинг ҳимояга оид ҳуқуқларини таъминлашда муаммолар келтириб чиқариши тўғрисида мурожаатлар ҳам билдирилди.
Ўзбекистонда пандемия шароитида давлат органлари фаолиятида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Парламент, Ҳукумат фаолиятида ҳам рақамлаштириш жараёни бошланди. Шунингдек, давлат хизматларининг кўрсатилишида онлайн тизимни таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда аҳолига 150 турдан ортиқ қарийб 25 млн. давлат хизматлари кўрсатилган.
Давлат хизматлари агентлиги тез ва сифатли хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйган давлат идораларига тегишли жавобгарлик чораларини қўллашига қарамасдан, улар томонидан идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш, уларни «Электрон ҳукумат» тизимига интеграция қилиш ишлари етарлича йўлга қўйилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати ўрганилиши шуни кўрсатдики, давлат органлари томонидан аҳолидан ва тадбиркорлик субъектларидан айрим маълумотлар ортиқча талаб қилинишига чек қўйилганлиги билан бирга, давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви (интеграция) йўлга қўйилмаганлиги, давлат органлари томонидан ахборот тизимлари ҳамда архив маълумотлари тўпламларини рақамлаштириш масалалари, шунингдек чет давлатларда фаолият юритаётган фуқаролар учун ушбу хизматлардан фойдаланиш масалалари очиқ қолган.
Амалдаги қонунчиликда давлат идоралари томонидан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар қонуности ҳужжатларда белгиланганлигини инобатга олиб, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишда ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек давлат органларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида “Давлат хизматлари кўрсатишни ташкил этиш асослари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Қонуннинг қабул қилиниши давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ барча асосий қоидаларни ягона ҳуқуқий ҳужжатга жамлаш ва давлат хизматлари кўрсатиш институти орқали давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга хизмат қилади.
2020 йил ижтимоий ҳимоя соҳасида, ҳеч муболағасиз, бурилиш йили бўлди. Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга, фуқароларни озиқ-овқат, дори-дармон ва зарурий тиббий маҳсулотлар ҳамда бошқа ҳаётий зарур товарлар билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Имконияти чекланган шахслар, кам таъминланган ва аҳолининг заиф қатламларига беғараз манзилли ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилди. Жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
2020 йилда ижтимоий нафақа олувчилар сони икки баравар – 1,2 миллион кишига кўпайди. Бу мақсадлар учун 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилганлигига қарамай, ижтимоий нафақа, моддий ёрдам миқдорини ва бандлик даражасини ошириш учун давлат бюджетидан қўшимча яна 2,6 трлн сўм ажратилди.
Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этди. Хусусан, фуқаролар фаол иштирок этган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан ортиқ кам таъминланган оилага 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Коронавируснинг олдини олиш бўйича махсус комиссия қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ пандемия шароитида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш учун масъул этиб белгиланди. Марказ пандемия шароитида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро тузилмаларнинг (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва шартномавий қўмиталари, ЖССТ, ХМТ, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ) тавсияларида кўтарилган масалаларга давлат органлари эътиборини қаратди. Хусусан, мигрантлар, маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат нормаларига риоя этиш, одил судловга оид ҳуқуқларни таъминлаш каби масалаларга ҳамкорликда ечим изланди.
Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари кенгаши билан ҳамкорликда пандемия даврида мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга қайтиб келишига, Россия фуқароларининг ўз ватанига, жумладан, махсус авиақатнов орқали қайтишига кўмаклашилди.
2020 йил июнь ойида БМТ ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги расмий вакиллари билан биргаликда Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Ўртасарой карантин маркази”га ташриф уюштирилди. Ташриф доирасида карантин ҳудудларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ўрганилиб, унинг натижалари “Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги миллий мулоқот доирасида муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий чораларни амалга ошириш борасидаги тажрибаси муҳокама қилиниб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Миллий мулоқот тадбирида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Қийноққа қарши кичик қўмитаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Мулоқот якунлари бўйича карантин марказларидаги ҳолатни, халқаро тиббий-санитар нормалар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан яхшилаш бўйича чоралар кўришга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, коронавирус билан курашиш пайтида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасида бир қатор услубий қўлланмалар, видеороликлар ишлаб чиқилди.
Таҳлиллар COVID-19 пандемияси шароитида фавқулодда чора-тадбирлар кўриш соҳасида айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс этмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Президенти фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритиши белгиланган. Бунда фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади.
Бу, ўз навбатида, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонунни қабул қилиш заруратини юзага келтирмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, фавқулодда ҳолатни жорий этиш ҳолатлари ва тартиби, фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда вазият шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Бизнес омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамланиши зарур.
- Қўшилди: 25.11.2021
- Кўришлар: 3846
- Чоп этиш