Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқида БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини қўллаб-қувватлагани бежиз эмас. Чунки ушбу умумбашарий ташаббуслар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган изчил, тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар билан уйғун ҳамда ҳамоҳангдир.
Шу йил 27 февраль куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси очилди. Сессиянинг Юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этар эканман, давлатимиз раҳбарининг ушбу халқаро тузилма минбаридан илк марта сўзлаган нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар нақадар ҳаётий эканлиги ҳақидаги фикрлар яна хаёлимни банд этди.
Инсон ҳуқуқлари – инсониятнинг умумий тили
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг жорий йил 4 апрелига қадар давом этадиган сессиясида дунёнинг қарийб 150 та давлатидан юқори даражали вакиллар қатнашмоқда. Очилиш маросимида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси В.Балек, БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг раиси Ч.Кёрёши, БМТ Бош котиби А.Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ф.Тюрк иштирок этди ва сўзга чиқди.
В.Балек ушбу сессияга “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг асосий мажлиси” дея таъриф берди. Шу нуқтаи назардан, у “Кенгашнинг самарали фаолият олиб бориши учун ишчанлик муҳити ва ўзаро ҳамкорлик руҳи”ни қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлигини қайд этди.
Ч.Кёрёши бу йил Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги нишонланишини таъкидлади. Аммо, шундай қутлуғ санани байрам қилиш масаласи, унинг таассуф билан айтишича, “турли тартибсизликлар, мисли кўрилмаган кўламларда, кетма-кет ва ўзаро боғлиқликда давом этаётган бўҳронлар домида қолган бугунги дунёмиз учун иккинчи даражали юмушга айланди”, яъни зарур аҳамиятини йўқотди.
Чунки коронавирус пандемиясидан сўнг дунё ҳали ҳам ўзини ўнглай олмаяпти: 70 дан зиёд мамлакат қашшоқлик ҳолатида қолмоқда. Инсоният 2030 йилгача эришиши мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадлари йўлидан чалғиб кетди.
Қуролли низолар кўпайгандан-кўпаймоқда. Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ фожеалар инсон ҳуқуқлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли соғлиги, тураржой билан таъминлаш имконияти ва баъзан ҳатто халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашига тааллуқли муҳим ҳуқуқларга нисбатан тажовузлар билан бирлашиб, бугунги авлод келажагига таҳдид солмоқда.
А.Гутерриш ХХ аср давомида ва ХХI аср бошида инсоният тараққиёти йўлида эришилган натижалар энди ортга кетаётганини афсус билан қайд этиб, илк бор ўн йилликлар давомида ўта қашшоқлик ва очлик ҳолатлари тўхтовсиз ортаётганидан ташвиш билдирди. Бугунги кунда иқлим нуқтаи назаридан “қайноқ нуқталар” ҳисобланадиган ҳудудларда 3,5 миллиард аҳоли яшамоқда. А.Гутерришнинг қайд этишича, ана шу улкан кўламдаги хавотирли ҳудудлар тез орада инсон ҳуқуқлари учун ўта серкулфат жойларга айланади.
Айни вақтда ер юзида зўравонлик, низолар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби офатлардан қочишга мажбур бўлган инсонлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб, 100 миллион кишига етди. БМТ маълумотларига қараганда, 2023 йилда бутун дунёда инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар сони 339 миллион нафарга етган. Бу рақам 2022 йилдаги кўрсаткичдан 25 фоизга кўпдир.
Бош котиб айни вақтда ер юзида зўравонлик, низолар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби офатлардан қочишга мажбур бўлган инсонлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб, 100 миллион кишига етганини маълум қилди. Шу муносабат билан у қочқинлар ва мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳеч бир “камситишларсиз” таъминлашга чақирди. Бинобарин, “бизга қочқинлар ва мигрантларга ёрдам бериш учун хавфсиз, тартибли ва қонуний чоралар ниҳоятда зарур”, деди А.Гутерриш.
Ф.Тюрк инсон ҳуқуқларига – инсониятнинг умумий тили, дея таъриф берди. Унинг фикрича, кейинги 75 йил давомида инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида бир қатор аҳамиятли натижаларга эришилди. Аммо қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва тенгсизлик каби йирик муаммолар асорати туфайли айни вақтда ана шу ютуқлар йўли тўсилиб қолмоқда ва баъзан ортга қайтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Шу муносабат билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бундан 75 йил илгари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилишга олиб келган ижобий муҳитни қайта тиклашга чақирди. Бинобарин, мазкур декларация, бир томондан, турли хил маданиятларнинг азалий донишмандлигини ўзида мужассам этган бўлса, иккинчи томондан, ўтган давр мобайнида сайёрамизда тинч ҳаётни таъминлаб келмоқда.
Юқори даражадаги сегмент мажлиси тафсилотлари
Бу мавзуда сўз юритишдан олдин, албатта, бир табиий саволга жавоб бериш тақозо этилади. Яъни, “Юқори даражадаги сегмент мажлиси” деган ибора нимани англатади ўзи?
Бу саволга мухтасар жавоб шундай:
биринчидан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясининг Юқори даражадаги сегментида давлат ва ҳукумат бошлиқлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқади;
иккинчидан, ҳар қайси давлат раҳбари нутқида иккита асосий масалага – ўз мамлакатининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибасига ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташаббус билан чиқишга эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессиясининг очилиш маросимидан кейин бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент мажлисида ҳам айни тартиб-таомилга амал қилинди.
Унда Конго, Черногория, Колумбия, президентлари, Чехия ва Яман бош вазирлари, Қозоғистон, Сербия, Таиланд, Вьетнам, Нидерландия бош вазирларининг ўринбосарлари, Хитой, Ирландия, Парагвай, Чили, Грузия, Финляндия, Малайзия, Буюк Британия, Германия, Франция, Индонезия, Норвегия ташқи ишлар вазирлари, бошқа бир қатор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт, атроф-муҳит ҳимояси масалаларига масъул вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда тўғридан-тўғри ёки видеоконференцалоқа тарзида сўзга чиққанлар халқаро ҳуқуққа ва БМТ Низомига содиқлик, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан кўп томонлама ва фаол ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш истиқболлари ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, тараққиёт, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқларнинг муҳимлиги таъкидланди.
Шу ўринда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида фаоллик ва ташаббускорлик асосида иш олиб бораётганини қайд этиш лозим. Бинобарин, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида мамлакатимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзолиги даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида энг юксак стандартларга содиқлигини намоён қилишга астойдил интилмоқда.
БМТ Ёшлар стратегияси – 2030 йилгача мўлжалланган глобал дастур
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессияси Юқори даражадаги сегменти доирасида инсон ҳуқуқларининг барча соҳаларини қамраган “Юқори даражадаги Йиллик ялпи мунозара” ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз делегацияси раҳбари, шунингдек, Словакия, Ҳиндистон, Боливия, Корея Республикаси, Гондурас давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Эфиопия, Чад, Намибия каби мамлакатлар адлия вазирлари тўғридан-тўғри ёки видеоконференцалоқа орқали сўзга чиқдилар.
Мунозараларда 2030 йилгача мўлжалланган БМТ Ёшлар стратегиясини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш олий минбарида Ўзбекистон делегацияси номидан БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияларининг қабул қилиниши борасидаги мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаганлари учун БМТга аъзо давлатларга чуқур миннатдорчилик изҳори янгради.
Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси, бир томондан, Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилувчи мамлакат, иккинчи томондан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг ёшлар мавзусини дадил илгари сураётган фаол аъзолари сифатида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари номидан баёнот билан чиқди.
Хусусан, ёшлар сиёсатининг самарадорлиги таъкидланди. Айниқса, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотлар барчамиз учун муҳим бўлган тинчлик, хавфсизлик, адолат ва барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилади.
Форум иштирокчиларининг эътибори БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон таклифига кўра қабул қилинган ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги резолюцияларига қаратилди. Шу ҳақда мухтасар сўз юритамиз.
Аввало, 2021 йил 8 октябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинганини қайд этиш ўринлидир. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, Ўзбекистон киритган Резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча, яъни 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон илгари сурган ушбу халқаро ҳужжат лойиҳасига дунёнинг 37 мамлакати ҳаммуаллифлик қилди. Бундай ҳамжиҳатлик, бир томондан, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган мазкур умуминсоний муаммо нечоғлик долзарблигини яна бир бор яққол намоён этган бўлса, иккинчи томондан, бу – Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини жаҳон жамоатчилиги кенг қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далолати ҳам бўлганди.
Резолюциянинг мақсади – пандемия шароитларида бутун дунёда ёшларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, улар дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этишдан иборат. Бу борада, шубҳасиз, навқирон авлоднинг жамики эзгу манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини, шунингдек, ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро, минтақавий ва миллий кўламлардаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш масалалари тўлиқ кўзда тутилган.
Модомики, дунё тобора глобаллашиб, жадал суръатларда ўзгариб ва мураккаблашиб бораётган XXI асрда яшаётган эканмиз, ҳозирги замоннинг ғоят муҳим бир воқелигига эътибор қаратмаслигимиз мумкин эмас. Яъни, салмоқли инсон капиталига эга бўлган ва бу сармоя таркибида ёшлар жуда катта ўрин тутадиган мамлакатлар изчил ривожланиш, инновация салоҳиятини муваффақиятли жамғариш ва ўз ютуқларини самарали тасарруф этиш борасида устувор имкониятларга эгадир.
Қолаверса, 2021 йилнинг августида Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ташкил этилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил февралида бўлиб ўтган 49-сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон вакили ушбу форумни ўтказишда кўрсатган ёрдами учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига миннатдорчилик изҳор қилди.
Ўз навбатида, ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий ташаббусларини амалга ошириш мақсадида қатор халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар, маслаҳатлашувлар ташкил қилинди. Хусусан, 2022 йил 4 октябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 51-сессиясида “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди.
Бу Резолюция ҳам 41 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ташаббусининг маҳсулидир. Унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, навқирон авлод учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ўз ифодасини топди.
Бугунги воқеликка қайтсак, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жорий сессияси Юқори даражадаги сегменти иштирокчилари эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил – “Туркий дунёда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳақида ҳам батафсил ахборот тақдим этдик.
Бундан ташқари, 2023 йилда Ўзбекистонда Туркий дунё ёшларининг илм-фан ва инновациялар халқаро конгресси ўтказилишига оид маълумот халқаро форум иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилотининг ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантиришга асосланган ёндашувни илгари суриш борасидаги халқаро сиёсатга содиқлиги жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилди. Бу йўлда истиқболда қўйилажак қадамлар туркий тилли мамлакатлар ёшларининг фаол иштирокида аниқлаштирилаётгани диққатга молик экани БМТ Кенгаши сессияси делегатлари томонидан алоҳида таъкидланди.
Халқаро ҳамжамият эътиборига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди. Юқори даражадаги сегмент мажлиси иштирокчиларига юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан батафсил ахборот берилди.
Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ўзаро манфаатли ҳаморлик алоқаларини янада кенгайтириш истагида экани эътироф этилди. Шу маънода, БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Э.Эдвардснинг жорий йилда юртимизга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, келгусида Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизм яратишга кўмаклашишга оид режаларни рўёбга чиқариш учун изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси лавозимини таъсис этиш юзасидан илгари сурилган Тошкент ташаббуси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
“Марказий Осиё – ўлим жазосидан холи минтақа”
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 52-сессияси доирасида Ўзбекистон делегацияси ўлим жазосини бекор қилиш масаласига оид юқори даражадаги тадбирда ҳам иштирок этди. Унда Марказий Осиё давлатлари ва Монголия делегациялари раҳбарлари, “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” ноҳукумат ташкилоти вакиллари билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Учрашув томонларидан бири, яъни “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” Испания ташаббуси билан 2010 йилнинг октябрида Мадридда ташкил этилган. У ўлим жазоси қўлланаётган мамлакатларда ушбу шафқатсиз жазо турининг тақиқланиши йўлида иш олиб бораётган мустақил ташкилотдир.
Тадбирда “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” президенти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Н.Пиллэй, Комиссия вице-президенти, Швейцариянинг собиқ Президенти ва Ташқи ишлар вазири Р.Дрейфус, Монголия собиқ Президенти, мазкур Комиссиянинг комиссари Ц.Элбэгдорж ва бошқалар сўзга чиқди.
Ўзаро мулоқотлар асносида Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголияни ўлим жазосидан ҳоли минтақага айлантириш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Учрашувда Ўзбекистон делегацияси раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Бу бежиз эмас. Чунки Асосий Қонунимизда ўлим жазосини тақиқлашга оид норма белгиланиши кўзда тутилмоқда ва бундай оқилона қадам, шубҳасиз, инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.
Энг муҳими, Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларининг қонунчилигидан ўлим жазосига ҳукм этишга оид нормаларни босқичма-босқич чиқариб ташлаш ташаббусини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон делегациясининг Женевага ташрифи доирасида, шунингдек, АҚШ Давлат котибининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Э.Барклай ҳамда Исландия Ташқи ишлар вазири Т.Гильфадоттир билан икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.
Юқори даражадаги сегмент доирасида Ислом мамлакатлари ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари ва мазкур халқаро ташкилот Бош котиби Х.Таха билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувлар якунида томонлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияси доирасида муҳокама қилинаётган долзарб мавзулар юзасидан ягона нуқтаи назарга эга бўлиш муҳимлигини таъкидладилар.
Хулоса қилиб айтанда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини қатъий ҳимоя қилмоқда. Чунки инсон ҳуқуқлари универсал қадрият бўлиб, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди”.
Манба: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали, 2023 йил, №1(97)
- Қўшилди: 25.03.2023
- Кўришлар: 4137
- Чоп этиш