Инсонга нисбатан қийноқ ва шафқатсиз муомала бутун дунёда халқаро шартномалар билан ҳам, миллий қонунчилик билан ҳам бирдек тақиқланган. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Конституциялари ҳар қандай шароитда ва истисноларсиз қийноқ ва шафқатсиз муомалани тақиқлайди.
Қийноқлар ва шафқатсиз муомала вақти-вақти билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлланса-да, ҳукумат ушбу ҳолатларга барҳам бериш учун мунтазам равишда чоралар кўриб келади. Бундай ҳолатларга нисбатан энг юқори даражадаги муросасизликни таъминлаш, шунингдек, самарали норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш қийноқ ҳолатларининг олдини олишда ёрдам беради.
Жорий йил 20 апрель куни Олмаота шаҳрида “Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш: халқаро ва европача стандартлар ҳамда илғор тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Европа Кенгаши томонидан “Марказий Осиёда қонун устуворлиги: 2020-2023” дастури доирасида ташкил этилди.
Халқаро конференцияда қийноқлар ва шафқатсиз муомала ҳолатларини текшириш билан боғлиқ асосий масалалар, шунингдек, ушбу муаммони ҳал қилишда турли давлат органларининг роли сарҳисоб қилинди. Бунда прокурорлар, тергов органлари, судьялар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, Миллий превентив механизмлар самарадорлигига жиддий эътибор қаратилди.
Ушбу конференцияда 10 дан ортиқ давлатдан 100 га яқин прокурор ва суд органлари, миллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, адвокатлар, халқаро ташкилотлар намояндалари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбир очилишида Қозоғистон Республикаси бош прокурори Берик Асилов, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Артур Ластаев, Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси Асламбек Мергалиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Европа Кенгашининг ҳамкорлик дастурларини мувофиқлаштириш бўйича директори Клаус Нойкирх, Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас сўзга чиқдилар.
Берик Асилов Қозоғистонда қийноқлар бўйича жиноий ишларни фақат прокурорларга тергов қилиш вазифаси юклатилганини, Истанбул протоколи тамойилларига мувофиқ қийноқларни тергов қилиш бўйича кўрсатма ва методология ишлаб чиқилганини, тергов органлари ва ахлоқ тузатиш муассасалари биноларини кузатиш камералари билан жиҳозлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. Прокуратура органлари тергов ҳаракатларини онлайн режимида, узлуксиз кузатиб бориш имкониятига эга эканига эътибор қаратди.
Артур Ластаев Қозоғистонда қийноқларнинг олдини олдини олиш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганини, айниқса, Омбудсман офиси томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш, превентив ташрифларни амалга ошириш орқали қийноқ ҳолатлари анча камайганини таъкидлади. Шу билан бирга, миллий превентив механизм тўғрисида махсус қонун ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди.
Қозоғистонлик иштирокчилар жорий йил 17 мартда имзоланган “Жиноят процессида, жазони ижро этиш, шунингдек, қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларининг олдини олиш соҳасида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга алоҳида тўхталдилар. Айни қонун қийноқларнинг олдини олиш ва маҳкумлар ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қонунга кўра, Қозоғистонда шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала учун жавобгарлик жорий этилди, бинобарин бунга қадар Қозоғистон Жиноят кодексининг 146-моддаси фақат “қийноқ” учун жавобгарликни назарда тутган, холос. Эндиликда қийноқлар учун жазо чоралари кучайтирилди, тергов жараёнида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун тергов ҳаракатларини аудио ва видео ёзиб олиш имкониятлари, маҳкумлар ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жавобгарлик назарда тутилганини таъкидлаш лозим. Бу, ўз навбатида, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси талабларига тўла мувофиқдир.
Ўзбекистонлик иштирокчилар мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасидан одил судловни таъминлаш, қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта аҳамият касб этадиган нормалар жой олганини таъкидладилар. Айниқса, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилгани халқаро экспертлар диққатини тортди.
Мулоқот асносида мамлакатамизда қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги нормаларга тааллуқли бир қатор саволлар берилди. Ушбу саволларга ўзбекистонлик иштирокчилар томонидан тўлиқ жавоб қайтарилди. Бинобарин, халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда айни йўналишда эришилган ютуқларни намуна олишга муносиб ижобий миллий тажриба сифатида юқори баҳоладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг судьяси Латиф Гусейнов қийноқ тушунчасига бўлган ёндашув ўзгариб бораётгани, бундан бир неча йил олдин қийноқ сифатида баҳоланмаган ҳаракатлар бугун айни шундай баҳоланиши сабабларини тушунтириб берди. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, барча мамлакатлар миллий қонунчилигида қийноқларнинг таърифини халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириши лозим.
Иштирокчилар томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича Қирғизистон тажрибаси ҳам ижобий баҳоланди. Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Қирғизистон Республикаси Миллий маркази директори Бакит Рисбеков ўз мамлакатида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм алоҳида давлат органи сифатида ташкил этилгани, унинг ходимлари иммунитет ҳуқуқидан фойдаланиши, Миллий марказ тавсиялари мажбурий тусга эгалиги каби муҳим омилларга тўхталди. Қирғизистонда қийноқ билан боғлиқ жиноятлар прокуратура терговидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказилиши бундай жиноятларнинг судга чиқариш фоизини камайтириб юборганига эътибор қаратилди.
Шу жиҳатдан, Молдава Республикаси собиқ Омбудсмани ва собиқ Адлия вазири ўринбосари, халқаро эксперт Анатолий Мунтяну қийноққа солиш жиноятларини тергов қилишни алоҳида орган томонидан амалга оширилиши тўғрисида билдирган фикрлари аҳамиятлидир. Зотан, бундай ёндашув манфаатлар тўқнашувининг олини олишга ёрдам беради.
Халқаро анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва суд тизими учун ягона қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш бўйича инсон ҳуқуқлари стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу борадаги тавсиялар лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.
Халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб, мамлакатимизда қийноқларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда бир қатор муҳим омилларга эътибор қаратиш лозим, деган фикрдамиз. Жумладан:
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлланадиган ҳар қандай куч ишлатиш мақсадга мутаносиб бўлиши керак;
- ҳибсга олинганларга қийноқлар қўллашга ва шафқатсиз муомалада бўлишга нисбатан санкциялар кўзда тутилиши лозим;
- бундай ноқонуний ҳолатлар юзасидан зудлик билан тергов ўтказилиши ва ҳуқуқбузарлар жазосиз қолмасилиги таъминланиши мақсадга мувофиқ;
- тергов ҳаракатлари зарур ваколатларга эга ва терговдан тўлиқ мустақил бўлган терговчилар томонидан олиб борилиши керак;
- тергов ҳаракатлари қисқа вақт ичида бошланиши ҳамда кейинги амалий чораларни тушунтириб берувчи мажбурий йўриқнома ва бошқа кўрсатмалар ишлаб чиқилиши керак;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мунтазам равишда қийноққа солиш ва шафқатсиз муомала турлари тақиқланиши тўғрисида огоҳлантирилишлари ҳамда бошланғич ва узлуксиз касбий тайёргарлик давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормалари бўйича ўқитилишлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомала турлари дунёнинг исталган мамлакатида учраши мумкин ва бундай ачинарли ҳолат одатда айрим шахсларнинг ўз шахсий қарашлари ҳамда бевосита вазифларини профессионал даражада амалга оширмаганлиги оқибатида юз беради. Бинобарин, қийноқ ва бошқа ҳар қандай шафқатсиз муомалага нисбатан давлат ҳокимяти ҳар доим тоқатсиз муносабатда бўлиши ва тегишли қатъий чоралар билан бундай салбий ҳолатлар юз беришининг олдини олиши ҳамда айбдорларни жазолаши шарт.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
- Қўшилди: 28.04.2023
- Кўришлар: 4584
- Чоп этиш