Шеър – бу ҳикматдир

21 март – Бутунжаҳон шеърият куни

 

Бундан 24 йил муқаддам, яъни 1999 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 30-сессиясида 21 мартни “Бутунжаҳон шеърият куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. ЮНЕСКО қарорида таъкидланганидек, шеърият инсоннинг энг муҳим, долзарб маънавий саволларига жавоб берувчи воситадир.

Бутунжаҳон шеърият кунини байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – шеъриятга кенг жамоатчиликнинг диққат-эътиборини имкон қадар кўпроқ жалб этишдан иборат. Ушбу халқаро сана тантаналари илк бор ЮНЕСКО қароргоҳи жойлашган пойтахт шаҳар – Парижда 2000 йилда ташкил этилган.

Ҳозирги вақтда халқаро шеър байрами ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда. Зеро, халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ даргоҳ, деб билади. Бу юксак муносабат бадиият намояндаларига, шоиру адибларимизнинг таъсирчан сўзи, сермазмун асарларига ишонч, ҳурмат-эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини ўзида ифода этади. 

Мамлакатимизда Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг 582 йиллиги кенг нишонлангани бунинг ёрқин тасдиғидир. Шу муносабат билан 9 февралда юртимиздаги ҳар бир ташкилот, корхона, маданият кошонаси, таълим муасасаси, маҳалла ва хонадонларда Ҳазратнинг шеърлари янгради.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди”. Бинобарин, Навоийнинг ибратли ҳаёти ва серқирра ижоди барча замонлар ва маконлар учун бирдай ҳикмат ва маърифат манбаидир.

Улуғ бобомиз жаҳон адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган бўлиб, у зотнинг номи Ҳомер ва Данте, Шекспир ва Гёте, Бальзак ва Пушкин, Низомий ва Жомий каби буюк мутафаккирларнинг номлари билан бир қаторда туради. Шу боис кўплаб хорижий мамлакатларда шоир асарлари турли тилларда нашр этилмоқда, Алишер Навоийнинг бадиий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда.

Дунёнинг Токио, Шанхай, Вашингтон, Сеул, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе каби шаҳарларида Навоий бобомиз шарафига муаззам ҳайкаллар қад ростлаб турибди. Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бири ҳам буюк мутафаккир аждодимиз номи билан аталади.

Буларнинг барчаси улкан сўз санъаткорининг асарлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсониятнинг маънавий мероси эканидан далолат беради. Бадиий тафаккур қонуниятларидан бохабар одам борки, Навоий назму насрининг инсон тасаввури ва тафаккуридаги ноёб бадиий-эстетик ҳодиса эканини тан олади. Алишер Навоий ижоди инсониятни ҳамиша камолотга ундайдиган, замонлар оша ҳам бадиий, ҳам тарбиявий қийматини йўқотмайдиган бебаҳо меросдир.

Айни чоғда, Ўзбекистон Президенти 2023 йил 25 январда “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Қарорда қайд этилганидек, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур нинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга. Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунинг учун буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, фарзандларимизни шу асосда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Ҳақиқатан ҳам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарлари билан бутун Шарқ халқлари бадиий тафаккурини, маданиятини янги босқичга кўтарган. Бобур асарларини ўрганиш инсонларни, айниқса, ёш авлодни яхшиликка, Ватанни севишга ундайди. Шоир асарларида Ватаннинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси, комил инсонни тарбиялаш масалалари моҳирона тасвирланган.

Бобурнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид нодир асарлари қадимий тарихимиз ҳақида қимматли маълумотлар беради, миллий ўзлигимизни, маданиятимизни англашда муҳим манба вазифасини ўтайди. Биргина «Бобурнома»нинг ўттиздан ортиқ тилга таржима қилиниб, чоп этилгани ҳам буюк алломанинг асарлари бутун дунё халқлари томонидан севиб ўқилишини яққол тасдиқлаб турибди. Бобур ва унинг авлодлари даврига оид бебаҳо манбалар ҳозирги вақтда жаҳоннинг етмишдан ортиқ музейида сақланмоқда.

Баҳорнинг илк кунида мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуди кенг нишонланди. Зулфияхоним сатрларида ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр ва муҳаббат, садоқат ҳамда гўзаллик каби чин фазилатлар тараннум этилган. Биринчи Президентимизнинг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, адабиёт, санъат, маданият, фан, таълим соҳаларида фаол изланаётган, интилувчан ва ташаббускор қизлар ушбу юксак мукофотга сазовор бўлмоқда.

Бу мукофот юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган қизларнинг орзу-интилишларини юзага чиқариш, уларга қанот бағишлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мукофотга муносиб топилаётган қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, ўз навбатида, юртимизда истеъдодли ёшлар кўп эканлиги, энг муҳими, улар қалбида Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш истаги жўш ураётганини англатади.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Қарши шаҳрида Абдулла Орипов мактаби ва музейи ташкил этилгани ҳамда севимли шоиримиз ҳайкали қад ростлагани ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Нега деганда, устоз Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Атоқли шоирнинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида қайд этилган.

Қарорга мувофиқ, Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилгани юртимиз маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлганди. Ўшанда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда ҳам адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилган.

Атоқли шоиримиз 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадон – пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ал-Хоразмий 1-тор кўчаси 7-уй пештоқига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Устоз Эркин Воҳидовнинг “Сайланма” асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърларидан иборат туркум китоблар нашрдан чиқарилди.

Бундай эзгу ишлар кейинги даврда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимизнинг адабиётга, ижод аҳлига бўлган беқиёс эътибору эҳтиромини намоён этади.

Яна бир муҳим воқелик: Президентимиз ташаббуси билан Наманганда – Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда – Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Қаршида – Абдулла Орипов, Марғилонда – Эркин Воҳидов, Нукусда – Ибройим Юсупов, Гулистонда – Ҳалима Худойбердиева, Андижонда – Муҳаммад Юсуф номидаги махсус ижод мактабларига асос солинди. Халқимиз севиб-ардоқлайдиган шоирларимиз номини абадийлаштириш ва ижодий меросини ўрганиш борасидаги бу ибратли ташаббус кейинги йилларда анъанага айланди.

Хулоса қилиб айтганда, истиқлол барча соҳалар қатори миллий адабиётимиз, муаззам шеъриятимиз ривожида янгича юксалишларга асос солди. Мамлакатимизда шеъриятга, ижод аҳлига муносабат борасидаги эзгу ёндашув, авваламбор, халқимизга хос юксак бадиий дид ва шеърсеварлик фазилатининг ёрқин инъикосидир. Буни нафақат ижод аҳли, балки адабиёт мухлислари ҳам юрак-юракдан ҳис этиб яшамоқда.

Шу маънода, ЮНЕСКО ташаббуси билан дунё миқёсида шеърият байрами учун алоҳида сана таъсис этилгани, ҳақиқатан ҳам, ғоят хайрли ишдир. Зотан, ҳар битта шеър ниҳоятда ноёб ва ўта хусусий ҳодиса бўлгани ҳолда, у бутун башариятга бирдек тааллуқли бўлган неча минг йиллик ҳаётий тажрибани, миллий ва умуминсоний қадриятларни, инсон зотигагина хос бўлган ижодкорлик ва яратувчанлик, демакки, озодлик ва ободлик руҳини ўзида мужассам этади.

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech